Журнал Ҳаракат
№4 (55) 2005. Биз яшаятган жамият
Абдураҳим Маманов -
Ёлғон салтанати
Бир куни Исо ёзига чиқти. Бир тулки кўрди, инидан чиқар. Исо айди: «Тулкиники эви бор, тақи Исонинг йўқ». Халойиқ эшитиб айдилар: «Биз сенга бир эв қилалинг». Айди: «Молим йўқ». Мол йиғдилар. Айдилар: «Не ерда қилалинг?». Исо тенгиз қирғоғиға борди. «Бир қум уза қилалинг» теди. Айдилар: «Мунда эв турарму?». Исо айди: «Оқил дунёда эв қилурму?».
Ҳикоятда келтирилган эв-уй-жойдан мурод – ўткинчи дунёнинг орзу-ҳаваси, бойлик, мартаба, ҳокимият.
«Бир қум уза қиламиш». «Мунда эв турарму?» демоқдан мақсад эса ёлғон устига қурилган бойлик, мартаба, ҳокимиятнинг умри қум устига қурилган уй-жой каби эканлигига ишорадир.
Ёлғоннинг умри қисқалигини, ёлғон бир кунмас бир кун ўз эгасини шарманда қилишини ҳамма билади. Аммо бари бир ёлғон тўқилаверади.
Хўш, нима учун?
Демак, одамларни ёлғон тўқишга мажбур қиладиган, бизни ёлғонга муҳтож қилиб қўядиган бирор бир сабаб, биро бир бир муҳит бор эканда.
Қўлимизда ана шундай ёлғон намуналаридан бири турибди: Ўзбекистон тарихи. Миллий истиқлол даври. 11-синф учун дарслик
Қурама тилли муаллифлар
Бу китобда келтирилган фикрларни таҳлил қилишга ўтишдан олдин унинг тили, ифода услуби ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз; негаки, китоб ҳар ҳолда дарслик сифатида тақдим этилган, дарслик эса тили, ифода услуби жиҳатидан маълум талабларга жавоб бериши керак.
Қўлимиздаги китоб эса бу жиҳатдан ўзининг дарслик деган номига унча мос тушмайди. Унда маъносини илғаб олиш мушкул бўлган жумлалар, сўзларни бир-бирига елимлаб ёпиштирилишга муҳтож атамалар, бегона, чет сўзларни ўринсиз ишлатиш ҳолларига дуч келамиз.
Масалан, 5-бет: «Ана шунда кишини фикрлашга, ўтмишни идрок қилиб, келажакни ақл йўриғи билан белгилашга ёрдам беради».
Эҳтимол, муаллифлар бу жумлада нима демоқчи бўлаётганларини ўзлари тушунсалар керак. Аммо улар дарслик ёзаётганларини унутмаганларида эди, эҳтимол жумлани сал равонроқ ифодалашга бурчли эканликларига иқрор бўлармидилар.
7-бет: «Бу халқимизга аждодлар орқали минг йилликлар қаъридан бизгача етиб келмоқда». Бунақа пойинтар-сойинтар «тушунтириш» дарсликка эмас, тўй-базмларнинг охири, яъни якунловчи қисмида ярашади.
Яна ўша 7-бет: «Туркистон тарихий ривожланишининг ҳамма босқичларида турли шаклда бўлинишларга, халқи эса ўзгалар томонидан таҳқирланишга, камситилишларга дучор бўлган.»
Ана энди муаллифларнинг «ҳамма босқичларида» деганида нимани назарда тутаётганлиги тўғрисида фол очаверинг. Агарда менга ўхшаган бирортаси: «Тақсир, «ҳамма босқичларида» деганингиз ҳамиша дегани бўлади, бу гапингиздан Туркистон ҳамиша бошқаларга қарам бўлиб келган деган маъно чиқади холос дегудек бўлса, турган гапки, муаллифлар «йўқ-йўқ, биз бундай демоқчи эмасмиз, «ҳамма босқичларида» дегани ҳамиша деган гап эмас» деб, мантиқ илмидан баҳс очиб (агар уларда шундай илм бор бўлса, албатта) фикрларини исбот ҳам қилиб беришар. Аммо муҳтарам муаллифлар, шуни унитмаслик керакки, бу дарслик қилни қирқ ёрадирган доноларга эмас (мен ёшларимизни асло камситмоқчи эмасман) бор-йўғи 11-синф ўқувчиларига мўлжалланган. Демакки, унда юқоридаги каби нотўғри хулосаларга туртки бўладиган «кашфиётлар» қанча кам бўлса, шунча яхши.
