25 January 2012
14:52 - Барак Обама Конгресс олдидаги йиллик чиқиши билан сайловолди кампанияси бошлади
Кеча АҚШ Президенти Барака Обама Конгресс палаталарининг қўшма мажлисида америкалик президентлар учун анъанавий йиллик баёнот билан чиқиш қилди. Ҳеч шубҳасиз, у шу баҳонада бу йил бўладиган президент сайловида демократларнинг ҳали эълон қилинмаган номзоди сифатида сайловолди кампаниясини бошлаб олди.

У ўзининг тахминан бир соатлик нутқида 32 марта “солиқ” сўзини, 34 марта “иш ери” сўзини ишлатди, дейилади Reuters агантлигининг хабарида. Шундан ҳам кўриниб турибдики, у иқтисодий кризис йиллари кўпайиб кетган ишсизликни камайтириш, молиявий муаммларни ечишда солиқ ситемасидан тўғри фойдаланиш масалаларига эътиборни кучайтирмоқчи.

Барака Обама йиллик даромади 1 млн доллардан кўп бўлганлардан камида 30 фоиз солиқ олиш масаласини кун тартибига олиб келмоқчи. Унинг бу ҳақдаги сўзлари демократлар тарафидан қарсаклар билан кутиб олинар экан, биринчи навбатда бойларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган, айнан бойлар иқтисоднинг моторидир деб ҳисоблайдиган республикачилар жим қолишди. Демак, партиялараро жанг кучаяди.

У Ироқдаги урушнинг битиши ва Афғонистонда қўшинларни олиб чиқиш бошланишидан олинадиган фойданинг ярмисини давлат бюджетидаги дефицитни қоплашга, қолган қисмини янги иш ерлари яратиш мақсадида, биринчи навбатда, авто ва темир йўлларни тузатиш соҳасига ишлатишни таклиф қилди.

Табиий, унинг нутқида, Россия ва Хитой билан алоқалардан тортиб, мактаб болалари ичида ўқишни ташлаб кетувчиларнинг сонини камайтириш учун нималар қилиш керклигигача бўлган кенг муаммолар спектри тилга олинган.

Унинг кечаги Конгресс олдидаги нутқи оддий одамлар томонидан қандай қабул қилиниши муҳим. Бугундан бошлаб жамият фикрини ўрганувчи ташкилотлар шу масалани ўрганишга бошлашади. Обама ўзининг сайловолди кампаниясининг йўналишларини айнан шу ўрганишлар натижаларига қараб тузатади.