13 January 2012
06:30 - Озорбайжон мухолифатида навбатдаги бефойда коалиция ва Ўзбекистоннинг тажрибаси
Бу мамлакатда кўпроқ мухолифатнинг позициясини ёритувчи Contact агентлиги сайтининг хабарига кўра, кеча Классик Озорбайжон Халқ Фронти Партиясининг (КОХФП) қароргоҳида бу партиянинг ўзи, унга ўхшаш 4 та майда партия ҳамда 10 та ноҳукумат ташкилоти ва Интернет порталлари иштирокида “Демократик жамият учун” ҳаракати тузилган.

КОХФП лидери Мирмаҳмуд Миралиўғлининг айтишича, янги ҳаракатнинг мақсади мамлакатда демократик сайловлар ўтказиш учун шароит яратиш бўлиб, мухолифат кучларнинг яна ҳам кенгроқ коалициясини тузиш кейинги қадам бўлади.

Маълумки, КОХФП - Озорбайжон Халқ Фронти Партиясининг лидери, собиқ президент Абулфайз Элчибейнинг ўлимидан кейин, бу партиядан ажралиш натижасида пайдо бўлган ташкилотдир. КОХФПнинг фикрича, Озорбайжон Халқ Фронти Партияси тузилишдаги ғоялардан чекинган, шу сабабли ажралиш юз берган.

Озорбайжонда бир-биридан фарқини лидерлари ҳам тушунтириб беролмайдиган 50 тача демократик партия бор. Уларнинг баъзилари турли коалициялар тузадилар ва қисқа вақт ўтмасдан яна тарқаб кетаверадилар. Шу сабабли, мухолифат мавжуд диктатурага қарши 20 йилдан бери ҳеч нарса қилолмаяпти.

Айнан Озорбайжоннинг тажрибасидан келиб чиққан “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат бирон жойга раис бўлиш амбициясидан бошқа нарсаси бўлмаган лидерчалар бошчилигидаги турли ташкилотчиларни мавжуд шароитда бирлаштириш мумкин эмаслигини урғулаб, бундай лидерчаларни шок терапияси усуллари билан сиёсий майдондан йўқ қилиш ва ҳаммани ҳозирда Ўзбекистон ичида энг кучли мавқега бўлган “Бирлик”да бирлаштириш ғоясини олға сурмоқда.

Бу йўналишдаги жараёнлар жуда қийинчлик билан, аммо муваффақиятли давом этмоқда. Ҳеч шубҳа йўқки, мақсади бирлашмаслик бўлган лидерчаларни йўқ қилмасдан туриб, коалициялар тузиш ўйинларининг келажаги йўқдир. Ўзбекистон ва Озорбайжон мухолифатининг 20 йиллик тажрибаси буни исботлаб бўлди.