11 June 2007
03:00 -
21:00 - Баҳрайн ва Ўзбекистон дипломатлари ўртасида ҳамкорликка доир протокол имзоланди - Каримов ва Бердимухамедов нефтгаз истиқболларини муҳокама қилди - “Немис тўлқини” мухбирлари Амнистияга илинтирилди - "Эрк
21:00 - Баҳрайн ва Ўзбекистон дипломатлари ўртасида ҳамкорликка доир протокол имзоланди

Баҳрайн Подшоҳлигининг Ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Шайх Холид бин Аҳмад бин Муҳаммад Ал-Халифа ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов иккала мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка доир Протоколни имзолашди. Мазкур ҳужжат мазмунига кўра, икки мамлакат расмийлари эндиликда турли соҳаларга доир ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўяди. Бу йўналишлар сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий алоқалар бўлиб, ҳозиргача бу борада муносабатлар йўқ эди.

Каримов ва Бердимухамедов нефтгаз истиқболларини муҳокама қилди

Бугун Санкт-Петербургдаги норасмий саммит баҳонасида кўришган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Қурбонгули Бердимухамедов нефт ва газ истиқболларига доир масалаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Туркманистон оммавий ахборот воситалари хабар қилмоқда. Учрашув чоғида иккала мамлакатдаги газ қазиб олиш ва уни Шимолга экспорт қилиш масаласининг долзарблигини урғулаган Ислом Каримов бу борада популистик, айни пайтда Россиянинг манфаатларини кўзловчи ташаббус билан чиққан. Яъни, Марказий Осиё мамлакатларидан транспортировка қилинадиган зангори олов технологиясини модернизациялаш, унинг қувватини оширишга доир таклифлар киритган.

“Немис тўлқини” мухбирлари Амнистияга илинтирилди

Бугун Ўзбекистондаги баъзи нодавлат ахборот воситалари “Немис” тўлқини радиосининг маҳаллий мухбирлари Юрий Черногаев, Сайёра Рўзиқулова, Обид Шабанов ҳамда Солиҳ Яҳёевларга нисбатан ЖКнинг 184-моддаси (Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш) билан қўзғатилган жиноят иши Амнистия актигша кўра ҳаракатдан тўхтатилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 30 ноябрдаги Амнистия актига кўра, уларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ижитимоий аҳамиятини йўқотганлиги боис тугатилган. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий қарорига ўхшайди.

“Немис тўлқини”нинг яна бир мухбири Наталья Бушуевага нисбатан эса республика миқёсида қидирув эълон қилиниб, унга нисбатан тергов ҳаракатлари ЖКнинг 184- ва 190-моддаларига кўра олиб борилиши белгиланган. Эслатиб ўтамиз, Бушуева ҳозирда БМТнинг қочқинлар комиссариятида қочоқ сифатида рўйхатга олинган ва Швеция Қироллигининг бошпанаси билан шу мамлакатда яшамоқда.

"Эрк" фаоли" Ўткир Ҳошимхонов вафот этди

Кечикиб олинган хабарга кўра, таниқли мухолифатчи, “Эрк” партияси фаоли Ўткир Ҳошимхонов 29 майда узоқ давом этган суяк саратонидан 59 ёшида вафот этди. Кейинги йилларда Тошкентда яшаган мухолифатчининг жасади ўзининг она юрти Наманганнинг Чодак қишлоғида тупроққа берилди. Марҳумнинг яқинларидан маълум бўлишича, шу йилнинг 14 июнига у кишининг хотирасига бағишлаб, маърака ўтказилиши режалаштирилган.

“Бирлик” Партияси фаоллари, мухолифатдаги дўстларимиз у кишининг оила аъзоларига сабр-бардош тилайди. Илойим, марҳумнинг тупроғи енгил бўлсин.

20:30 - Туркия террор қурбонлари билан хайрлашмоқда

Шу кунларда ҳар куни Туркия шаҳарларидан бирида курд террористлари ҳужумларининг қурбони бўлган Турк аскарлари давлат савиясидаги маросимлар билан дафн этилмоқда.

Бир неча кун аввал Ироқ чегарасига яқин вилоятларнинг бирида йўл четига қўйилган минанинг узоқдан туриб портлатилиши натижасида ҳалок бўлган мингбоши Рамазон Армутчиўғли ва оддий аскар Ҳасан Гуресин (пойтахт Анкарада) ва бошқа бир офицер Мелиҳ Гулова (катталиги бўйича Туркиянинг учинчи шаҳари бўлмиш Измир яқинидаги Манисада) бугун энг катта жомеларда ўқилган жанозадан кейин аскарий маросим билан турпоққа берилди.

