24 January 2012
06:16 - Мисрнинг янги парламенти иш бошлади, сайловни ютган партия раҳбари спикер бўлди
Кеча Миср парламентининг қуйи палатаси бўлмиш Халқ Ассамблеяси ўзи ишини бошлади. Табиий, биринчи бўлиб, унинг спикери сайланди.

"Аль-Аҳром" агентлигининг билдиришича, сайловларда ғолиб чиққан Мусулмон-қардошлар ҳаракатининг сиёсий қаноти - “Эркинлик ва Адолат” партиясининг Бош Котиби Муҳаммад Саад Эл-Кататний Халқ Ассамблеясининг раислигига сайланди. Мажлисда қатнашган 503 депутатнинг 399 нафари унга овоз берган.

Бир ойдан ортиқ давом этган 3 босқичли сайлов натижаларига кўра, “Эркинлик ва Адолат” партиясининг Халқ Ассаблеясида 235 ўрни бор, бу умумий ўринларнинг 46 фоизидир. Радикал диний партия - “Ал-Нур” партияси 124 ўринга эга, 24 фоиз. “Янги Вафд” партияси 38 ўринга (7 фоиз) эга, қолган ўринлар иккита кичкина дунёвий партияга теккан.

Миср парламентининг юқори палатаси – Шўро февраль ойида сайланади.

Парламентнинг қуйи палатаси ўз ишини бошласа-да, Мисрда ҳокимият Олий Ҳарбий Советнинг қўлида қолади. Муддати ҳали белгиланмаган референдумда унинг тақдири маълум бўлади.

Ҳозир Мисрда икки ҳокимиятлик юзага келди, дейиш мумкин.