Улуғбек Бакир ижодидан - Адолатли, буюк Темурлар керак!
Ҳозирда Норвегияда муҳожирликда яшаётган “Бирлик” фаоли, партиянинг Андижон вилояти Жалақудуқ туман ташкилоти раисининг ўринбосари Улуғбек Бакир баъзан ҳаваскор шоир сифатида шеърлар ҳам ёзиб туради. Улуғбекнинг ватан ва халқ дарди билан ёзилган икки шеърини журналимиз ўқувчиларимизга ҳавола этамиз.



ХАЛҚ ҚАЙҒУСИ
(“Миллатим дарди” шеъримнинг кейинги талқини)


....................“Қаерда қонун ҳукмронлик қилса,
....................шу ерда адолат бўлади”

............................................Амир Темур

О, халқим, сен нечун бефарқсан бунча?
Устингдан ҳукмлар ўқилса жимсан,
Нохақлик чўлинда қўлларинг боғлик,
Қизил қузғунларга таланган емсан,

Оқни ким “оқ” деса, зумда қародир,
Қорани “оқ” деган пахтадек оппоқ.
Халқ “димлама” бўлган улкан қозонга,
Золимларнинг кети баҳайбат қопкоқ.

Буюк баҳодирлар ғорнинг оғзида,
Ҳайрондир маҳлуққа беролмай баҳо.
Учта бошин қандай кесади, ахир,
Ғордан чиқса бошсиз қизил аждаҳо?

Ўзбекистон отли қамоқхонада,
Наҳотки, сабрлар косаси тешик?
Яна “бўжи келди” баҳонасида,
Инқилоб тобутга айланган бешик.

Бировлар “Қўй” деса, бировлари “Гой”,
Жаллод товонида топталди юрак.
Элни Разиллардан ҳалос қилмоққа,
Адолатли, буюк ТЕМУРлар керак!

9 август, 2007 йил
Бишкек


ЖУДОЛИК

....................“Хайр, душманларим,
....................Хайр, дўстларим!
....................Хайр, сенга уйим, хайр, ўчоғим!”

.......................................Холдор Вулқон

Ўз юртимдан қувилдим, ё, Раб,
Адолатли хақ сўзни айтиб.
Олисларга кетсам бир куни,
Келарманми Ватанга қайтиб?

Кетар чоғим қайрилдим ортга,
Томоғимга қадалди хўрлик,
Ем бўлганча очкўз битларга
Қолди мазлум, халойиқ шўрлик.

Кетган эди Бобур бу юртдан,
Дунё, ишинг бунча жабрли?!
Киндик қони тўкилган ердан,
Жой бермадинг битта қабрли.

Ҳамон халқим қўлларида ғул,
Ўқ бошидан учиб визиллар.
Ҳамон элнинг қонин ичмоқда,
Чўлпонларни отган қизиллар.

Хайр, мени кетмагил-дея,
Кийимимдан торткилаган ел.
Хайр, сохта мустақил бўлиб,
Бир соат ҳам яйрамаган эл!

13 май, 2007 йил
Бишкек