Анқарадаги маросимга Туркия президенти Аҳмад Нежат Сезар, Қуролли кучлар Бош штабининг бошлиғи Яшар Буюканит, Бош вазир ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Гул, бир қатор вазирлар ва депутатлар, энг юқори даражадаги ҳарбийлар, сиёсий партия раҳбарлари билан биргаликда 20 мингдан ортиқ одам қатнашган. Туркия хабар агентликларининг билдиришича, қўлларида Турк байроқлари билан маросимга қатнашган оддий одамлар “Шаҳидлар ўлмас, ватан бўлинмас” каби шиорлар айтишган ва Аҳмад Нежат Сезар ҳамда Яшар Буюканитни олқишлашган. Президент Сезар маросимга келган пайтда одамлар “Туркия сен билан ғуруланади” деб бақиришган. Айни замонда, ҳукумат одамларига қарши, улар ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Пратиясиининг (АТП) вакиллари, норозилик билдирилган, “Хоинлар ташқарига”, "АТП ташқарига", “АТП қотил АҚШ билан ҳамкор” каби шиорлар айтилган.

Манисадаги жаноза ва маросимларга Туркия парламентининг раиси АТПли Булент Аринч, Қуролли кучлар Бош штабининг собиқ бошлиғи Хилми Ўзкўк ва бир қатор вазирлар, парламент депутатлари қатнашишган. Ёмғирга қарамасдан жаноза ва маосимларга 20 мингдан ортиқ одам келгани ҳам хабарларда бор. Бу ерда ҳам ҳарбийлар олқишлангани, ҳукумат ва АТПга норозилик билдирилгани айтилмоқда. “Аринч ташқарига” каби шиорлар айтилган.

Туркияда янги президент сайлаш масаласи туфайли сиёсий кризис давом этмоқда, мамлакат 22 июлда бўладиган парламент сайловларига тайёрланмоқда. Айни пайтда, курдлар шимолий Ироқдан плацдарм каби фойдаланиб, террор ҳаракатларини кучайтирмоқдалар. Бундай шароитда диний қадриятларга урғу бераётган АТП партияси билан миллий руҳдаги партиялар ўртасида зиддиёт яна ҳам кучайиши табиийга ўхшайди.

19:00 - “Фидокорлар” партияси бўғинида... коррупция (“Эзгулик" пресс-релизи, № 40, 11.06.2007)

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Ўзбекистон Фидокорлар Миллий демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши назорат ва тафтиш комиссияси раиси Карим Бозорбоев мурожаат этиб, партиянинг қуйи бўғинларида авж олган қонунбузарликлар ва коррупциядан огоҳ этган. Хусусан, партия Марказий Кенгашининг шу йил 22 майдаги 53-сонли буйруғига асосан партиянинг вилоят бўлими фаолиятини танланма усулда текширган Комиссия (таркиби партиянинг МК аъзолари ва тафтиш комиссияси аъзоларидан иборат) “Фидокорлар”нинг вилоят кенгаши Биринчи котиби Гулноза Латипова фаолиятида қатор қўпол қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаган. Таркиби 8 та туман ва 3 та шаҳар бўлимидан иборат Сирдарё вилояти бўлими аъзоларининг сони 1098 нафарни ташкил этади. Вилоят бўлимининг молиявий-хўжалик фаолияти тафтиш этилганда 6 109 420 сўмлик талон-тарож ва қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

1999 йили Ўзбекистон Президентлигига Ислом Каримовнинг номзоди билан сайловларда ғалаба қозонган мазкур партиянинг Сирдарё вилояти бўлими фаолиятини текшириш чоғида маҳаллий кенгашнинг турли раҳбарлик ўринларини эгаллаган шахслар маҳаллий давлат ҳокимиятнинг юқори мансабдорлари бўлиб чиқди. Хусусан, улар партиянинг вилоят бўлимидан ҳам асосий иш жойлари (тўлиқ ставка) сифатида маош олишиб, давлат бюджет маблағи ва аъзолардан тушган бадал (взнос) йиғимларини сезиларли равишда талон-тарож қилганлар. Партиянинг хайр-саховат, кам таъминланган оилаларга кўмак беришдаги фаолиятида кўзбўямачиликларга йўл қўйганлар.

Мазкур қонунбузарлик ҳолатлари ва партиянинг қуйи бўғинида юзага келган коррупция ҳақида партия Марказий кенгаши ва партия раиси Ахтам Турсуновнинг хабардор этилишига қарамай қонунбузарликларга барҳам берилмаётир. Аксинча, ФМДП Сирдарё вилояти кенгашининг фаолиятидаги аҳвол хаспўшланиб, оддий аъзолар ва партия тарафдорларининг ҳуқуқлари поймол қилинмоқда. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти партия раҳбарияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини мазкур муаммони бартараф этишга чақиради.