Журнал Ҳаракат
№4 (55) 2005. Ичидагилар
Абдураҳим Пўлат -
Ўзбекистон мухолифатининг бугунги кучи, мақсади ва вазифалари - 2
Асосий мақсаддан келиб чиқиб, бу кунларда қилиниши керак бўлган ишларнинг рўйхати етарлича узун бўлиши мумкин. Биз бу ерда уларнинг муҳимларини тилга олмақчимиз.
4.1. Ҳукуматдан мутақил бўлган нашрлар яратиш
Аслида, оммавий ахборот воситалари ҳукуматдан ҳам мухолифатдан ҳам мустақил бўлишлари керак. Аммо, бугун мавжуд ҳукумат бунга имкон бермайди. У ахборот воситаларини мутлақо ўз тобелигида ушлаб туриш ниятида. Шу сабабли, ҳозирги босқичда фақат мухолифатгина ҳукуматдан мустақил бўлган воситалар яратиб, ҳукуматнинг бу соҳадаги монополиясини буза олиши мумкин.
Бу кунгача ўзбек мухолифати «Ҳаракат» журналидан бошқа ҳукуматдан мустақил бўлган ва давомли чиқиб турган оммавий нашр яратолмади. Тўғри, Интернетда бир қатор ўзбекча сайтлар мавжуд, уларнинг сони ва сифати ошиб бораётгани ҳам шубҳасиз. Аммо, Интернетдаги сайтлар қанчалик муҳим бўлмасин, бугун Ўзбекистонда улар ҳукумат тарафидан блокировка қилинаётгани, бунинг устига, Интернет ҳали бизда оммавий фойдаланиладиган воситага айланмагани сабабли, уларнинг етарлича таъсири йўқ. Андижон воқеаларидан кейин аҳвол яна ҳам ёмонлашди, ҳукумат нуқтаи назаридан зарарли бўлган сайтларга кириш имконияти яна ҳам торайди.
Шунинг учун Ўзбекистон демократиларининг қоғоздаги нашрларнинг самарадорлигини ошириш устида ишлашдан бошқа йўллари йўқ. Яқин келажакда бошқа йўл пайдо бўлмайди ҳам.
Бу масалада ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳали фойдаланилмаган имкониятлари кўплигини эсдан чиқармайлик. Диктатура билан курашган мамлакатларнинг тажрибасидан маълумки, ҳуқуқ ҳимоячилари турли йўллар билан ҳукуматнинг ахборот тарқатишга бўлган монополиясини бузишга ҳаракат қилишган ва яхши натижаларга эришишган.
«Эзгулик» жамияти бин неча йилдан бери ўзининг расмий нашри учун ҳукуматдан рухсат олишга ҳаракат қилмоқда. Бошқа ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлари ҳам бу йўналишда бир нарсалар қилишлари керак. Улар ўз хабарларини юрт ташқарисидаги сайтлардагина эмас, ўз халқимиз ичида тарқатишга ҳаракат қилсалар, демократиянинг ғалабаси учун энг катта хизматни кўрсатган бўлардилар.
4.2. Демократлар бирлашиши лозим
Демократик мухолифатни бирлаштиришдек ишга қўл уришдан аввал, бунинг баъзилар ўйлаганидан ҳам қийинлигини идрок қилиш лозим.
Ҳақиқат шундан иборатки, одам табиати билан бирлашишдан кўра тарқоқоликка мойил. Буни тан олсакгина коммунистларникига ўхшаб кетадиган баланд парвоз шиорлар отиш билан эмас, амалий иш билан шуғуллана оламиз.
Айни замонда, бошқа ҳақиқат ҳам бор. Оллоҳга шукр, У бизга тарқоқлик табиатидан ташқари ақл ҳам берган. Одам ақли билан тушунадики, кўп ҳоларда исталган маррага фақат кучларни бирлаштирибгина етишиш мумкин. «Бирлашган ўзар» деб бекорга айтмаган халқимиз.
