ЕИ Ўзбекистонга нисбатан юмшади, бундан "Бирлик" фойдаланди
Аввал тарихдан бир мисол. Бир неча йил аввал Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки (ЕТТБ) Бошқарув Кенгаши ўзининг навбатдаги йиғилишини 2003 йил 6-7 май кунлари Тошкентда ўтказиш режасини эълон қилганда, кўпчилик мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари бунга қарши чиқдилар. Уларга кўра, бу йиғилишнинг Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистон ҳукуматининг жамиятни демократиялаштириш ва иқтисодни либераллаштириш соҳасидаги аслида бўлмаган ютуқларини тан олишдек бўлиб кўринади.

«Бирлик» Партияси ва у билан боғлиқ ҳуқуқ ҳимоячилари бу хусусда қарши фикрда бўлдилар. Улар ЕТТБнинг мамлакатимизда ўтказилажак йиғилиш қарорини қутладилар ва бундай қадам Ғарб Ўзбекистоннинг ўзи йўқ ютуқларини тан олётгандек бўлиб кўринмаслигини урғуладилар. “ЕТТБнинг йиғилиши каби тадбирларнинг Ўзбекистонда ўтказилиши, мамлакатимизни демократик давлатлар етакчилик қилаётган халқаро структураларга интеграция қилади, Ўзбекистон ҳукуматининг қаршилигига қарамасдан прогрессив ўзгаришларга йўл очади… Диктатурани санкциялар киритиш ва дунёдан изоляция қилиш йўли билан ютиб бўлмайди. Куба, Ироқ. Шимолий Корея ва бошқа давлатлар бунинг энг яхши исботидир”, дейилади “Бирлик”нинг ўша вақтдаги Баёнотида.

Шуни алоҳида такидлаш керакки, ЕТТБнинг мажлиси Тошкентда ўтказилиши хусусида гаплар айтилабошлаган даврда, “Бирлик” Партияси сал кам 10 йилдан бери юрт ичида феълан тўхтаб қолган фаолиятини жонлантириш учун уринмоқда эди.

Бу йўналишда илк қадамлар 2001 йилнинг бошида қилиниб, Фарғона вилоятда “Бирлик”нинг конференциясини ўтказиш учун ҳаракат бошланди. Аммо ҳукумат бунга йўл бермади. Афғонистонда антитеррористик уруш бошланиб, АҚШнинг ҳарбий кучлари Ўзбекистонда пайдо бўлиб, унинг минтақада таъсири кучайгач, “Бирлик” ҳамма вилоятларда конференцияларини ярим яширин ҳолда бўлса ҳам ўтказди ва 2003 йида Қурултойини ўтказишга тайёр бўлди. Лекин Ўзбекистон АҚШ билан стратегик ҳамкорлик шартномаси имзолаб, сиёсий мухолифатнинг тан олиш хусусида ваъда берган бўлса ҳам, уни расмий сиёсий саҳнага киришини истамасди. “Бирлик” эса расмий фаолиятга кечиш, Қурултойини расман ўтказишни истарди.

Бундай шароитда “Бирлик” бирдан бир тўғри қарор қилди ва ўз Қурултойини ЕТТБнинг Тошкентда мажлиси ўтадиган кунларидан бирига - 7 майга тайинлади. Бу ҳақда Тошкент ҳокимияти расман огоҳлантириди, ЕТТБнинг раҳбарлари унга таклиф қилинди. “Бирлик”нинг ҳисоби тўғри чиқди, ўша куни Ўзбекистон мухолифати сўнги 10 йил ичида биринчи марта расмий тадбирини ўтказолди.

Бемалол айтиш мумкинки, ўша кун мухолифатнинг янги тарихида бурилиш нуқта бўлди. Айнан “Бирлик”нинг қурултойидан кейин бошқа мухолиф гуруҳлар жонланишга бошланди, ҳуқуқ ҳимоячилари очиқча тадбирлар, хусусан, норозилик чиқшлари уюштира бошладилар.

Шундан кейин “Бирлик” партия сифатида расмий рўйхатдан ўтиш учун фаолият бошлади. Адлия вазирлигига керакли ҳужжатлар, жумладан, пртия аъзоларинг 5 минг кишилик рўйхати топширилди, вазирликнинг ҳамма ўринли ва ўринсиз талаблари бажарилди. Партияни рўйхатдан ўтказиш учун ҳеч қандай баҳона қолмагач, ҳукумат бир неча кун ичида қонунларга ўзгартиришлар киритиб, рўйхатдан ўтиш учун керак бўлган партия аъзолари сонинги 5 дан 20 мингга чиқарди. “Бирлик” бир неча ой ичида ўз аъзоларини сонини 21 минг кишига етказди. Вазирлик уйдирма баҳоналар қидиришга бошлади.

