03 February 2012
00:12 - Тожик экстремистлари Афғонистонга қочмоқда, ўзбеклар-чи?
Қирғизларнинг ҚирТАГ агентлиги БМТнинг қочқинлар бўйича комиссарлигига таяниб билдиришича, сўнгги ойларда Марказий Осиё мамлакатларидан Афғонистонга қочиб келган 100 дан ортиқ киши сиёсий бошпана олиш учан афғон ҳукуматига мурожат қилган. Уларнинг асосий қисми тожиклар эмиш. 2011 йилнинг бошидан бошлаб афғон ҳукумати турли мамлакатлардан келган 300 кишининг мурожатини кўриб чиққан ва уларнинг кўпчилигига рад жавоби берган.

Шу даврнинг ичида 20 минг афғон бошқа давлатлардан сиёсий бошпана олиш учун қочган пайтда, Афғонистонга бошқа мамлкатлардан қочоқлар келаётгани тушуниб бўлмайдиган воқеадек кўринади.

Масаланинг шу тарафига ҳам афғонларнинг ўзи очиқлик киритишди. Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз мамлакатига қочқин сифатида келаётганларнинг асосий қисми Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Лашкар-ул-Ислом ва шунга ўхшаш экстремистик ва террористик ташкилотларнинг аъзолари эканлигидан безовта экан. Табиий, улар Афғонистонга тинчгина яшаш учун келишаётгани йўқ. Улар дарҳол ёки биринчи имкон бўлиши билан афғон ҳукуматига қарши урушаётган гуруҳларга қўшилишади.

ҚирТАГнинг бу хабари ўзига яраша қизиқ, аммо бу хабар Ўзбекистон режимининг қўғирчоқ нашрларидан бири бўлмиш 12.uz сайтида ҳам эълон қилингани ундан ҳам қизиқ.

Ўзбекистондаги хабарчиликнинг аҳволини билганлар бу сайтнинг бошқарувчилари ўз ташаббуслари билан ҚазТАГнинг хабарини тарқатганларига ишонмайди. Маълумки, Ўзбекистон-Тожикистон президентларининг мунасабатлари уруш даражасига етиб қолган. Шу сабабли икки мамлакатнинг матбуоти ҳам совуқ уруш ичида. Шундай экан, нима учун 12.uz сайти тожиклар ичидан террористлар чиқаётганини эслатиб, қўшнимизга тош отиб олмасин?

Ҳа, мақсад бировга тош отиб олиш. Акс ҳолда, ўзбекдан чиқаётган экстремист ва террористлар қаерга қочаяпти, деган савол қўйилган бўларди.