24 November 2011
19:16 - Салимбой камтарона тўй қилиб, шунисига ҳам шукр дебди...
Кеча пойтахт марказидаги Наврўз ресторанида тўй берган таниқли авторитет Салим Абдувалиев ўғли Жасурни “Ўзбексавдо” ширкатининг собиқ раҳбари Зафар Файзиевнинг неварасига уйлантирган. Ўзбек бойлари орасида кетма-кет ўринларни эгалловчи бу норасмий мультимиллонерларнинг тўйи камтарона ўтибди. Агар у миллионерларга ўхшаб тўй ўтказса, у ҳукуматнинг олигархлар рўйхатига расман кириб қоларди-да.

Россиядан ўртамиёна санъаткор Миша Галустян, ўзимиздан эса Қашқадарёнинг собиқ обком секретари Рўзмет Ғойиповнинг ўғли Даврон Ғоипов, сиёсатшуносликка даъво қилаётган масхарабоз Баҳодир Мусаевнинг қизи Шахзода ва собиқ депутат, қўғирчоқ партиялардан бирининг собиқ лидерларидан Юлдуз Усмоновалар даврани қизитган. Таниқли ўзбек режиссёри Наби Ғаниевнинг невараси Райҳон куйлаётганда микрофон ўчириб қўйилиб, у саҳнадан тушириб юборилибди.

Ҳатто хизматчиларнинг ҳам аждодлари казо-казолар бўлган камтарона тўй ҳам, айтишларича, бойваччанинг кўнглидагидек ўтибди. Энди гап ёшларнинг бахтли бўлишида қолган. Бу ҳам осон иш эмас. Масалан, шоир Эркин Воҳид Ислом Каримнинг айтган чизиғидан чиқмаса ҳам, ўғли ўз вақтида жавобгарликка тортилган. Келажакда номи Жасурбой бўладиган Жасурни ҳам ўша кунлардан асрасин.

Ҳа, дарвоқе, Жасур ва яна бир ўғил Сардор Салим-аканинг кенжа хотинидан кўрган фарзандлари бўлиб, улар отасининг изидан боришга тайёрланаётганларини Россияда чоп қилинувчи “Элита” журналига берилган интервьюда айтишган. Гап қайси из ҳақида кетаётгани, табиий, айтилмаган.