Муаллифлар баҳс-мунозарали тушунчаларни дарсликка киритишдан олдин бир ўйлаб олсалар бўларди: ахир бу дарслик бўлса, унда баҳсу мунозарали тушунчалар билан иш кўриш ўринли бўлармикин? Мени тўғри тушунишларини истар эдим: мен баҳсу мунозарадан қочиш керак демоқчи эмасман. Ўқувчиларда баҳсу мунозарага рағбат уйғатадиган дарслик нур устига аъло нур бўлар эди. Мен айтмоқчиманки, ҳар бир баҳсу мунозарали мавзунинг ўз ўрни, ўз майдони бор.
Масалан 5-бет: «Тарих тафаккур маҳсули» деб ўқиймиз. Агарда бу фикрнинг таг-заминини текшириб борсак, у фалсафадаги икки оқимдан бири, идеалистик оқим зурриёди эканлиги маълум бўлади. Маълумки, фалсафадаги бу оқим намоёндалари дунёнинг аввали-асоси онг, тафаккур деб қабул қиладилар. Шунга биноан тарихни ҳам онг, тафаккур яратади деб ҳисоблашлари бежиз эмас. Бу фикр ҳам яшашга ҳақли албатта.
Аммо ўқувчига тарихни тафаккур маҳсули деб тушунтиришнинг қусурли томони шундаки, бу тушунтириш тарихнинг баъзи бир жиҳатларини тушунтириб бера олмайди.
Масалан, олимлар эътироф этадиларки, башарият фарзандлари ирқидан ва миллатидан қатъий назар ақл, яъни онг ва тафаккурда тенгдирлар. Бу фикрни муҳтарам муаллифларимиз ҳам инкор этмасалар керак.
Энди шундай саволни қўямиз: модомики башарият фарзандлари ақл ва тафаккурда тенг эканлар ер юзида яшаётган турли элатлар ва миллатлар тараққиёт даражаси ўртасидаги фарқнинг сабаби нимада?
Турган гапки, шовинистлар, ирқчилар, мустамлакачилар бу саволга ҳеч иккиланмай «анавиларнинг тафаккури, онги биздан паст» деб жавоб берадилар. Тарих – тафаккур маҳсули деган фикр эса... бизни ўша ирқчиларга, мустамлакачиларга, шовинистларга бир қадам яқинлаштиради.
Модомики тафаккур тарихнинг бирдан-бир яратувчиси деб ишонадиган бўлсак, тараққиётнинг қуйироқ поғанасида турган халқларнинг тафаккури ҳам пастроқ бўлади деган қоидани «ҳазм» қилишга мажбур бўламиз.
Яна бир томони шундаки, тарих – тафаккур маҳсули деган таъриф анчагина мавҳумроқ. Шунинг учун ҳам бу таъриф ўринга «Тарих – инсоният тараққиёт жараёнида босиб ўтган йўл» деган таъриф ўринли бўлар эди. Ана энди кимдир ана ўша инсоннинг моҳияти онг, тафаккурдан иборат, шунинг учун ҳар икки таъриф ўртасида фарқ йўқ дейдиган бўлса, бемалол, баҳслашавериш мумкин. Аммо яна такрор айтаманки, бу баҳсу мунозаранинг ўрни, майдони бошқа, асло дарслик эмас.
61-бет: «Шундай қилиб ҳуқуқий прецедент рўй беради...». «Ҳуқуқий прецедент» деган ибора махсус адабиётларга мос келса эҳтимол. Аммо ўрта мактаб дарслигига бунақа «соф ўзбекча»ни киритиш инсофдан эмасда энди.
69-бет: «Унда фуқароларнинг шу соҳадаги сайлов, ҳуқуқий сайловни ўтказиш қатъиятлари ва тартиби...» Бунақа жумлани тузиш учун илмда қай даражага етиш керак экан, билмадим.
