Журнал Ҳаракат №3 (60) 2006. Президент сайлови – 2007
Воқеалар хроникаси - Сайлов кампанияси жонланмоқда
Журналнинг ўтган сонида бир гуруҳ “Бирлик” фаоллари шу йил 1-7 апрель кунлари Истанбулда учрашиб, сайловларга тайёрланиш масаласини илк бор муҳокама этганлари, 7 апрель куни эса, қашқадарёлик мухолифатчилар “Давра кенгаши” номидан президентликка умумий номзод кўрсатиш чақириғини эълон қилганларини билдиргандик.
Қисқа вақт ўтмасдан мухолифатдан номзод сифатида кўрсатилиши мумкин бўлганларнингш исми ҳам айтила бошланди.

“Бирлик” Бош котиби Всила Иноят 11 апрель куни “Немис тўлқини” радиосига берган интервьюсида партиянинг истаги президент номзодлигига партия раиси Абдураҳим Пўлатни кўрсатиш эканлигини айтди. 26 апрель куни айнан шу истак партия раисининг ўринбосари, партиянинг Қашқадарё вилоят ташкилоти раиси Дайнов Ташанов томонидан эълон қилинди. 20 апрелда эса, “Эрк” партиясининг Салой Мадаминов/Отаназар Орипов гуруҳи ўз лидерини номзод қилиб кўрсатиб ҳам бўлди. Кейин маълум бўлишича, “Эрк”нинг бу фракцияси ҳонунларни ҳам ўрганмасдан ҳуқуқий кучи бўлмаган қарор қилган экан.

30 апрелда Абдураҳим Пўлат “Озодлик” радиосида чиқиш қилиб, ўзи сайловдан чекинмаган ҳолда, мухолифат умумий ва якка номзод хусусида келишиши кераклигини билдирди. Бундан кейинги воқеалар қуйидагича давом этди.

“Эрк”нинг баёноти ва жиззахликлар чақириғи


5 майда Самад Мурод раислигидаги “Эрк” демократик партияси ўзининг сайловолди қарашларини ифодаловчи Баёнот эълон қилди.

Баёнотда келаётган президент сайловлари мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа эканлиги, лекин у мураккаб бир даврда ўтиши таъкидланади. Вазиятнинг мураккаблиги мамлакат иқтисодининг чўкиш нуқтасига келгани, халқнинг қашшоқланиши, коррупциянинг гуркираши, инсон ҳуқуқларининг оммавий равишда поймал этилиши ва буларга Андижон воқеаларидан келиб чиққан салбий ҳолатларнинг қўшилиши билан баҳоланган.

Демократларга қарши ўтказилаётган тазйиқ ва тақибларга қарамасдан, бу сайловлар мухолифат учун, энг камида, у ўзининг жамиятдаги позициясини мустаҳкамлаб олиш нуқтаи назаридан, катта имкониятлар беради, дейилади Баёнотда. У шундай давом этади:

“Мухолифат сайлов олди кампаниясини бошлади ҳисоб. “Бирлик” Партиясининг Бош котиби Васила Иноят ўз партиялари номидан партия раҳбари Абдураҳим Пўлатнинг номзодини президенликка кўрсатиш ниятлари борлигини эълон қилиши биланоқ, “Эрк” партияси фракцияларидан бирининг бош котиби ўз лидерларини президентликка номзод қилиб бўлганларини билдирди. Кейин Абдураҳим Пўлатнинг мухолифат номидан умумий номзод кўрсатиш керклиги хусусидаги баёноти пайдо бўлди.

Бу вазиятдан келиб чиқиб. “Эрк” демократик партияси қуйидагиларни баён қилади.

Биринчи. Мухолифат сайловларда умумий номзод билан иштирок этиши шарт. Бу масала бирлашган мухолифатнинг координацион органи бўлмиш “Давра Кенгаши” доирасида ҳал этилиши мумкин.

Иккинчи. Партиямиздаги радикал фракциянинг номзод кўрсатиш ҳақидаги шошилинч баёноти ножиддий, чунки, сайлов кампаниясининг бошланишига ҳали бир йилдан ортиқ вақт бор. Будан ташқари, маълумки, “Эрк” партиясининг охирги Қурултойида қатнашган 120 делегатнинг 30га яқини тўпалон билан Қурултойни тарк этган. Қолган асосий қисм делегатлар Қурултой ишини давом эттирдилар, партиянинг Дастур ва Низомларини тасдиқладилар ва раҳбар органларни сайладилар. Партиянинг раиси этиб Самад Мурод сайланган. Шунинг учун “Эрк” партияси номидан шу кўпчиликгина гапириш ҳуқуқи бор.

