29 January 2012
06:31 - Навоий тоғ кон металлургия комбинати ўз директорининг ҳибсга олинганини рад этди
Бу комбинатнинг Бош директори, сенатор Қувондиқ Санақуловнинг коррупциявий жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинганини биринчи бўлиб бизнинг агентлик 26 январь куни тарқатганди. Шундан кейин бу хабар ҳатто Россия ахборот воситалари томонидан ҳам эълон қилинди.

Ўзбекистон сенатори ҳақидаги бундай хабар авваломбор давлатнинг ахборот воситаларини, биринчи навбатда, Сенат расмийларини қизиқтириши керак эди.

Аммо, улар жим турар экан, ҳукуматнинг қўғирчоқ сайтлари Навоий ТКМКнинг Матбуот хизматига асосланиб, кеча кечқурун бу хабарни рад этдилар. Комбинатнинг Матбуот хизмати Қувондиқ Санақулов Бош директорлик ва сенаторлик вазифаларини бажаришни давом эттираётганини билдирибди.

Бу раддияга ишонч кам, аммо воқеалар ривожини кузатиб боришни биз ҳам давом эттирамиз, дейди мухбиримиз. Ўзбекистон сенаторининг қамалишидек жиддий хабар икки кундан кейин рад этилишининг ўзи ҳам мамлакатимиздаги аҳволнинг ночорлигини кўрсатиб турибди.