Хуллас, асарнинг тилини бошдан оёқ таҳлил қиламан десанг етти асар бўлиши аниқ. Аммо бизнинг асосий мақсадимиз асар тилини таҳлил этиш эмас. Биз қоида тариқасида, йўл-йўлакай 3-4 жумлани таҳлилдан ўтказдик холос. Биз шундай қилишга ўзимизда бир мажбурият ҳис этдик. Чунки Ўзбекистон тарихи ҳақида кўпдан-кўп ёлғонлар битилган бу китобнинг умумий савияси ҳақида ҳам муҳтарам ўқувчиларимиз оз-моз тасаввур ҳосил қилишлари зарур деб топдик.
Сохта демократларми ёки миллий истиқлол фидойиларими?
Дарсликнинг 26-чи §-и қуйидагича сарлавҳа билан бошланади: «Сохта демократларнинг экстримистик йўл билан ҳокимиятни эгаллашга уриниши ва унинг барбод бўлиши».
Хўш, муаллифларнинг фикрича худди ўша сохта демократлар кимлар экан ва улар ҳокимиятни эгаллаш учун қанақа экстримистик йўл тутдилар экан?
Ўқиймиз: «80 йилларнинг иккинчи ярмида собиқ СССР ҳудудида жумбушга келган сиёсий васвасалар ва демократия ўйинлари натижаси ўлароқ Ўзбекистонда «Эрк» демократик партияси, «Бирлик» ва бошқа норасмий ҳаракатлар вужудга келган эди».
Ҳозиргина келтирилган кўчирма мавзунинг бош жумласидар. Домланинг илми бисмиллосидан маълум деганларидек, муаллифларнинг мақсадлари ҳам биринчи жумладаноқ маълум бўлди-қўйди.
Демак уларнинг даъвоси: «Бирлик» Халқ Ҳаракати ва «Эрк» демократик партияси халқимизнинг миллий озодлиги курашчилари сифатида эмас, балки, «сиёсий васвасалар ва демократия ўйинлари» нанатижаси ўлароқ пайдо бўлган.
Бизнинг қўлимизда муаллифларнинг бу даъвосини ҳеч шубҳага ўрин қолдирмай пучга чиқариши аниқ бўлган мантиқий далиллар ва ҳужжатлар етарли бўлсада, аммо биз ҳозирча уларни бир четга қўятуриб, бошқа бир далилдан фойдаланишни лозим топдик. Яъни муаллифлар юқоридаги даъволарига тўғридан тўғри қарши келадиган фикрни қандай ишлатиб юборганлаклари билан ҳурматли ўқувчини таништирамиз:
«Ана шундай пайтда (яъни демократик ўзгаришлар учун ноқулай пайт эди демоқчи) «Эрк» демократик партияси мустамлакачи ҳокимиятга нисбатан қандай позицияда турган бўлса, мустақил давлат ҳокимиятига ҳам худди шундай позицияда турди».
Дарсликдан келтирилган бу икки кўчирма бири иккинчисини инкор қилаётганлигини наҳотки муаллифларнинг ўзлари сезмаган бўлсалар? Сезган бўлишлари керак...
Халқимизнинг асрий орзу-умиди бўлган миллий озодлик курашчиси сифатида майдонга чиққан «Бирлик» Халқ Ҳаракати ва «Эрк» демократик партияларини обрўсизлантиришни мақсад қилиб олган муаллифлар «Бирлик» ва «Эрк» демократик партияларини сиёсий васваслар, демократия ўйинлари натижаси ўлароқ майдонга чиқди деб кўрсатган бўлсалар, кейинги кўчирмада келтирилган жумлада бу ҳаракатларнинг миллий истиқлол курашчиси бўлганлигини тан олмоқдалар. Яъни уларнинг мустамлакачи ҳокимиятга қарши курашганлигини тан олмоқдалар.
Агарда муаллифлар масалага холис ёндашишга ҳеч бўлмаганда уриниб кўрганларида эди, «Бирлик» Халқ Ҳаракати ва «Эрк» демократик партияси «...собиқ СССР ҳудудида жумбушга келган сиёсий васвасалар ва демократия ўйинлари натижаси ўлароқ...» эмас, балки халқимизнинг миллий истиқлол учун кураш яловбардори сифатида майдонга келганлигини аввал бошданоқ эътироф этган бўлар эдилар.
