18 December 2011
19:10 - Қоҳиранинг Таҳрир майдони яна қон ичида, сабаб нима?
Шу йил февраль ойида ўзига қарши ўтказилган оммавий намойишлар натижасида Мисрнинг диктатор-президенти Ҳусни Муборак истеъфога кетгач, ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийлар қарори билан 28 ноябрдан бошлаб кўп босқичли парламент сайловлари ўтмоқда. Сайловларнинг дастлабки икки босқичи натижаларига кўра, 2 исломий партия мутлақо кўпчлик овоз олгани маълум бўлди. Мусулмон-қардошлар партияси 40 фоиздан, салафийларнинг Нур Ватан партияси 30 фоиздан кўп овоз олган. Дунёвий партияларни қўллаб-қувватловчилар жуда оз.

Халқ истаган одамлар секин-аста ҳокимиятга келмоқда. Аммо, тушуниб бўлмайдиган сабаблар билан, норозилик намойишлари ҳам давом этмоқда. Кеча Қоҳиранинг марказий Таҳрир майдонида йиғилганлар ҳарбийлар тарафидан тузилган Олий Кенгаш зудлик билан тарқатиб юборилишини, ҳокимият фуқаровий органларга берилишини талаб қилишмоқда. Бугун ҳам давом этган намойишлар хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларга айланди, 10 киши ўлди, 300 дан кўп одам яраланди.

Тўпалонлар пайтида бир неча бинога ўт қўйилган. Наполеон замонида қурилган бинолардан биридаги Илмий марказда, ёнғин натижасида, архив материаллари, китоблар, санъат асарлари нобуд бўлган.

Бу намойишлар шунчалик мантиқсизки, ҳарбийлар исломчиларни аҳмоқ қилиб, атайлаб бундай митингларга олиб чиқишмоқда, кейин тартибсизликларни баҳона қилиб, янги диктатура ўрнатишмоқчи, деган ҳаёлга бориш мумкин.

“Ҳаракат” мухбирлари яхши ташкилотлашмаган, таниқли лидерлари бўлмаган гуруҳларнинг исёни исталган натижаларга олиб бормаслигини Араб баҳори деб аталган воқеларнинг бошланишидан бери гапириб келмоқдалар. Кўриб турибмизки, улар мутлақо ҳақ бўлишган.