Учинчи. Сайловларга оид қонунлар ва партия Низомига кўра, Ўзбекистон президентлигига номзод кўрсатиш ҳаққи фақат партиянинг юқори органига, яъни Қурултойига берилган. Шу сабабли ҳам партиямиздаги ўша фракциянинг президентликка номзод кўрсатиш хусусидаги баёноти у ердаги одамларнинг ножиддийлигини намойиш қилувчи фактдир”.

Баёнотнинг сўнгида “Эрк” партияси сафларида президентликка номзод бўлишга лойиқ одам борлиги, у бу лавозимга қонун талаблари доирасида кўрсатилажаги айтилар экан, бугун кўпроқ мухолифатнинг умумий номзоди устида ўйлаш кераклиги урғуланади ва “Эрк” партияси “Давра Кенгаши” доирасида кўрсатиладиган номзодни кўллаб қувватлашга тайёр эканлиги билдирилади.

Бу баёнот партиянинг расмий сайтида эълон қилинган: http://erkinfo.com/
Президент сайловининг яқинлашиши Ўзбекистон мухолифати ичидаги жараёнларни жонлантира бошлаганига шубҳа йўқ. “Бирлик” Партиясининг вилоят ташкилотларида шу масала қизғин муҳокама қилина бошлади ва ниҳоят партиянинг Марказий Кенгаши бу масалада керакли қарорлар олиш учун шу йил 3 июнда Тошкентда мажлис ўтказишнии эълон қилди.
Айнан шу кунларда “Ҳаракат” журналининг сайтида (www.harakat.net) бир гуруҳ жиззахлик демократларнинг баёноти тарқатилди.

“Ўзбекистондаги Президент сайловлари олдидан бирлашайлик!” деб номланган баёнотда, мамлакатдаги мураккаб сиёсий вазиятга қисқа баҳо беришдан кейин, жиззахликлар номидан “Ўзбекистон тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ватандошимизга, у Америкадами, ёки Европадами, бир чақириқ билан мурожаат қиламиз: Ўзбекистондаги Президент сайловлари олдидан – бирлашайлик!” деб хитоб қилинади.

Баёнотнинг асосий мақсади қуйидаги сўзларда мужассамланган: “Навбатдаги президент сайлови олдидан, умуммухолифат кучларнинг вакиллари албатта учрашишлари керак. Бу учрашувда мамлакат ичидан бир муносиб номзод кўрсатиб, уни мустақил номзод сифатида рўйхатдан ўтказиш ҳақида фикрлашиб олишлари шарт деб ҳисоблаймиз. Мамлакат ичидан бир номзод кўрсатишга рози бўлиш нафақат мухолифатнинг бирлашувига йўл очади, балки орзу қилинган истиқболнинг йўлига чиқишимизни ҳам бошлаб беради. Бу имкониятни бой бермайлик!”

Баёнот муаллифлари сайлов мавзусига доир аввалги чақирқларни ҳам тилга олсалар (масалан, “Давра Кенгаши” Қашқадарё бўлими, “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат, Дайнов Ташанов, “Эрк” партияси, Отаназар Ориповларнинг чақириқларини), уларга муносабат билдириб, мавжуд вазиятдан конструктив чиқиш йўлини кўрсатсалар яна ҳам яхши бўларди.

Шундай бўлса ҳам, жиззахликларнинг чақириғи ҳали бу масалада иккиланаётганлар учун қандайдир бир туртки бўлиши мумкин, деб умид билдириш керак эди.

Аммо, яхшигина тезлаша бошлаган сайловолди кампаниясида яна бир муҳим воқеа 1 июнда содир бўлди. Шу куни “Озодлик” радиосининг сайловга бағишланган махсус программасида иштирок этган Абдураҳим Пўлат, Жаҳонгир Маматов (Демократик Ўзбекистон конгресси раиси) ва Пўлат Охунов (“Давра Кенгаши” координатори) мухолифат сайловда умумий номзод билан қатнашиши шартлиги хусусида фикр билдирсалар-да, Салай Мадаминов ўз номзодлари билан сайловда алоҳида қатнашиш ниятлари қатъий эканлигини такрорлади. Бу билан мухолифатнинг ҳамма қанотларини сайлов олдида бирлаштириш ғояси “Эрк” партияси шу фракциясининг айби билан битди дейиш мумкин.

