31 January 2012
03:16 - Давлат Котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк Марказий Осиё ва Кавказ Институти тадқиқотчиларига лекция ўқиди
Кеча сайтимиз адресига АҚШ Давлат Департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё билан боғлиқ хабарларининг навбатдаги дайжести келиб тушди. Ундаги ягона хабар – АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейкнинг Вашинтонда жойлашган Жон Ҳопкинс Университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ Институти ўтказган Форумда шу йил 25 январь куни қилган докладининг матнидир. Докладнинг номи – “Жанубий ва Марказий Осиё: АҚШнинг Марказий Осиё сиёсати”.

Жаноб Блейкнинг нутқига ўтишдан олдин Жон Ҳопкинс Университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ Институти ҳақида бир неча оғиз сўз.

Бу Институт бизнинг тушунчалар бўйича каттагина кафедрадир, холос. Унинг раҳбари профессор Фредерик Старр демократия тушунчаларидан узоқ бўлган, ҳар қандай диктатор олдида тиз чўкишни яхши кўрадиган одам, у Ўзбекистон диктатори Ислом Каримни қандай севиши, ҳар борганда Ислом Карим билан учрашиб, унинг қимматбаҳо совғаларини ирганмасдан олиши – АҚШдек демократик давлат нуқтаи назаридан умуман тушуниб бўлмайдиган нарса. Бу кафедра жойлашган бино Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига қўшни бўлгани учун, профессор Старр бу ерга ҳам тез-тез кириб турса ва қадрли меҳмондек кутилса керак.

Абдураҳим Пўлат АҚШга келгандан кейин, бу кафдерда ўтказиладиган ҳамма илмий анжуманларга таклиф қилинар ва қатнашар эди. Аммо, у АҚШнинг кўпроқ “Хельсинки Комиссияси” номи билан танилган “Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Комиссияси”даги чиқишларидан бирида Фредерик Старр раҳбарлигидаги муассаса Ўзбекистон режимини оқлаш учун масхарабозлик даражасига етиб борадиган ишлар билан шуғулланишини гапиргандан кейин, уни бу муассасага таклиф қилишни тўхтатганлар. Бундан мазкур муассаса бирон нарса йўқотгандирку, аммо Абдураҳим Пўлат ҳеч нарса йўқотгани йўқ.

Демак, Абдураҳим Пўлатнинг 25 январдаги йиғилишга таклиф қилинмагани ҳам табиийдир. Аммо, бундай тадбирнинг Вашингтоннинг биқинида яшаётган Марказий Осиёдаги энг кучли мухолифат партиясининг лидерисиз ўтказилиши ножиддийликдан бошқа нарса эмас.

Жаноб Блейк ҳам бу муассасани яхши билани учун бўлса керак, унинг ходимлари ва тадқиқотчиларига АҚШни Марказий Осиёда нималар қизиқтириши, Марказий Осиё давлатларининг Афғонистондаги террорга қарши урушни олиб боришдаги ва Афғонистоннинг қайта тикланишидаги роли ҳақида қисқа ва умумий шаклда лекция ўқиган. Марказий Осиё диктаторларидан совға олишдан бошқа нарсани билмайдиган Фредерик Старр ва унинг одамлари учун бу лекция муҳим дарс бўлган бўлиши мумкин. Сайтимиз ўқувчилари учун бу лекцияда ҳеч қандай янгилик йўқ.