Шу даврда Андижондаги қонли воқеалар юз берди, ундан баҳона ўлароқ фойдаланган ҳукумат мухолифатга қарши мисли кўрилмаган тазйиқ ва қатағонлар бошлади. Катта қийнчилик билан бошланган демократик ўзгаришлар яна музлатилди. Ўзбекистоннинг Ғарб давлатлари билан алоқалари сал кам йўқ даражага тушди.

Энди бу куннинг воқеаларига қайтсак.

Андижон воқеаларининг 1 йиллигидан кейин ҳам демократларга ҳукуматнинг босими камаймади. Шу йилнинг июнь ва июль ойларида “Бирлик” 2 марта партиянинг Марказий Кенгаши мажлисини ўтказишга ҳаракат қилди, аммо ҳукумат вилоятлардан йўлга чиққан партия фаолларининг Тошкентга етиб келишига йўл бермади.

Шу йилнинг кузида, Андижон фожеасидан кейин Европа Иттифоқи (ЕИ) билан Ўзбекистон ўртасидаги узиб қўйилган алоқаларни тиклаш учун ҳаракатлар бошлангани маълум бўлди. Агар Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва демократияни ривожлантиришл йўлига қайтса, ЕИ Ўзбекистон билан алоқларни тиклаш, кейин санкцияларни бекор қилишга ҳозирлиги билдирилди.

6 ноябрда (2006 йил) ”Бирлик” Партияси бу хусусда махсус Баёнот тарқатди. “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон: муносабатлар фақат демократиялаштириш ҳисобига яхшилансин” деб номланган бу ҳужжатда, жумладан, шундай дейилади:

“Маълумки, Ғарб давлатлари Ўзбекистон ҳукуматининг Андижонда тинч намойишчиларга нисбатан қилган хунрезлигини кескин қораладилар ва унга қарши санкциялар киритдилар. Уларниннг иқтисодга таъсирини ўлчаш мушкул, лекин маънавий жиҳатдан ҳукуматга ва шахсан Каримовга қаттиқ зарба берилди. Чунки у юрт ичида зулмага асосаланган режим яратган бўлса ҳам, Ғарб давлатлари олдида ўзини замонавий ҳукмдор қилиб кўрсатишга жон-жаҳди билан интиларди.

Орадан бир йил ўтди. Ўзбек халқига ёрдам бериш учун яна нималар қилиш керак деган савол туғилмоқда. Биз диктатураларни санкциялар ва изоляция қилиш йўли билан йўқ қилиб бўлмаслигига ишонамиз. Каримов ҳукуматига ўтказилаётган ташқи босимни ва Ўзбекистонни халқаро структураларга интерация қилишни усталик билан биргаликда олиб бориш керак, деб ҳисоблаймиз. Шундагина Ўзбекистонни тезда демократиялаштириш мумкин.

Айни замонда, мамлакат ичкарисидаги продемократик кучларга ёрдам бериш жуда муҳим. Чунки, мамлакатни демократиялаштириш ва уни Ғарб дунёсига интерация қилишни Ўзбекистон демократик мухолифатининг самарали иштирокисиз қилиб бўлмайди”.

Баёнотнинг давомида “Бирлик” Партиясининг сўнги йилларда олиб бораётган кураши, хусусан, Адлия вазирлигида расман рўйхатдан ўтиш учун олиб борган фаолияти, аъзолари сонини 25 минг кишига чиқаргани, 2004 йилдаги парламент сайловларида иштирок этиш учун ҳаракат қилгани, 2007 йилда бўладиган президент сайловида иштирок этиш учун тайёрланаётгани ҳақида маълумот берилади. ЕИ Ўзбекистон билан алоқаларни нормаллаштириш учун Каримов ҳукуматидан шуларни талаб қилиши кераклиги урғуланади:

- Андижон воқеаларини мустақил текшириш;
- Ўзбекистонда сиёсий иқлимни юмшатиш;
- Инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳволни яхшилаш;
- Сиёсий маҳбусларни озод қилиш;
- Мухолифат партияларининг фаолиятига, уларнинг 2007 йилда бўладиган президентлик сайловларида иштирок этишига тўсиқлар қўймаслик;
- Халқаро ноҳукумат ташкилотларининг фаолияти учун имкониятларни кенгайтириш.