Мен аслида фалсафий бўлган бу мавзуга ушбу мақола доирасида чуқур кирмоқчи эмасман. Аммо, одамнинг табиатини ўзгартириб бўлмагани каби, уни ақлдан маҳрум қилиб бўлмаслигига ҳам ишонаман. Демак, одамларни бирлаштиришга бел боғлаганлар, бундайларни сиёсатчилар дейишади, шу икки ҳақиқатни ҳисобга олган ҳолда мувозанатли, посангили ҳаракат қилишлари керак. Буларни тушуниб тушунмасдан мувозанатни бузишга интилувчилар кўп бўлади, уларни дарҳол бирлашиш душманларига чиқармасдан, улар билан ишлаш, натижа бўлмаган тақдирдагина, уларнинг сиёсий майдондаги таъсирини чеклаб қўйиш йўлидан бориш керак. Сўнгги йилларда Марат Зоҳидов, Салай Мадаминов, кейинчалик ҳатто Абдуманноб Пўлат, Толиб Ёқубларга нисбатан шундай йўл тутилгани ва бу йўл мувафаққиятли бўлганини ҳамма кўриб турган бўлса керак. Бирлашиш йўлидаги бошқа тўғоноқларни ҳам айнан шу шаклда нейтраллаштириш мумкин ва лозим.
Айтилганлардан кўриниб турибдики, бу ерда фақат демократик мухолифатни эмас, умуман демократларни бирлаштириш хусусида гап бормоқда. Ўзбекистон каби мудҳиш диктаторликларда ҳамма демократларнинг, яъни демократик мухолифат ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг бирлашиши, улар ўз фаолиятларини кооординация қилишлари ўта муҳим омил. На мухолифатни ва на ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларни тан олишни истамаётган мажуд ҳукумат демократларнинг бундай бирлигини сал кам қонунларга хилофдек қилиб кўрсатишга уриниши, бундан ҳукуматнинг ҳузур-ҳаловоти йўқолаётгани ҳам ичимиздаги тўғоноқларни бу масалада диққатлироқ бўлишга, ҳукумат тегирмонига сув қуймасликка чақириши керак.
Айтиш керакки, демократларнинг бирлиги қанчалик муҳим эканлигини ҳам биринчи бўлиб «Бирлик» фаоллари англаб етдилар ва биринчи бўлиб амалий қадамлар қилишга бошладилар.
2003 йил 10-12 ноябрь кунлари Тошкентда «Бирлик» Партияси раисининг ўринбосарлари Пўлат Охун ва Исмоил Дадажон раҳбарлигида «Ўзбекистон: Кеча, бугун ва эртага» номли конференция ўтказилди. Бу конференция доирасида биринчи марта барча ўзбек демократлари, яъни мухолифат партиялари ва ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларининг фаоллари бир орага келдилар. Шу ерда «Бирлик» Партияси раисининг яна бир ўринбосари Дайнов Ташанов Ўзбекистон мухолифат партиялари ва ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларининг «Давра Кенгаши»ни тузиш таклифини ўртага ташлади. Кейинчалик «Давра кенгаши» тузилди ҳам.
«Давра Кенгаши» доирасида ишлар жуда яхши кетмоқда дея олмаймиз. Унга кирувчи ташкилотлар ўтган йилги парламент сайловларида бир ёқадан бош чиқариб фаолият олиб бориш хусусида келишган бўлсалар ҳам, амалда ҳар ким ўз йўлидан кетди. Ички зиддиётлар туфайли унинг мажлисларидан бирида одамлар бир бирларига тухум отишгача бордилар. Лекин, бу воқеа дарҳол бошқа ташкилот тузишни тақазо этмайди. Муҳим бўлагани ҳамманинг умумий ғоя атрофида бирлашишидир. Ички зиддиётларни демократик йўллар билан ечиш мумкин. Улар ечилмаса, тухум отишлар янги ташкилотда ҳам давом этаберади.
Жиддий бирлашиш жиддий ғоя атрофидагига бўлиши ўз ўзидан маълум. «Давра кенгаши»нинг ғоясига ҳеч ким қарши эмасми, демак бирлашишни шу структура доирасида давом эттириш керак. Ҳозир Пўлат Охун унинг охирги пайтда сустланиб қолган фаолиятини жонлантириш учун ҳаракат қилмоқда. Демократия тарафдорлари уни қўллаб қувватлашлари шубҳасиздир. Ташкилотнинг номи хусусида бир қатор таклифлар борлигини ҳисобга олиб, уни «Демократик Конгресс» деб аташ ҳам умумий мақсадимизга мувофиқ бўлса керак.
