11 February 2012
21:53 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Зўравонларга ҳурмат кўрсатмаган талабалар ётоқхона ва университетдан ҳайдалмоқда
Ўзбекистон Миллий Университети журналистика факультети талабалари хабар беришича, 2012 йил 6 февраль куни дорилфунун маданият саройида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирокида ўтказилган маърифий тадбирда қатнашмаган факультет талабаларига 72 соат ичида талабалар ётоқхонасини тарк этиш шарти қўйилган. Бу ҳақида интернетдаги оммабоп форумлардан бирида факультетнинг собиқ талабалари айни пайтдаги 1-курс талабаларига асосланиб хабар қолдиришган.

Уларнинг айтишича, ўша куни кечки пайт ётоқхонага келган факультет рахбарияти ётоқхонадан чиқиш талабини қўйиш билан бирга тадбирда қатнашмаган талабалардан ўз ихтиёри билан талабалик сафидан чиқариш тўғрисида ариза ёздириб олишган. Ҳаттоки, сал ботирроқ талабалардан бири аризада уни мажбурий тарзда ёздиришаётганини қайд қилган. Аммо, уни ҳам аризани бошқадан ёзишга мажбурлашган. Ҳозирда камида 6 нафар талабанинг аллақачон ётоқхонадан хайдалгани ҳақида айтилмоқда ва улардан 5 нафарининг исми-шарифи аниқланди.

Азамат Жўраев (Қашқадарё вилояти),
Мирзо Улуғбек Мадалимов (Андижон вилояти),
Ғолиб Абдужабборов (Қашқадарё вилояти),
Комилжон Ниёзов (Қашқадарё вилояти)
Санжар Исматов (Қашқадарё вилояти)

Мазкур воқеалар муносабати билан 2012 йил 11 февраль куни факультетда ота-оналар мажлиси белгиланган ва талабаларга ота-онаси ҳатто хорижий давлатларда бўлса ҳам етиб келиши шартлигини уқтиришган. Ҳозирча мажлис тафсилотлари аниқ эмас.

Аммо, форумда қатнашаётган Миллий Университетнинг матбуот котиби, факультет декани ўринбосари, доцент Тўлқин Эшбеков ушбу хабарларни иғво ва бўҳтон сифатида баҳолаган. Факультетнинг собиқ талабаларини эса туз еган жойига тупурганликда айбламоқда.

Собиқ талабалар ўз ўрнида бу ҳақида хабар етказган факультет талабаларининг исми-шарифини уларга нисбатан таъсир ўтказилиши мумкинлиги важидан эълон қилишмаяпти. Улар талабаларни оқлаб бўлмаслигини таъкидалган ҳолда, уларга нисбатан чора кўришда бу даражага бориш шартмас эди деган фикрдалар. Чунки, қишнинг совуқ кунларида ижарага квартира топиш (бу учун яхшигина маблағ ҳам сарфланади!) талабаларнинг ўқиш суръатларига жиддий тарзда салбий таъсир ўтказади.

Афсуски, талабалар – бўлажак журналистларнинг ўзларида ҳам ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қодир даражада журъат топилмаяпти. Бир ҳисобдан мажбурий тарзда ариза ёздириб олинган талабадан сўз эркинлиги нарида турсин, оддийгина ўзини ҳимоя қила олишни талаб этиш ҳам мантиқсизликдан бошқа нарса эмас!

Яқиндагина “Ёшлар” телерадиоканали орқали намойиш этилган республикамиз омавий ахборот воситалари фаолиятига бағишланган танқидий кўрсатувда факультетдаги муҳит ҳақида ҳам асосли танқидлар айтиб ўтилган эди. Афсуски, юқоридаги воқеалар факультет раҳбарияти ушбу кўрсатувдан етарли хулоса чиқариб олмаганини кўрсатмоқда, холос.

Сиз Оммавий ахборот воситалари ходимларидан мазкур масалада бўлажак журналист талабаларни ёлғизлатиб қўймаслигингизни илтимос қиламиз.

Ҳурмат билан
Азик

"Ҳаракат" таҳририятидан: Бу мактубдаги фактлар қанчалик ҳақиқат эканлиги ҳақида ҳеч қандай бошқа маълумотга эга эмасмиз. Аммо, уларни ўрганишга ҳаракат қиламиз.