Баёнотнинг сўнгида шундай дейилади: “ Биз ишонамизки, Европа Иттифоқи ўзининг геополитик манфаатлари учун ҳам фундаментал демократик принципларидан воз кечмайди ва Ўзбекистонда демократик жараёнларнинг ривожланишига ижобий ҳисса қўшади. “Бирлик” Партияси Европа Иттифоқининг керакли структуралари билан Европа Иттифоқи – Ўзбекистон муносабатларига оид ҳамма муаммоларни ечиш учун ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини ҳам билдиради”.

“Бирлик” Партияси раисининнг ўринбосарлари Пўлат Охун ва Исмоил Дадажон ноябрнинг биринчи ўн кунлигида Брюсселда бўлиб, Европарламентда бир қатор учрашувлар ўтказдилар. Улар, хусуан, Европарламентнинг Ташқи алоқалар комитети раиси ўринбосари Витаутас Ландсбергис ва комитетнинг бир неча аъзолари билан учрашдилар. Учрашувлар “Бирлик”нинг юқорида айтилган Баёнотидаги мавзулар доирасида бўлди, Баёнотнинг инглиз тилидаги варанти уларга топширилди.

Бу учрашувлардан олдин олинган маълумотларга кўра, 13 ноябрда ЕИнинг ижрочи органи бўлмиш Европа Иттифоқи Кенгаши мажлисининг кун таритибига Ўзбекистон билан алоқалар масаласи ҳам киритилган экан.

Шуни ҳисобга олган “Бирлик” Партияси раҳбарлари бир йилчадан бери ўтказиш имкони бўлмаётган Марказий Кенгаш йиғилишини 11 ноябрга тайинладилар. Мухолифатчиларнинг ҳисоби қуйидагича эди. Ой бошида Брюсселда Европа Иттифоқи маъсуллари билан музокаралар олиб борган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз ҳукумати номидан Ўзбекистон демократия йўлидан кетиш хусусида бир қатор ваъдалар берди. Демак, Ўзбекистон раҳбарлари бир неча кундан кейин ўз ваъдаларининг пуч эканлигини кўрсатиб, “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг мажлисини ўтказтирмаслик учун аввалгиларидек қаттиқ қўллик қилолмайдилар. Шулардан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокимлигига бўладиган мажлис тўғрисида ариза ҳам берилди.

Хуллас, 11 ноябрь куни “Бирлик”нинг Марказий Кенгаши сўнги 1,5 ичида биринчи марта ўтказилди. Баъзи вилотларда партия фаолларига қарши тазйиқлар бўлган бўлса, ҳам уларнинг кучи аввалгидек эмасди.

Марказий Кенгаш мажлисида партияни рўйхатдан ўтказиш учун 2-3 йилда бери кетаётган жараённи давом эттириш хусусида керакли қарорлар қабул қилинди. Айни замонда, 2007 йилда бўладиган президент сайловида қатнашиш, бу масалада бошқа мухолифат гуруҳлари билан ҳамкорлик қилиш хусусида ҳам қарорлар олинди.

13 ноябрь куни Европа Иттифоқи Кенгаши, кутилганидек, Ўзбекистон билан мулоқот бошлашга қарор қилганини билдирди.

16 ноябрда “Бирлик” Партияси Адлия вазирлигига рўйхатдан ўтиш жароёнини давом эттириш хусусида хат билан мурожаат қилди.

23 ноябрда Марказий Сайлов Комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўшаб қолган жойлар учун 3 округ бўйича шу йил 24 декабрда сайловлар ўтказилишини эълон қилгач, уларнинг иккитасида “Бирлик” ўз номзодлари билан иштирок этишга ҳаракат бошлади. Табиий, партия рўйхатдан ўтмагани сабабли, номзодлар қонунларга кўра сайловчиларнинг ташаббус гуруҳларида мустақил номзод сифатида кўрсатилиши лозим эди.

Тезда маълум бўлдики, Ўзбекистон ҳукумати мухолифатга ҳали тўла демократик эркинликлар бериш ниятида эмас. 2004 йилда ҳам кўп марта бўлганидек, сайловчиларнинг мустақил номзод кўрсатиш мажлислари ўтказтирилмади. Аммо, бу йўналишда бошланган ишлар ҳам “Бирлик” 1,5 йил давом этган мажбурий уйқудан чиққани ва етарлича тезлик олишга муваффақ бўлганини кўрсатди.