Бироқ дарслик муаллифлари ҳар қандай йўл билан бўлсада, «Бирлик» Халқ Ҳаракати ва «Эрк» демократик партияларини обрўсизлантиришни мақсад қилиб олганларки, буни «исботлаш» учун уларнинг фаолиятига қуйидагича баҳо берилади:
«Бироқ бу фаолият ҳар томонлама асосланган талаблар, ҳукумат даражасига кўтарилган сиёсий нуфуз ва ақл-идрок кўриги сифатида эмас, балки даҳанаки жанглар, эҳтиросли шиорбозликлар, ибтидоий ҳайқириқлар шаклида дунёга келди».
Бошқаларини қўятуриб энг аввало «...ҳукумат даражасига кўтарилган сиёсий нуфуз...» деганда муаллифлар нимани назарда тутаётганларини англашга уриниб кўрайлик: турган гапки, бунчалар «чиройли» тўқилган ташбеҳнинг асл маъносини муаллифларнинг ўзларидан бошқа киши тўла англаши даргумон. Бизда тахмин қилиш имконияти бор холос: бизнинг тахминимизча, муаллифлар юқоридаги иддаолари билан, «Бирлик» Халқ Ҳаракати ва «Эрк» демократик партияси намоёндаларининг сиёсий савияси ҳукумат даражасига кўтарила олмаган эди демоқчига ўхшайдилар.
Бу ташбеҳдан ҳам, жумланинг бошқа иддаоларидан ҳам ҳақорат ҳиди уфуриб турганлигини пайқаш қийин эмас. Бу ҳақоратлар муаллифларнинг виждонига ҳавола. Аслида бу ҳақоратлар муаллифларнинг қўлида ўз фикрларини исбот қила оладиган салмоқли далил йўқлигидан далолат беради холос. Агар уларнинг қўлларида далил бўлганида эди, ҳақорат ўрнига далилни рўкач қилишган бўлар эдилар. Шундай қилиб муаллифларнинг фикрича «Бирлик» ва «Эрк» намоёндаларининг сиёсий нуфузи ҳукумат даражасига кўтарилган эмас. Аммо уларнинг қўлида мазкур даъвони исботлайдиган далил йўқ. Мен далил деганда ҳақорат ва сафсатани эмас, балки ҳақиқий далилни, масалан, бирор-бир масала юзасидан икки томон, мухолифат ва ҳокимият тутган йўлни холис, бетараф туриб таҳлил қилишни тушунаман.
Муаллифлар нега бундай далил қидириб ўтирмаганларининг сабаби аён; агарда улар бирор-бир масалада ҳар икки томон тутган йўлни таққослаш йўлидан борганларида ҳеч бир фойда топмаган бўлар эдилар.
Муаллифлар ўзлари истамаган ҳолларида «Бирлик» ва «Эрк»нинг миллий мустақиллик курашчиси эканлигини бир неча ўринда тан олишга мажбур бўлганликларини кўриб чиқдик.
Хўш, худди ўша 90 йй.нинг бошида «Бирлик» ва «Эрк» миллий истиқлол шиори билан чиққан пайтда Ўзбекистон ҳукумати қандай йўл тутган эди?
Албатта бу саволга муаллифларимиз «ундоқ бўлган эди, бундоқ бўлган эди» деган узундан-узоқ сафсатани рўкач қилишлари турган гап. Аммо бизга сафсата эмас, далил керак. Мана ўша далиллардан бири: бу ўша 90 йилларда Иттифоқ, яъни мустамлакачи ҳукумат томонидан тайёрланган «Иттифоқ Шартномаси»га ҳар икки томон, яъни Ўзбекистон ҳукумати ва мухолифат қандай муносбатда бўлган эди.
Мухолифатнинг муносабати равшан: Иттифоқ Шартномасини на «Бирлик», на «Эрк» қўллаб-қувватлаган эмас.
Хўш, ҳокимиятчи?