Бу ерда яна бир муҳим нарса бор. 2007 йилда президентлик сайловлари бўлади. Вақт оз қолди. Мухолифат сайловларда қатнашиши шарт. Шундай шароитда, бор структурадан фойдаланиш ўрнига янгиси устида ўйлаш оқилликдан узоқ нарса.
4.3. Президентлик сайловларига таёрланиш
Навбатдаги президент сайловлари мамлакат келажаги нуқтаи назаридан қанчалик муҳимлигини ҳамма тушунади. Шундай бўлса ҳам, бу ерда сайлов масаласини ортиқча муҳокама ҳилишга ҳожат йўқ. Чунки, юқорида тилга олган ҳамма мавзулар, муаммолар, уларнинг ечимлари ҳақидаги мулоҳазалар сайловларга тайёргарлик жараёнининг парчаларидир.
Бу ерда фақат бир янги мавзуни тилга оламиз. У ҳам бўлса, демократлар келажак президентлик сайловларига якка умумий номзод, ёки энг камида, умумий номзодлар билан чиқишлари шартлигидир.
Демократлар 2006 йилнинг ўрталаригача умумий сайловолди пограммаси ва умумий номзод (номзодларни) белгилаб олсалар, шу босқичда муҳим ғалаба бўлган бўларди.
Менинг ўзим президентликка номзодимни қўйиб қўймаслигим хусусида гаплар бўлаётганини ҳам биламан. Бу масалада очиқлик бўлишини истардим: мен сайловлардан иштирок этишга тайёрман. Мухолифатнинг турли доираларида Шукрулло Мирсаидов, Бекжон Тошмуҳамедов, Муҳаммадбобир Маликовларнинг номзодлари тилга олинаётгани хам маълум. Шунда экан, мухолифат номзодликка номзодларни муҳокама қилишни бошлади десак бўлади.
Баъзилар, қонунларидга кўра мамлакат президентлигига сайланадиган киши охирги ўн йилда Ўзбекистонда яшаган бўлиши кераклигини сўзламоқдалар. Қонунга бу хусусда модда киритишдан мақсад - бўлажак Ўзбекистон президенти мамлакатдаги ҳаётдан, унинг муаммоларидан узоқ турган одам бўлиб қолмаслигининг олдини олиш эканлиги ҳаммага маълум. Шундай экан, бу модда мажбуран хорижда яшаётган мухолифатчиларга тадбиқ қилинмаслиги керак.
Тўғри, юқорида тилга олганимиздек, бугун Ўзбекистонда ўзи истамаган номзодларни рўйхатга олдирмаслик учун ҳатто сайлов комиссияларини «йўқолиб қолишини» ташкил қиладиган режим мавжуд. Демак, биз бундай тўсиқларни ошиб ўта оладиган кучга эга бўлсакгина, курашга киришишимиз керак. Мен ишонаманки, биз сайловларгача шундай даражага етиб борамиз. Етиб боришимиз шарт.
* * *
Бу мақола доирасида Ўзбекистон демократик мухолифатининг ҳолатига доир кўп мавзулар тилга олинди. Кўриниб турибдики, демократияниннг келажаги учун ҳал қилувчи кураш даври келмоқда. Ҳукумат ўзини Андижон воқеаларидан кейин Россия ва Хитойнинг ёрдамида яна ҳам кучли бўлиб олгандек кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Аммо, у ўзини ўзи алдамоқда, халос. Чунки, дунё бу мамлакатлар эмас, Югославия, Афғонистон, Ироқ, Гуржистон, Украина ва Қирғизистонда бўлаётган жараёнлар таъсирида яшамоқда ва ривожланмоқда.
Мен 1993 йили АҚШдаги Висконсин Университетида бир конференцияда қилган маърузамда, ўша йиллардаги сиёсий жараёнларга баҳо бера туриб: «Ўзбеклар демократияга эмас, демократия учун курашга тайёр эмасликларини кўрсатдилар», деган эдим.
Бугун Ўзбекистон халқи демократия учун курашга тайёр эканлигини кўрсатиши керак.
Бу курашнинг маъсулияти эса, демократик мухолифатнинг, яъни бизнинг зиммамиздадир.