14 June 2007
03:00 -
21:30 - Ўзбекистон мулкини сотишдаги тендерда яна россияликлар ғолиб - Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги битим расман кучга кирди, аммо... - “Адолат” газетасига муҳаррир тайинланди 20:00 - Феликс Кулов сиёсий ўлим йўлини
21:30 - Ўзбекистон мулкини сотишдаги тендерда яна россияликлар ғолиб

Бугун ўрис оммавий ахборот воситалари “Азовмаш” акциядорлик заводининг Ўзбекистонда ёқилғи қуйиш шахобчаларини технологиялар билан таъминлаш бўйича ўтказилган тендерда ғолиб бўлгани ҳақида айтишмоқда. Россияда жойлашган мазкур завод эндиликда кузов ҳажмлари 22 куб. метр (АТЗ-22) ҳамда кузов ҳажми 6,5 куб. метр (2 АТЗ-6,5) бўлган автоёқилғи қуйгичларни етказиб беради. Маълумотларда айтилишича, мазкур технология Россия Конструктор-технологик институтининг махсус конструкторлик бўлимлари томонидан яратилади, дейди мухбиримиз.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги битим расман кучга кирди, аммо...

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикалари ҳукуматлари ўртасида имзоланган фуқароларнинг ўзаро борди-келдилари ҳақидаги Битим кучга кирди. Бу ҳужжат шартларига кўра, иккала мамлакат фуқаролари икки ой давомида қўшни мамлакат ҳудудида визасиз юра олиши мумкин. Аммо қўшни мамлакатлар чегараси, божхона масканларига бу хабар етиб боргани йўқ шекилли, фуқаролар ҳали ҳам сарсон-саргардон, дейди мухбиримиз. Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари ўтган йили ҳатто виза тартибини бекор қилишга ҳам келишишган, бироқ Ўзбекистон тарафининг номақбул талаблари туфайли тартиб амалда жорий этилмай қолди.

“Адолат” газетасига муҳаррир тайинланди

Бундан бир муддат муқаддам Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси муассислигидаги “Адолат” газетаси Бош муҳаррири Бахтиёр Абдусатторов Ўзбекистон Президентининг ташкилий кадрлар сиёсати ва ташкилий ишлар бўйича Давлат масалаҳатчиси Р. Шамсиевга етакчи консультант қилиб олинганди. Куни кеча “Адолат” газетаси таҳририятига Камол Оллоёров Бош муҳаррир этиб тайинланди.

Шунга эътибор бериш керакки, кадрлар масаласидек жиддий иш масаласида мамлакат даражасидаги маъсул лавозимга тайин этилган Бахтиёр Абдусатторов “Адолат”нинг ўқувчилар орасидаги обрўсига зарар етказиб, газета тиражини бир минг донадан ҳам тушириб юборганди.

20:00 - Феликс Кулов сиёсий ўлим йўлини танлади: Россияга қўшилиш учун референдум

2 йил аввал лола инқилобидан кейин ҳозирги Қрғизистон президенти Қурмонбек Бақиев билан ҳамкорлик қилиб, бу кунда яна мухолифатга ўтган Феликс Кулов сиёсий ўлим йўлини танлаганга ўхшайди. У бошчилик қилаётган “Қирғизистоннинг келажаги” номли Бирлашган Фронт Россия билан конфедерация қуриш масаласида умумхалқ референдум ўтказиш учун Ташаббус гуруҳи тузди. Бугун бу Ташаббус гуруҳи Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиш учун керакли ҳужжатларни тақдим этган. Эслатиб ўтиш керакки, “Қирғизистоннинг келажаги” Бирлашган Фронтининг асосини Феликс Куловнинг “Ор-номус” партияси ташкил қилади.

Бундай хабарларга бугун русларнинг ҳам биринчи очиқ реакцияси эълон қилинди. Россия ва Белорусия Иттифоқ Давлати Давлат Котибининг матбуот котиби Иван Макушок “Қирғизистон агарда Россия-Белорусия Иттифоқ Давлатига қўшилишни истаса, буни қилиш мумкин, чунки Иттифоқ Давлатининг асосий ҳужжатларининг бунга қаршилик қиладиган жойи йўқ”, деди. Яъни Россия бу масалада Феликс Куловга маълум маънода дастак берганлигини гапириш мумкин.

Аммо, қирғиз халқи, агар референдум ўтказилса ҳам, янгидан руслар қўлига ўтиш учун овоз беришларига ишониш қийин. Бу эса Феликс Куловнинг сиёсий ҳаётига сўнгги нуқта қўйиши муқаррар.