01 February 2012
23:07 - Озорбайжонли депутатлар бўлинган миллатни бирлаштирш йўлида мамлакат номини ўзгартиришни таклиф қилишди, ўзбекларни ҳам ўйлантириб қўядиган воқеа
Расмий хабарларда айтилишича, бугун баҳор сессиясини бошлаган Озорбайжон парламенти – Миллий Мажлисда депутат Гудрат Гасангулиев мамлакат номини Шимолий Озорбайжон Республикаси деб ўзгартиришни таклиф қилди. Бир қатор депутатлар унинг таклифини қўллаб-қувватлашган. Аммо, бу ерда нима қарорга келингани хабарларда айтилмаган.

Табиий, бундай қарор дарҳол қабул қилиниши мумкин ҳам эмас, аммо бундан кейин қандай қадамлар қилинишга келишилган? Бу ҳам маълум эмас.

Гудрат Гасангулиев ўз таклифини бир маҳаллар озорийлар яшайдиган ҳудудлар Россия ва Эрон тарафидан бўлингани, озорийларга оид тарихий ҳудудларнинг 2/3 қисми Эронда қолганни эслатиш билан тушунтиришга ҳаракат қилганидан кўриниб турибдики, унинг мақсади – келажакада озорийларни бир давлатга бирлаштириш. Ҳокимиятдаги “Янги Озорбайжон” партияси ижрочи котибининг ўринбосари Сиявуш Новрўзов бу таклифни қўллаб-қувватлаб, парчаланган Озорбайжон дунёда ягона эмаслигини, Корея ва Қибрис мислоллари борлигини эслатган.

Айтиш керакки, Гудрат Гасангулиев Озорбайжон Халқ Фронти Партиясидан ажралиб чиққан қўғирчоқ Озорбайжон Бирлашган Халқ Фронти Партиясининг парламентдаги дупутати. Айнан ҳукуматнинг қўғирчоқ депутати бундай таклиф билан чиқиши ва ҳукумат партиясининг депутати томонидан қўллаб-қувватланиши кўрсатмоқдаки, аслида, бу масалани Илҳом Алиевнинг ўзи кўтармоқда. Унинг асл мақсади – мамлакат ҳудудининг 20 фоизи арманилар тарафидан босиб олинган бир пайтда, ўзи ҳеч нарса қилолмаётгани эътибордан четда қолдириб, халқни "буюк" масалалар билан чалғитишдир.

Нима бўлганда ҳам, Озорбайжон парламентида кўтарилган мавзу тарихий номи Туркистон бўлган Марказий Осиё халқларини ҳам ўйлантириб қўйиши керак. Бу ҳудудлардаги мамлакатларнинг чегаралари мутлақо сунъий бўлиб, бир маҳаллар руслар тарафидан атайлаб шундай чизилган. Қирғизистонда ўзбекларнинг қирғини қилиниши – шу сунъийликнинг ҳам натижасидир. Демак, бу каби масалалар устида туркистонликлар ҳам ўйлашлари, биринчи навбатда, бирлашиш йўллари устида ишлари керак.