14 January 2012
08:32 - Шимолий Қибрис Турк Жумҳуриятининг биринчи президенти Рауф Денктош оламдан ўтди (Тўлатилган вариант)
Рауф Денктош 1924 йилда Қибрисда туғилган. Мактабнинг бошланғич ва ўрта синфларини Истанбулда ўқиб, лицейни Қибрисда битиргач, Буюкбританияда олий маълумот олган. Мутахассислиги – ҳуқуқчи, ўз соҳасида 1948 йили иш бошлаган.

Маълумки, Қибрис аввал Усмонли Императорлиги таркибида бўлган, 1878 йили Британия Империяси тарафидан босиб олинган. 1960 йили мустақиллигини эълон қилган.

Қибриснинг мустақиллиги учун курашда Рауф Денктош катта роль ўйнаган, Қибрис туркларини уюштириш учун кўп иш қилган. У 1948 йили туркларнинг биринчи митинги ташкилотчиларидан бири бўлди, 1958 йили икки сафдоши билан биргаликда туркларнинг биринчи сиёсий ташкилотини қурди.

Қибрис мустақил бўлгач, юнонлар билан турклар орасида доимо бор бўлган муаммолар янада оловланди. 1974 йили оролга Юнонистон ўз армясини киритди, Туркия ҳам шундай қадам билан жавоб берди ва Қибриснинг шимолида Шимолий Қибрис Турк Жумҳурияти тузилди. Бу жумҳуриятнинг мустқиллигини Туркиядан ташқари Абхазия ва Озорбайжон таркибидаги Нахичиван Мухториятигина тан олган.

1976 йили ўтказилган илк сайловда ғалаба қозонган Рауф Денктош Шимолий Қибрис Турк Жумҳуриятининг биринчи президенти бўлди, 2005 йилгача яна бир неча марта шу лавозимга сайланди.

Сўнгги йилларда миясига қон қуйилишидан кейин тўла тузалмаган Рауф Денктош бир неча марта амалиёт қилинди. У шу йил 8 январда ўз мамлакатидаги Яқиншарқ Университетининг касалхонасига ётқизилган эди, кеч кечқурун ўша ерда оламдан ўтди.

Мен Рауф Денктош билан у президентлик чоғида бир неча марта турли йиғилишларда учрашганман, узоқ-узоқ суҳбатлашганман, дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. У Турк дунёснинг тақдири билан жуда қизиқарди, ҳамма Турк давлатларининг бир-бирига яқинлашишини, қайсидир маънода бирлашишини истарди. Менинг шахсий ҳаётим билан ҳам қизиққан. Туркия раҳбарлари Ўзбекистон режимининг ғазабини қўзғотмаслик учун менга расмий яшаш ҳуқуқи бермасдан, норасмий шаклда яшашим учун ҳамма шароитларни яратиб беришган бўлса ҳам, расмий мақомим йўқлигидан келиб чиқадиган ноқулайликлардан шикоят қилгандек бўлганимда, у дарҳол атрофидаги одамларига менга ва оиламга Шимолий Қибрис Турк Жумҳурияти фуқароси бериш масаласини ҳал этишни топширди. Табиий, мен кўп ташаккурлар айтиб, бундай таклифни қабул қилолмаслигимни билдирдим. Кейин билсам, у барибир бу йўналишдаги расмий ишларни бошлатиб юборган экан.

Турк дунёсининг буюк фарзандларидан бирининг оламдан ўтиши ҳаммамизни қайғуга солади. Оллоҳ уни раҳмат айласин, жони жаннатда бўлсин.