Ҳокимиятнинг Иттифоқ Шартномасига бўлган муносабатини қуйидаги мақтовлардан билиб оламиз: «...Ўзбекистон раҳбарияти... мустақиллик сари дадил қадам қўяётганлигини 1991 йил 17 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларида ҳам кўриш мумкин. 1991 йил 20 февралда Ўзбекистон Олий Кенгашининг Раёсати йиғилиши бўлиб, унда СССР Олий Кенгаши томонидан белгиланган референдумда овоз беришга мўлжалланган асосий бюллетень билан бирга «...Ўзбекистон янгиланаётган Иттифоқ (Федерация) таркибида Мустақил, тенг ҳуқуқли республика бўлиб қолишига розимисиз» деган савол қўйилган қўшимча бюллетень киритишга қарор қилинди. Бюллетендаги ушбу матн ўзгартирилиши мумкин эмас, деб белгиланди».
Ҳурматли муаллифлар қош қўяман деб кўз чиқарганларини ўзлари билганмиканлар?
Қўшимча бюллетень матнини яхшироқ таҳлил қилиб кўрайлик: бу матн орқали Иттифоққа қуйидагича баҳо берилаяпти: яъни у янги, демак у аввалги мустамлакачи Иттифоқдан фарқ қилади. Демак Ўзбекистон бу Иттифоқ таркибида мустақил, тенг ҳуқуқли республика бўлиб қола олади.
Ҳар бир тани-жони соғ одам ўз халқининг ана шундай «янгиланаётган» Иттифоқ таркибида мустақил, тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб қолишини истмайман дейишга тили бормаслиги турган гап.
Ана сизга «...Ўзбекистон раҳбарияти мустақиллик сари дадил қадам қўяётганлиги...»га далил.
Иттифоқ Шартномаси ҳақидаги Референдумга мана шу мазмунда қўшимча бюллетень киритишдан мақсад фақатгина битта бўлиши мумкин: одамларни Иттифоқ Шартномаси фойдасига ташвиқот қилиш. Аммо дарслик муаллифларининг фикрича: бу мустақиллик сари дадил қадам қўйиш эмиш. Баракалла, деяверасиз.
Ғаразли мақсад, ғаразли мушоҳада кишини чалғитади. Дарслик муаллифларининг қатор-қатор «кашфиётлари» бунга яхшигина мисол бўла олади.
Улар воқеа-ҳодисаларни ҳолис таҳлил қилиш ўрнига нима қилиб бўлса ҳам ҳукуматни оқлаш, мухолифатни эса бадном қилишга уринадилар. Натижа эса кўриб турганимиздек, кўпинча тескари бўлиб чиқади: муаллифлар бир неча ўринларда қош қўяман деб кўз чиқарганлар. Дарслик муаллифлари мухолифатнинг «сохта демократлар» эканлигини исботлаш учун ҳақоратдан бўлак ҳеч бир далил топа олмайди: «демократия ишқибозлари», «демократия жарчилари», «нодир истеъдод эгалари», «ҳаётдан норозилар» ва ҳ.к.
Юқорида айтилганидек, улар учун «Бирлик» ва «Эрк»нинг дунёга келиши «...собиқ СССР ҳудудида авж олган сиёсий васвасалар ва демократия ўйинлари...» туфайлидир. Дарслик муаллифлари бу истеҳзоли тушунтиришлари билан нафақат Ўзбекистонда пайдо бўлган мухолифатни, балки ўша йилларда бутун Шарқий Оврўпо ва СССР ҳудудида ташкил топган миллий озодлик ва демократия кучларини камситаётганликларини ўзлари сезадиларми?
Дарҳақиқат, ўша даврда бутун Шарқий Оврўпо мамлакатлари, Болтиқбўйи ва Кавказорти минтақаларида жуда катта обрў-эътибор қозонган миллий озодлик кучлари-халқ ҳаракатлари пайдо бўлган эди.
Агар дарслик муаллифларига ишонадиган бўлсак, демак ўша ҳаракатларни ҳам демократия ўйинлари ва сиёсий васвасалар натижаси деб ҳисоблаш керак эканда?
Ғаразли ният кишини нималарга дучор қилмайди?
