01 December 2011
04:09 - Ғарб Сурияга кўз тикди, Эрон навбатга ўзи кирмоқчи
Ғарб Сурия диктатори Башар Асадни йиқитиш учун ҳал қилувчи қадамлар қилмоқда. Ҳеч қачон сиёсат билан шуғулланмаган, отаси Хафез Асад ўз ўрнига тайёрлаётган катта ўғли Басил Асад автоҳолкатда ўлгани сабаблигина тахтга ўтқазилган Башар Асаднинг уқувсизлиги шундан ҳам маълумки, у нафақат Ғарб ва нафақат Туркия, ҳатто Араб Давлатлари Лигаси билан ҳам чиқишолмади. Бу учлик – Ғарб, Туркия ва Араб Давлатлари Лигаси - Сурияга қарши жиддий санкциялар киритган. Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларинг бугун кечқурун ёки эртага бўладиган йиғилишида яна ҳам кескинроқ санкциялар киритилса керак.

Туркия нима учун Сурия диктаторига қарши тиш қайраётганини ўзбекларнинг кўпчилиги билмаса керак. Гап шундаки, узоқ йиллардан бери Сурия туркларга қарши курд террористларни қўллаб-қувватлаб келган. Ҳозир Туркия, вақтдан фойдаланиб, Асадлар оиласидан қасдини олмоқчи.

Сўнгги йилларда арабларга яқинлик кўрсатаётган Туркиянинг исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партияси раҳабарларини ўзидан четлатмаслик учун Араб Давлатлари Лигаси Башар Асаддан ҳам воз кечишга тайёрга ўхшайди.

Қаранг, муаммоллар қанчалик чувалди.

Шундай пайтда Эрон ўз бошига бало қидираётганидан ҳайрон қолиш керак. Хабарлардан маълумки, эронликлар Буюбритания томонидан киритилган санкцияларга қарши митинглар қилиб, охир-оқибатда бу мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонасини босиб олдилар. Ақли расо одам тушунадики, бу босқин ҳокимиятдаги мулларнинг фатвоси билан бўлган.

Буюкбритания бунга жавобан Эроннинг Лондондаги элчини ҳайдаб чиқарди, Франция ва Германия эса, Буюкбритания билан бир сафда эканликларини намойиш этиш учун Эрондан ўз элчиларини чақириб олдилар.

Хуллас, Башар Асад йиқитилганлан кейин нима бўлишни кутишни истамаган эрон муллалари ўзлари навбатга ёзилмоқдалар, шекилли.

Ҳа, дарвоқе, улар ёзилсалар нима бўладию ёзилмаслар нима? Навбат барибир уларники.