17 December 2011
19:33 - Қозоғистондаги исён бостирилди, мухолифат тартибсизликларнинг сабаблари ва бостирилиш усулларини текширишни талаб қилмоқда
Кеча Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги бутун мамлакат бўйлаб тантаналаи нишонланаётган пайтда, мамлакатнинг Каспий бўйидаги Жанаозен шаҳрида кутилмаган тартибсизликлар бошланди. Аслида, уларни кутилмаган деб бўлмайди. Чунки, “Ҳаракат” агантлиги ҳам тарқатган хабарлардан маълумки, бу ерда бир неча ойдан бери нефть чиқариш билан шуғулланадиган корхоналарнинг ишчилари маошларини оширишш талаби билан иш ташлаб, турли намойишлар ўтказишмоқда эди.

Кеча айнан шу одамлар байрам танталари ўтказиладиган шаҳар марказидаги майдонда ҳам ўз акцияларини давом этти ришга ҳаракат қилишди. Аммо, полиция уларга қарши шиддат билан ҳужум бошлагач, воқеалар қонли тўқнашувга айланди. Шаҳар ҳокимияти биноси ёқиб юборилган.

Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура вакиллари Жанаозенда исён бўлгани, уни бостириш пайтида 10 киши ҳалок бўлиб, 100 га яқин одам ярадор бўлгани, 70 киши ушланганини билдирдилар. Ҳуқуқ ҳимоячилари ўнлаб одамларнинг ўлгани, ҳозир бу шаҳарда мустақил Интернет сайтларга блок қўйилгани, телефон системаси ўчириб қўйилганини айтишмоқда.

Бугун мухолифатдаги Қозоғистон умумхалқ социал-демократик партияси Жанаозенда бўлган қонли воқеаларни ҳар тарафлама ўрганиш учун махсус давлат комиссияси тузишни талаб қилди. Партиянинг баёнотида полиция нима учун дарҳол куч ишлатишга бошлагани, шаҳарда тартиб ўрнатиш ва инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонун доирасида олиб борилишига кафолат бор-йўқлиги ҳақида саволлар ўртага қўйилади.

Мухолифатдаги Халқ фронти январь ойига тайинланган парламент сайловларини кечроққа қолдиришни талаб қилмоқда.

Нима бўлганда ҳам, нефтчларнинг ойлардан бери давом этаётган норозиликларига эътибор берилмагани, кеча уларнинг намойиши қонли йўл билан бостирилгани, Нурсултон Назарбой ҳам моҳияти билан қўшниларидан қолишмайдиган диктатор эканлигини яна бир марта кўрсатмоқда, дейди мухбиримиз.

Қозоғистоннинг расмий хабар агентликлари, худди ҳеч нарса бўлмагандек, ҳафта сўнгги таътилга чиқиб кетишди. Давлатнинг расмий Казинформ агентлиги Жанаозендаги воқеалар ҳақида кеча кечқурун умумий шаклдаги бир нечта хабар бергандан кейин овозини ўчирган. Интерфакс-Қозоғистон умумий шаклдаги ўта қисқа хабарлар тарқатмоқда, холос.