Аммо тан олиш керакки, бизда, яъни Туркистонда миллий озодлик ҳаракати Болтиқбўйи, Шарқий Оврўпо минтақаларида бўлгани каби бутун жамиятни бирлаштирган яхлит кучга айлана олмади. Бунинг энг асосий объектив сабаби Шарқ ва Ғарб халқлари менталитети – ижтимоий характерлари ўрасидаги тафовутда деб биламан.2)
Муаллифлар мавзуни қандай белгилаганларига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман: «Сохта демократларнинг экстримистик йўл билан ҳокимиятни эгаллашга уриниши ва унинг барбод бўлиши».
Сохта демократлар дегани, аслида, миллий озодлик ва демократия учун курашганлар эканлигини озми-кўпми кўриб ўтдик. Ана энди ана шу «сохта демократлар» қандай қилиб, қанақа «экстримистик йўл» билан ҳокимиятни эгаллашга уринганлари билан танишиб чиқайлик.
Тўнтаришга уриниш
Ҳа, ишонаверинг, дарсликда шундай кичик сарлавҳа бор. Албатта бундай сарлавҳани ўқиганингиздан кейин каллангизга дарҳол «демак Ўзбекистонда ҳокимиятни қурол кучи билан ағдаришга уриниш бўлган эканда» деган фикр келиши табиий. Ва бу «тўнтариш»нинг қачон, қаерда бўлганлигини тезроқ билишга ошиқиб, сатрларни кўздан кечирганингизда «тўнтаришга уриниш» ҳақидаги афсонага дуч келасиз:
«Мустақиллик эълон қилингач, орқада писиб ўтириб зимдан ишлаётганлар аста-секин бош кўтардилар.»
«Бу борада Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1991 йил 18-21 ноябр кунлари бўлиб ўтган VIII сессияси Ўзбекистон тарихида алоҳида воқеа сифатида муҳрланди. Айни ана шу сессияда бир гуруҳ сохта демократлар очиқдан-очиқ бош кўтардилар. Турли томондан сўз олиб, сессия кун тартибини бузиш, унга қўшимчалар киритиш баҳонасида бир-бирига тўғри келмайдиган муаммоларни кўтариб чиқишга интилдилар».
Бу сатрларни ёзган кишининг дунёқараши қандай эканлигини англаб олиш учун шу келтирилганларнинг ўзи кифоя: қаранг-а, даҳшат: бир гураҳ ...сохта демократлар сессия кун тартибини бузишга уринибдилар. Мана буни тўнтаришга уриниш деса бўлади!
Дарҳақиқат, халқ вакиллари – депутатларга қўғирчоқ сифатида қарайдиган ҳокимят нуқтаи назаридан қараганда бир гуруҳ сохта демократларнинг турли томондан сўз олишлари, сессия кун тартибини бузишга уринишлари, кимларгадир, қандайдир кесатиқли саволлар қўйиши – жуда катта беадаблик, ҳатто тўнтаришга уриниш деб баҳоланиши турган гап. Аммо масалага демократик қадриятлар нуқтаи-назаридан қаралганда-чи?
Аслида муаллифлар «бир гуруҳ сохта демократлар...» деб таърифлаган одамлар сессияга осмондан тушмаганку? Улар депутатлар, яъни халқ вакиллари эмасми?
Депутатнинг вазифаси ўзини сайлаган халқ манфаатларини ҳимоя қилиш. Ва бу иш осон эмас. Сессияда мудраб ўтирадиган депутат-халқ вакили билан ҳақиқий депутат-халқ вакили ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Халқ манфаатини ҳимоя қилиш учун кимлардир билан тортишиш, сўз берилмаганда ҳам сўз олиш, кимларгадир «кесатиқли» (ҳокимиятга ёқмайдиган савол ҳар қанча ўринли бўлмасин у кесатиқли туюлиши тушунарлидир) саволлар қўйиш керак бўлади. Демократик мамлакатларнинг парламентларида бундай тортишувлар, эҳтиросли даҳанаки жанглар парламентнинг нормал ишлаётганидан гувоҳлик берувчи аломат саналади.
Аммо ҳокими мутлақликка ўрганган ва бир умр шу тартиб-қоида, шу турмуш тарзини сақлаб қолиш орзусида бўлганлар учун бундай тортишув тўнтаришга уринишдан бошқа нарса эмас.
