13 December 2011
06:34 - Ашхободда “Нейтралитет монументи” очилди, Ўзбекистонда “Янги уй қурмасдан, эскисини бузма” монументи бўлиши керак
Кеча Туркманистонда байрам қилинган “Нейтралитет куни” муносабати билан мамлакат пойтахтида “Нейтралитет монументи” деб аталган нарсанинг расмий очилиши бўлди. Туркларнинг "Полимекс" ширкати тарафидан яратилган 95 метр (!!!) узунликдаги бу миноранинг устига Туркманбошининг олтин ҳайкали ўрнатилган.

Маълумки, 1995 йил 12 декабрь куни Туркманбоши ўз мамалакати ҳеч қандай халқаро уюшмаларга кирмаслигини қонунлаширувчи ҳужжат имзолаган эди.

Дунёда глобаллашув жараёнлари тезлик билан ривожланиб бораётган пайтда, ўз яккамоховлигини қонунлаштириш қанчалик кулгили эканлигини туркманбошилар ҳали тушунмаса ҳам керак.

Дарвоқе, ўзимзнинг диктатор ҳам мантиқсиз шиорлар отишда қўшнилардан қолишмайди. Ислом Каримнинг “Янги уй қурмасдан, эскисини бузма” шиори бунинг ёрқин мисолидир. Бу шиорни абадийлаштириш учун, қулаш арафасига келиб қолган пахсали кулба ичида мағрур ўтирган режимбошининг олтин ҳайкалини яратиб, Мустақиллик майдонига ўрнатиш керак. Вақти келиб, бу ҳайкалнинг бузилиши – Ўзбекистон янги даврга кираётганининг рамзи бўлиб қоларди.

Эслатиб ўтамиз, Ислом Каримнинг ҳайкалини қуриш мавзуси сайтимизда аввал ҳам муҳокама қилинган ва ҳозир одамлар ичида юрган қуйидаги латифа эслатилганди.

Икки одам бир-бири билан гаплашмоқда.

- Нимага Ислом ака ўзига ҳайкал қўйдирмайди?

- У киши “Бирлик”нинг Тошкентдаги кўп минг кишилик митингларидан кейин одамларнинг бир ерга тўпланишидан қўрқиб қолган. Шунинг учун Тошкент марказидаги ҳамма майдонларни ҳам йўқ қилиб ташлади.

- Ҳайкал очилишига келадиган одамлардан ҳам қўрқади демоқчимисиз?

- Йўқ, ҳайкал бузилаётганда йиғиладиган оломондан қўрқади.

“Ҳаракат” таҳририятидан: Тўғрисини айтса, қуруқ сўздан амалий ишга ўтиш, пахса кулба ичида ўтирган Исллом Каримнинг ҳайкали учун танлов уюштириш вақти келди, шекилли.