04 February 2012
21:07 - Коммунистча йиллик йиғилишлар ўтказиш ва улар ҳақида коммунистча хабарлар тарқатиш Самарқанд ва Жиззахдан бошланди

ЎзА кеча кечқурун тарқатган хабарларда айтилишича, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 2011 йилнинг натижаларига бағишлаган Совет замонининг анъаналари руҳидаги фаоллар йиғилиши ўтказилибди. Совет замонида уларни “партия-хўжалик фаоллари йиғилиши” дейишарди, энди оддийгина қилиб, “фаоллар йиғилиши” дейишади.

Расмий хабардаги сўзларга қаранг: “Йиғилиш вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва ҳамда 2012 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари муҳокамасига бағишланди”. “Барқарор ривожланишнинг энг муҳим устувор вазифалари” эмиш. Бунақа баланд-парвозчилик Хитой ва Шимолий Кореяда ҳам қолмаган бўлса керак.

 

Бечора ўзбек журналистлари нима аҳолга солинмоқда? Наҳотки, уларнинг ичида бундай ибтидоийликка қарши исён қиладиган битта одам топилмаса? Ўзи одам борми уларнинг ичида?

 

Бошқа вилоятларда каби, Самарқанд ва Жиззахда ҳам ишсизлик даражаси ҳалокат ёқасига келиб, аҳолининг меҳнат ёшидаги қисмининг кўпчилиги чет элларда мардикорчилик қилар экан, “фаоллар барқарор ривожланишнинг энг муҳим устувор вазифаларини” муҳокама қилишибди. Табиий, миллионлаб ўзбеклар чет элларда мардикорлик қилиб, Ўзбекистондаги оилаларини боқишаётгани билан бу “фаоллар”нинг иши ҳам йўқ.

 

Мамлакат масхарабозлик саҳнасига, миллат масхарабозларга айлантирилди.