Шундай бўлса ҳам кураш давом этаберди.

“Бирлик” Партияси сайлов масаласини муҳокама қилолмади


3 июнга режалаштирлган “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг мажлиси сайловолди кампанияси нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эди. Чунки, сайлов масаласи биринчи марта мухолифат партиясининг расмий органида тилга олиниши ва жиддий шаклда муҳокама қилиниши кутиларди.

Аммо, ҳукумат ҳам бу йиғилишнинг аҳамиятни яхши тушунгани учун керакли қарши тадбирлар олишга бошлади. 2 июнда Самарқанддан олинган хабарга кўра, эрталаб “Бирлик” Партиясининг шу вилоят ташкилоти раиси Ҳолиқназар Ғаниевнинг уйига милиция ходимлари келиб, ўзи йўқ бўлгани учун ўғилларини, кечаси эса унинг ўзини шу кунларда ҳеч қаерга бормаслик хусусида расман огоҳлантирганлар. Акс ҳолда ўзига ёмон бўлишини айтишни ҳам унутишмаган. Шундан кейин унинг уйи олдида махсус автомобиль қоровуллик қилишга бошлаган.

Ўтган йили икки марта шундай шаклда Тошкентга кетаётганда Ҳолиқназар ака ўғирлаб кетилганди. Шуларни ҳисобга олиб ва у кишининг ҳаётини яна хавф остига қўймаслик учун Ҳолиқназар аканинг Тошкентга бориши шарт эмас деб топилди.

Кейин маълум бўлишича, бошқа вилоятларда ҳам миршаблар айнан шу каби ишлар қилишган. Уларнинг огоҳлантиришларига қарамасдан йўлга чиққан “Бирлик” фаолларини эса, зўрлик билан йўлдан қайтаришган.
Масалан, партия Марказий Кенгашининг Фарғона вилоятидан аъзолари Адҳам Муҳиддинов ва Эргашбой Қўшматов Қўқондан Тошкент тарафга йўлга чиқиб, 30 км юрганларидан кейин милиция тарафидан тўтатилиб, Қўқонга қайтариб олиб келинган, бошқа қўқонлик бирликчи, партия раисининг ўринбосари Ҳамдам Сулаймонов шартли озодликда бўлгани учун қамалиш таҳдиди остида уйда қолишга мажбур бўлган. Партиянинг Андижон вилоят ташкилоти раиси Акбар Орипов билан ҳам айнан шундай бўлган.

Қашқадарёлик Зулфиқор Мирзақуловни уйидан чиқаришмаган.
Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳтиёр Ҳамроев шахсан ўзи Марказий Кенгаш аъзоларидан Улуғбек Ҳайдаров ва Мамаражаб Назаровни вилоят чегарасигача кузатиб келгани ҳақида хабар берган бўлса ҳам, бу икки киши Тошкентга етиб келмади. Кейин маълум бўлишича, уларни Зомин туманида автобусдан туширишган ва кечгача сабабсиз ушлаб туриб, кейин қўйиб юборишган.

Партиянинг Хоразмлик Марказий Кенгаш аъзолари Комилжон Жуманиёзов ва Раъно Отамуродова бир амаллаб Тошкентга етиб келганларида, уларни Ипподром олдидаги автовакзалда кутишмоқда экан. Миршаблар бир автобус пассажирлар билан мутлақо ишлари бўлмасдан, айнан бирликчиларнинг ҳужжатларини текширишни лозим топишибди ва ҳужжатлар шубҳали дея уларни энг яқин милиция бўлимига олиб келишибди. Уларни бу ерда бир неча соат ушлаб туришгач, ҳужжатлар Хивада текширилиши керак деб, уларга бир миршабни қўшиб ва ҳужжатларни шу миршабга бериб, миршаб билан бирга, табиий, Хивага жўнатишган. Уларни Хива миршабхонасида ҳам бир неча соат ушлаб туриб, 4 июнь куни қўйиб юборишган.