Ажабланарлиси шуки, муаллифларнинг даъвосича: «Ўзбекистон давлати сиёсий мухолифатнинг бўлишига монеълик қилмайди. Мухолифат мавжуд сиёсий кучларни тарозига солиб турадиган, жамият тараққиёти мувозанатини сақлаб турадиган, унинг равнақи, янгидан-янги тамойилларини ишлб чиқишга даъват этадиган ижобий воқеъликдир».
Демак Ўзбекистон давлати сиёсий мухолифатнинг бўлишига монеълик қилмайди.
Аммо бу мухолифат, биринчидан, «Бирлик» ёки «Эрк» бўлиши мукин эмас.
Иккинчидан, «тожу-тахт, амалу-курси учун» курашмаслиги, яъни ҳокимиятга интилмслиги керак.
Учинчидан, мобода депутат бўлиб сайланиб қолса ҳеч ким билан тортишмаслиги, турли томондан сўз олиб ҳокимият эгаларига «кесатиқли» саволлар қўймаслиги керак.
Лекин шунга қарамасдан бу «мухолифат мавжуд сиёсий кучларни тарозига солиб турадиган, жамият тараққиёти мувозанатини сақлаб турадиган, унинг равнақи, янгидан-янги тамойилларини ишлб чиқишга даъват этадиган ижобий воқеълик...» бўлиши керак.
Ана сизга керак бўлса, буюртма! Ана шундай сиёсий мухолифатни, ҳеч кимнинг мушугини пишт демай мамлакатда «...мавжуд сиёсий кучларни тарозига солиб турадиган, жамият тараққиёти мувозанатини сақлаб турадиган, унинг равнақи, янгидан-янги тамойилларини ишлб чиқишга даъват этадиган ижобий воқеълик...» бўла оладиган сиёсий мухолифатни етти иқлимдан топиб бўлармикан?
«Бирлик» ва «Эрк» - миллий озодлик курашчилари
«Бирлик» Халқ Ҳаракати Ўзбекистонда миллий озодлик ғояси учун курашган биринчи қалдирғоч эди.
Тан олиш керакки, «Бирлик» ташкил этилган дастлабки пайтларда, унинг биринчи Ҳаракат Дастурида сёсий мустақиллик шиори йўқ эди. Бу ўз-ўзидан тушунарлидир. Чунки у пайтда бу шиорни ўртага ташлаш учун фурсат етилмаган эди. Аммо «Бирлик» ўз моҳият-эътиборига кўра ўз фаолиятини миллий озодлик курашчиси сифатида бошлаган эди десак ҳеч бир муболаға бўлмайди.
Негаки, «Бирлик» ўз Дастурида мўлжаллаган муаммолар: пахта яккаҳокимлиги, экологик взиятнинг танглиги, оғир иқтисодий аҳвол, қашшоқлик, ижтимоий ва миллий адолатсизлик - буларнинг барчаси ўз келиб чиқиши жиҳатидан мустамлакачилик сиёсати билан боғлиқ эди. Бинобарин, бу муаммоларни ўртага ташлаш, унга қарши курашиш - ўз моҳият-эътибори билан мустамлакачилик зулмига қарши кураш эди.
Орадан кўп ўтмай «Бирлик» Халқ Ҳаракати ичида бўлиниш рўй берди. Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги бир гуруҳ зиёлилар «Эрк» демократик партиясини ташкил этдилар.
Кези келганда бир нарсага ҳурматли ўқувчиларнинг эътиборини тортмоқчиман.
Мухолифат ҳақида гап кетганда ҳокимият асосан «Эрк» демократик партиясини рўкач қилади, миллий озодлик курашининг илк қалдирғочи, қолаверса энг асосий кучи ҳисобланган «Бирлик» Халқ Ҳаракати ҳақида эса лом-мим демасликка ҳаракат қилади. Ҳатто улар «Бирлик»нинг Халқ Ҳаракати эканлигини ҳам «унутиб» қўядилар, улар учун «Бирлик» шунчаки норасмий «ташкилот» эмиш холос. Ҳатто муаллифлар ҳам мухолифат ҳақида гап кетганда «Эрк» демократик партияси ва «Бирлик» шаклида ёзадилар.
