Бу хабарда бугун дунёда бўлган 4 воқеани тилга олмоқчимиз. Уларда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Аммо, улардан биронтасининг ҳаёлига бугун ўлиши мумкинлиги мутлақо келмаган.
1. Рус агентликларининг хабарига кўра, бугун эрталаб соат 07.45 да Оренбург вилоятида иккита “Лада” маркали автомобилнинг тўқнашуви натижасида 5 киши ҳалок бўлди, тирик қолган 3 киши касалхонага ётқизилди.
Эрталаб бу саккиш киши бугунги дам олиш кунини яхши ўтказиш учун қандай чиройли режалар билан кўчага чиқишган экан? Натижа эса...
2. Жаҳон оммавий ахборот воситалари бугун Италия қирғоқларига яқин жойда, сони 4 минг атрофида бўлган саёҳатчилар билан кезаётган океан круиз кемаси саёз жойда ерга урилиши натижасида камида 10 киши ҳалок бўлган.
Гўзал саёҳатга гўзал ниятлар билан чиққан одамлар шундай бўлишини ҳаёлларига келтиришганми? Табиий, йўқ, аммо, натижага қаранг...
3. Суриялик ҳуқуқ ҳимоячиларининг билдиришича, бугун мавжуд ҳокимиятга қарши тинч митингга чиққан фуқаролардан 12 киши хавфсизлик хизмати ходимлари тарафидан ўлдирилган. Бир неча ойдан бери давом этаётган ҳукумат-мухолифат қарама-қаршилигида ўлганларнинг сони 4 мингдан ортгани айтилмоқда.
Бугун тинч митингга чиққанлар ўлимга кетаётганларини билардиларми? Албатта, йўқ, аммо кетдилар...
4. Яманнинг жанубида шиалар билан суннийлар ўртасидаги тўқнашувлар натижасида камида 20 киши ҳалок бўлган. Тўқнашувлар давом этмоқда, демак қурбонларнинг сони ортади.
Бу тўқнашувга чиққанлар битта диннинг икки қанотига мансуб фанатиклардан иборат бўлгани сабабли, уларнинг баъзилар ўзларининг тушунчалари бўйича жиҳод қилаётганларини тахмин қилиш мумкин. Аммо, шундай бўлса ҳам, бугун эрталаб улар уйидагилари билан хайрлашиб, ўлимга чиқиб кетганларини тахмин қилолмаймиз. Улардан биронтаси бугун ўлишини ўйлаганмикан? Жавоб “йўқ” бўлса керак. Аммо, натижа...
Биринчи икки воқеада ҳалок бўлганлар техник прогресс қурбонлари эканлиги аниқ, аммо, минг афсуски, Сурия ва Яманда ҳалок бўлганларни ҳам маълум маънода техник прогресснинг қурбонлари деб ҳисоблаш мумкин. Чунки, замонавий тезкор ахборот воситалари бўлмаса эди, бундай воқеалар оммавий тус олмаган, замонавий қуроллар бўлмаса эди, одам ўлдириш бунчалик осон ишга айланмаган бўларди.
Бу дунё шунақами ўзи?