“Бирлик” партиясининг Бухоро вилоят ташкилоти раиси Саидбурхон Қодиров Тошкентга қараб йўлга чиққач, шаҳар автовокзалида ушланган ва мирашаблар томонидан мажбуран уйига олиб келиб қўйилган ва уйдан чиқмаслик шарти билангина очиқда қолдирилаётгани билдирилган.
“Бирлик” Партияси Тошкент шаҳар ташкилотининг раиси Ҳайитбой Абдуллаев эрталаб Марказий Кенгаш мажлисига кетаётганини айтиб уйидан чиққан ва ғойиб бўлган. Кейин маълум бўлишича, уни миршаблар кўчада ушлаб Шайхонтовур милиция бўлимига олиб келишган ва қонунга зид равишда кечгача ушлаб туришган.

Партиянинг Марказий Кенгаш аъзоси (Тошкент вилоятидан) Руҳиддин Комилов эрталабдан кечгача Паркент туман милиция бошқармасида мажбуран ушлаб ўтирилган.

Хуллас, Марказий Кенгаш мажлисига бир неча кишигина етиб келолди. Улар телефон орқали партия раиси Абдураҳи Пўлат ва раис ўринбосари Пўлатжон Охун билан ҳам маслахатлашдилар, натижада, мажлисни бошқа кунга қолдириш қарори олинди. Бу ерда эътиборга олинган асосий омил - кун тартибида президентлик сайловларига номзод кўрсатиш масаласининг борлиги эди. Бундай муҳим масалани кўриб чиқишда шошма-шошарлик қилмаслик тўғри бўлади, деб топилди.

Яна бир нарсага келишилди. Марказий Кенгаш мажлисига қадар, унинг аъзолари тайёрланган қарорлар лойиҳаси билан таништириладилар ва улар аввалдан ўз фикрлари ҳамда қандай овоз беришларини электтрон почта ёки бошқа восита ёрдамида котибиятга билдирадилар. Шундан сўнг, улар етиб келолмаслар ҳам, мажлис қатнашчиси деб ҳисобланишлари мумкин.
Абдураҳим Пўлатнинг фикрича, бугунги воқеа мавжуд ҳокимият билан қонун доирасида олиб борилаётган курашдаги бир эпизоддир, халос. Сайловларга ҳали етрлича вақт бор. Олдимизда бундай тўсиқлар кўп бўлади. Уларни ошиб ўтиш ишида собитқадамлик жуда муҳим. Бундан ҳам муҳими - бу воқеа ва жараёнларнинг юрт ичида бўлаётгани.

Ўшда ўзбек мухолифатининг фаоллиги


Сайловолди кампанияси демократларнинг ҳам юрт ичи, ҳам юрт ташқарисида бирлашиш учун қилаётган ҳаракатларнинг ҳам тезлаштирди.
Шу йил 21 апрелда Қирғизистонда вақтинча яшаётган ўзбек демократлари “Жанбуй Давра Кенгаши” деб ном берилган «Давра кенгаши»нинг жанубий минтақа ташкилоти тузганларини эълон қилгандилар. Унга “Эрк” демократик партиясининг Андижон вилоят бўлими раиси Исроил Холдаров, “Озод деҳқонлар” партиясининг Жиззах бўлими раиси Жамшид Мухторов, “Эрк” демократик партиясининг Қўқон бўлими раиси Абдужалил Рустамов, бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва Қирғизистон университетларида ўқиётган 10дан ортиқ ўзбекистонлик талаба киришган. “Бирлик”нинг Андижон вилояти ташкилоти раиси Акбар Орипов июнь ойининг ўрталарида Қирғизистонга келди ва уларга қўшилди, Исроил Холдаров Жанубий ДК координатори (мувоқифлаштирувчиси) этиб сайланди.