2006 йил 11 ноябрь, “Бирлик”нинг саъй-ҳаракатлари билан, демократик кучларнинг фаолиятида психологик бурилиш нуқтасига айланганини айтиш мумкин. Шу кундан кейин ҳуқуқ ҳимоячиси гуруҳларнинг фаолияти ҳам очиқча жонланганини кўрса бўларди.

Шуни алоҳида урғулаш керакки, “Бирлик” бундай бурилиш нуқтаси яратиш учун 2003 йилда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкининг Тошкентда бўлган мажлисидан қандай фойдаланган бўлса, 2006 йилда Брюсселда ЕИ Кенгашининг мажлисида Ўзбекистон масаласи тилга олинишидан яна ўшандай фойдаланди.

Европа Иттифоқи Ўзбекистонни тиз чўктирди
(“Ҳаракат” сайтининг таҳлили)


Кейинги 3-4 ҳафтадан бери Ўзбекистон демократик мухолифати ичида қизғин муҳокама қилинаётган воқеа ниҳоят юз берди. Европа Иттифоқининг Кенгаши (ЕИнинг бош ижро этувчи ҳокимияти, яъни, ЕИга кирувчи мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг кенгаши) кеча 13 ноябрдаги йиғилишида Ўзбекистонга нисбатан олиб борадиган сиёсатининг умумий чизиқларини белгилади.

ЕИнинг Кенгаши тарафидан тарқатилан пресс-релизда айтилишича, ЕИ Кенгаши Ўзбекистондаги воқеаларнинг ривожланишини яқиндан кузатиб борган ва бу мамлакатда инсон ҳуқуқларининг аҳволи хусусида ташвишдадир. Кенгаш Ўзбекистондан инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлар борасидаги халқаро мажбуриятларини мутлақо бажарилишини талаб қилади.

ЕИ Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон воқеаларини муҳокама қилиш учун икки томоннинг экспертлари учрашувини шу йил ичида ўтказиш таклифини олқишлайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари масаласида ЕИ билан мулоқат бошлаш таклифини ҳам инобатга олади.
Ўзбекистон ҳукумати доимий мулоқатлар учун кенг эшиклар очганини ҳисобга олиб, инсон ҳуқуқлари, қонунларнинг амалда ижро этиш ва фундаментал эркинликларга оид масалаларда Ўзбекистон қанчалик халқаро нормаларга мослигини билиш мақсадида ЕИ Ўзбекистон билан ўтган йили музлатиб қўйилган турли учрашувларини қайтадан бошлайди.
Лекин инсон ҳуқуқлари масаласида ўзгаришлар йўқлигини эътиборга олиб, ЕИ Кенгаши Ўзбекистонга қурол сотиш эмбаргосини 12 ойга, баъзи ўзбек расмийлари учун киритилган виза тақиқини 6 ойга чўзади. Бу санкциялар Ўзбекистон ҳукуматининг амалий қадамларига қараб 3 ойдан кейин қайта кўриб чиқилади.

ЕИ Ўзбекистон ҳукумати бу масалалар бўйича яна ҳам олға кетишини кутади, дейилади пресс-релизнинг сўнгида.

Кўриниб турибдики, дейди мухбиримиз, Европа Иттифоқи расмийларининг Ўзбекистон ҳукумати билан сўнгги ойларда олиб борган мулоқотлари катта натижага олиб келган. Яқингача “биз ҳеч кимга бўйин эгмаймиз” деган шиорлар остида 2001 йилдан кейин қайтадан ўсишга бошлаган демократия ниҳолларини қуритаётган, демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласида ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмаслигини такрорлашдан чарчамаётган Каримов ҳукумати очиқчасига орқага чекинган. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, тиз чўккан ҳам дейиш мумкин.

Каримовнинг Андижон воқеаларини Европа Иттифоқи экспертлари билан муҳокама қилиш ва инсон ҳуқуқлари масаласида ҳам мулоқот бошлашга тайёр эканлигини билдиришини бошқача баҳолаш мумкин эмас.