“Жанубий Давра Кенгашининг” 5 июндаги мажлиси ҳам асосан мухолифатнинг бирлигни таъминлаш ва президент сайловига тайёрланиш масалаларини муҳокама қилди. Қисқа вақтга бу ерга келган “Давра Кенгашининг” ижрочи (мувофиқлаштирувчиси) координатори, “Бирлик” раисинининг ўринбосари Пўлат Охун ҳам шу мажлисга қатнашди.
Йиғилиш қатнашшчилари “Жанбуй Давра кенгаши”ни мухолифат ташкилотларини бирлаштирувчи ягона структура деб эътироф этдилар. Бу борада Миллий нажот қўмитаси (МНК) ҳам тилга олинди. Йиғилиш қатнашчилари бу органнинг программасидаги энг камида бир модда, яъни сайловларнинг Ўзбекистон конституциясига кўра Марказий Сайлов Комиссияси эмас, МНК томонидан чақирилиши ҳақидаги модда очиқдан-очиқ антиконституцион бўлгани сабабли, бу масалага очиқлик киритлмагунича, у билан ҳамкорликни тўхтатиб туришга келишдилар.

Исрои Холдоров бир неча кун аввал, яъни 29 май куни баъзи сайтларда МНКнинг Қирғизистон бўлими номидан тарқатилган “Эртага кеч бўлади” номли Чақириқда “М.Солих Муваққат ҳукумат бошлиғи қилиб тайинланиши назарда тутилиши” каби моддалар антиконституцион бўлгани сабабли, уни бекор қилинганини билдирди ва бундай ўйламасадан қилинган Чақириқ тарқатилгани учун кечирим сўради, бу Чақириқни эълон қилган сайтлардан уни олиб ташлашни сўради.

Исроил Холдоровнинг охирги эътирофлари жуда муҳим, деб изоҳ беради “Ҳаракат”нинг мухбири. Маълумки 1992 йили Миллий Мажлис тузиш ғояси остида шунга ўхшаб қилинган ақлсиз ишлар натижасида бир неча мухолифатчи бир неча йилга қамалиб ҳам чиққан эди. “Ўйламасдан ёзилган ва бундан ҳам муҳими, ҳеч қандай фойдаси бўлмаган бир популистик қоғоз учун яна бир неча кишининг бекорга қамалишини олдини олиш лозим” дея Ўшдаги мухолифатчиларга махсус телефон қилган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг фикри инобатга олингани ҳам мақтовга сазовордир.
Йиғилиш қатнашчилари қизғин муҳокамалардан сўнгра, 2007 йил президентлик сайловларида умумий номзод билан чиқиш таклифини бир оғиздан қабул қилдилар. Сиёсий партияларнинг раисларига алоҳида мурожаат қилиниб, улардан бу муҳим масалада дарҳол келишиш талаб қилинди.

Вашингтондаги йиғилиш ва унинг таъсири


Бу орада, аниқроғи 17 июнда АҚШ пойтахти Вашингтон яқинида бу мамлакатда яшаётган ўзбек мухолифатчиларнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

2007 йил сайлови ва унда мухолифатнинг ягона номзод билан қатнашиш масаласида бир неча бор учрашув ва маслаҳатлашувлардан кейин фаоллар шу йилнинг ичида умуммухолифатнинг қурултойини чақириш масаласини қарорга боғладилар.

Бундай қарорга келиш учун бир қатор демократик ташкилот, ҳаракат ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, мухолифатнинг таниқли намоёндaларининг кейинги пайтда сайловда битта номзод билан қатнашиш борасидаги мурожаатлари асос қилиб олинди.

Айни масалани ёқлаб чиққан ва 2007 йилги сайловларда қатнашиш имкониятини бой бермаслик тарафдори бўлган Демократик Ўзбекистон конгресси раиси Жаҳонгир Маматов, “Озод деҳқонлар” партиясининг етакчиси Муҳаммад Бобир Маликов, Бирлик Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлатов ҳамда бошқа партиялар, гуруҳлардан келган фаоллар ҳам қурултойни тезроқ ўтказиш масаласида ҳамфикр эканликларини айтдилар.
Учрашувда сўз олган фаоллар Турсунпўлaт Назаров, Ҳамза Эргашев, Зокир Алиев, Илҳом Исоқов, Жамшид Очилов, Икром Абдукаримов ва бошқалар Ўзбекистоннинг келажаги учун бефарқ бўлмаган барча партия, ҳаракат ҳамда гуруҳларни мазкур қурултойнинг ташкилий ишларида қатнашиш, бу борада таклифлар киритиш ҳамда четда турмасликка даъват этдилар.//www.uzbekcongress.org

* * *

21 июнда Ўшда бўлиб ўтган “Жанубий Давра кенгаши”нинг мажлисига Вашингтонда қабул қилинган қарорларнинг ҳам таъсирида ўтди дейиш мумкин. Йиғилганлар мухолифатнинг умумий Қурултойини чақириш ҳақидаги хабардан келиб чиқиб уни тўла қўллаб қувватладилар ва Қурултойга делегат қилиб Жанубий ДК мувофиқлаштирувчиси, “Эрк” партияси фракцияларидан бирининг Андижон вилоят ташкилоти раиси Исроил Холдаровнинг номзодини тасдиқладилар.

Сўнгра президент сайловига оид масала муҳоккама қилинди.
Исроил Холдаров сайлов хусусида ҳар қандай вриантларга тайёр туриш кераклигини, бу ўринда ҳукумат томонидан кўрсатиладиган найрангли вариантлар ҳам назарда тутилиши лозимлигини гапирди. Мухолифат бир номзод кўрсатса, у қайси ташкилотдан бўлади, ташаббус гуруҳлари тузиладими, деган саволлар устида тўхтаган нотиқ, бу ишни ҳозирдан бошлаш кераклигини урғулади. “Ташаббус гуруҳларини шакллантиришни ҳозирдан бошлаш керак”, деди у сўзининг охирида.

Рустамов Абдужалил (“Эрк”нинг Қўқон шаҳридаги етакчиси), хусусан, Муҳаммад Солих номзоди ҳақида шундай гапирди: “Номзодни кўрсатиб қўйиш осон. Хўш, ундан кейин нима қилинади. Кураш олиб бориладими ёки йўқми? Агар кураш олиб борилса, у қайси кучлар билан олиб борилади, у қандай бўлади? Ташаббус гуруҳи тузиладими? Мана шу масалаларни ҳал қилиб олиш зарур. Умуман олганда, унинг номзоди қандай кўрсатилгани ва бу жабҳада қандай кураш олиб бориш масалаларида қоронғи жойлар кўп. Мана шуларга ойдинлик киритиш керак”.

“Озод деҳқонлар” партиясининг вакили, Жанубий ДКнинг Ёшлар билан ишлаш бўлими раиси Жамшид Мухторов қуйидагича сўзлади: “Муҳаммад Солих номзодига қарши эмасман. Бироқ, бу ишнинг қонуний асослари ҳақида ҳам хеч нарса дея олмайман. Чамамда у ва унинг тарафдорлари Ўзбекистонда сайлов умуман бўлмайди, деган фикрдалар шекилли. Менимча Тошкентда битта ташаббус гуруҳи ташкил қилиниб, вилоятлардан аъзолар жалб этилиши керак. Бу ташаббус гуруҳи мамлакат ичкарисидан бирор кишини президентликка муносиб номзод қилиб кўрсатиши керак. Бу иш иложи борича тез бошланиши керак. Аслида ҳамма вилоятларда ташаббус гуруҳлари тузилса яхши бўлар эди. Лекин бу катта маблағ талаб қилади”.

Маҳаллий «Қонун ва тартиб» инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раиси Иззатилла Рахматиллаев айтган гапларнинг қисқача мазмуни шундай: “Биз Қиргизистонликлар Ўзбекистондаги сайлов жараёнларига бевосита таъсир кўрсата олмаймиз. Бироқ қўл қовуштириб ҳам тура олмаймиз. Биз сайлов жараёнларига билвосита таъсир кўрсатиш ниятидамиз. Фақат бизнинг ташкилот эмас, балки барча ташкилотларнинг нияти шу. Биз Ўзбекистондаги демократик жараёнларнинг тезлашишидан манфаатдормиз. Сайлов масаласида эса, бизнингча, ичкаридан бирор лидерни танлаб, ўшани сайлаш учун кураш олиб бориш керак. Ана ўшанда қонуний бўлади. Биз эса қўлимиздан келадиган барча ёрдамни беришга тайёрмиз”.

Мажлис бу масала бўйича шундай қарор қабул қилди: 1. Муҳаммад Солихнинг номзоди бўйича аниқлик киритиш “Эрк” партияси раҳбариятидан сўралсин. 2. “Сайлов-2007” кампаниясида олиб бориладиган ишлар ва сайловда қатнашиш йўналишларига аниқлик киритиш “Давра Кенгаш”ининг мувофиқлаштирувчиси Пўлат Охуновдан сўралсин.