«Биз Европа Иттифоқининг бу қадамини олқишлаймиз, - дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. - Партиямизнинг 6 ноябрдаги Баёнотида “Диктатураларни фақат санкция жорий эълон этиш ва изоляция қилиш йўли билан ютиб бўлмайди. Бунинг тарихий мисоллари – Куба, Ироқ, Шимолий Корея ва бошқалар. Шунинг учун биз Каримов ҳукуматига ташқи босимни Ўзбекистонни халқаро демократик структураларга боғлаш билан баробар олиб боришга чақирамиз. Шу йўл билан асосий мақсадга, яъни мамлакатимизни тезроқ демократиялаштиришга эришиш мумкин”.

Европа Иттифоқи айнан шундай қилиб, бир томондан санкцияларнинг бир қисмини давом эттирган, иккинчи томондан, бир йил аввал узилган алоқаларни тиклаш эвазига, биринчи марта Андижон воқеаларини ўрганиш жараёнига халқаро структураларнинг қўшилишига эришган. Бундан ташқари Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари масаласида ҳам мулоқатга рози бўлган.

Европа Иттифоқининг қарори худди бизнинг тавсиялар чизиғида бўлгани эса, партиямизнинг етук сиёсий куч эканлигини яна бир марта исбот этди. Партиямиз фаоллари Пўлат Охун ва Исмоил Дадажоннинг Европарламентдаги 8-9 ноябрь учрашувлари, бир гуруҳ “Бирлик” фаолларининг 9 ноябрь куни ЕИ Кенгаши биноси олдида пикет ўтказиб, Кенгаш вакилига партия Баёнотини топ-ширганлари ҳам ўз ролини ўйнагани шубҳасиз.»

“Бирлик” Партияси раисининг ташқи алоқалар бўйича ўринбосари Пўлат Охуннинг ўзи воқеаларни шундай изоҳлади: “Менинг Европа Иттифоқи – Ўзбекистон муносабатларига бағишланган ва кўп тортишувларга сабаб бўлган мақоламда ҳамда партиямзнинг бу мавзуга бағишланган Баёнотида Ўзбекистон ҳукумати олдига қўйилиши керак бўлган бир қатор талаблар санаб чиқилганди. Уларнинг ичида, хусусан, сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва мухолифатнинг сиёсий фаолиятига қаршилик кўрсатмаслик талаблари ҳам бор. Албатта, бу талабларнинг ҳаммасини дарҳол бажарилишини кутиш соддалик бўларди. Шу сабабли, биз ЕИнинг 13 ноябрдаги мажлисидан олдин “Бирлик” фаоли Улуғбек Ҳайдаровнинг озод қилиниши ва партиянинг Марказий Кенгаши мажлисини ўтказишга имкон берилишини шу йўналишдаги қадамлардан деб биламаиз. ЕИ Кенгаши ҳам қарор оларкан, шу фактларни ҳисобга олганини биламиз”.

Партия раисининг ташкилий ишлар бўйича ўринбосари Исмол Даджоннинг фикрича, ЕИнинг бу қарори билан муаммолар битгани йўқ. Бу биринчи қадам халос. Ўзбекистон ҳукумати ҳали кўп ўйинлар чиқаради. Аммо жараён бошланди.

“Бирлик”нинг Баёнотидаги талабларнинг ҳаммасини амалга оширтириш учун ўзимиз ҳам кўп ишлашимиз керак. Юрт ичида фаолиятимизни жонлантирмоқдамиз. Европа Иттифоқи билан мулоқотлар ҳам давом эта беради. Ҳозир тушундикки, фақат Европарламент билан эмас, ЕИнинг ижроия органлари билан ҳам алоқалар ўрнатишимиз шарт.

Бу мавзуни муҳокама қилар эканмиз қуйидаги нуқтага ҳам эътибор бериш керак, дейди мухбиримиз. ББС ва “Озодлик”нинг ўзбек программаларида Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларини ва мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг аҳволини халқаро структуралар, хусусан ЕИ экспертлари билан муҳокама қилишга рози бўлгани тилга олинмади. Бу аслида хабарнинг энг муҳим қисми бўлиши керак эди. Улар ўзларини мухолифатнинг, биринчи навбатда, “Бирлик” Партиясининг шу йўналишдаги ишларини ҳам кўрмагандек тутмоқдалар. Булар тасодиф эмас. Бу радионинг МХХ контроли остида ишлайдиган ходимлари Ўзбекистон ҳукуматининг орқага чекиниши ва бунда мухолифатнинг роли борлигини айнан МХХнинг топшириғи билан ўзбеклардан бекитишга уринмоқдалар. Аммо улар ойни этак билан ёпиб бўлмаслигига ақллари етмаяпти.