Аслида «Бирлик» Халқ Ҳаракати «Эрк» демократик партиясидан олдин ташкил топган, шунга мувофиқ «Бирлик» Халқ Ҳаракати, «Эрк» демократик партияси шаклида ёзилиши керак эди. Чунки мантиқан олганда аввал юз берган ҳодиса аввал тилга олинади, айниқса дарсликда бундай мантиққа риоя этиш ҳам одоб, ҳам дарслик талаби саналади.
Аммо ҳокимият мухолифат ҳақида гап кетганда нима учун «Бирлик»ни эслашни хоҳламайди?
Биринчи сабаб шуки, ҳеч ким рақибининг энг кучли жиҳатини тан олгиси келмайди, балки унинг иккинчи, учинчи даражали сифатларини «тан» олади холос.
Мен бу билан «Эрк» демократик партиясини камситмоқчи эмасман. «Эрк» дастлабки пайтда «Бирлик»дан ажралиб чиққан зиёлиларнинг кичикроқ гуруҳи сифатида иш бошлаган бўлсада, кейинроқ сон жиҳатидан анча ўсди. Партия раиси М.Солиҳнинг баёноти бўйича 1992-93 йилларда «Эрк» сафида 57 минг аъзо бўлган.
Аммо «Эрк» ҳеч қачон на аъзоларининг сони, на омма орасидаги мавқеи жиҳатидан «Бирлик»ка тенглаша олмас эди. Чунки «Бирлик» миллий-озодлик курашининг илк қалдирғочи бўлиши билан бирга, у «Эрк»дан фарқли равишда партия эмас, балки Халқ Ҳаракати шклида дунёга келган, бошқача айтганда «Бирлик»нинг ижтимоий таянчи «Эрк»га насбатан анча кенг қамровли эди.
Юқорида тилга олинган биринчи сабабнинг психология билан боғлиқ жиҳати шуки, рақибнинг кучли томонини «кўрмаслик» ёки беписанд қараш билан киши ўз-ўзига тасалли, далда беради.
Иккинчи сабаб: Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил. Ҳукуматнинг мухолифат сифатида «Эрк»ни тан олиб, «Бирлик»ни «кўрмай» қолиши «Эрк» ва «Бирлик» ўртасида низо чиқариш учун қилинадиган кўпдан-кўп ҳийлаларидан бири холос.
Худди ўша йиллари ҳукумат «Бирлик» ва «Эрк» ўртасида низо-жанжал чиқаришга уринган, аммо бундан натижа чиқмаган эди.
Биз юқорида дарслик муаллифлари «Эрк» мустамлакачи ҳокимиятга қарши курашганлигини тан олишга мажбур бўлганлиги ҳақида гапирган ва тегишли кўчирмани ҳам келтирган эдик. (Улар фақат «Эрк» деб ёзадилар, «Бирлик» ҳақида нима учун «унутиб» қўйганлари ҳақида айтиб ўтдик).
Аммо «Бирлик» ва «Эрк»ни миллий озодлик курашчиси эканлигини ўзлари истамаган ҳолда тан олишга мажбур бўлган муаллифлар бир неча саҳифани «Бирлик» ва «Эрк»ни камситиш, уларнинг намоёндаларини ҳақоратлаш билан тўлдирибдилар.
Аммо бу ҳаракатлари беҳуда кетганлигини ўзлари сезганмикинлар? Улар «Бирлик» ва «Эрк»ни миллий озодлик учун мустамлакачи ҳокимиятга қарши курашган куч сифатида тан олганларидан кейин, унга ҳар хил бўҳтонлар, сохта ёрлиқлар ёпиштириш, бари бефойда эканлигини англамоқлари зарур эди-ку ахир.
Нега дейсизми?
Негаки, «Бирлик» ва «Эрк»нинг мустамлакачиликка қарши курашганлиги уларнинг қандай куч бўлганлиги ва бўлиб қолаётганлигини яққол исботлайдиган далилдир.
Тарихдан маълумки, миллий озодлик учун кураш ўз сафида ҳамиша миллатнинг энг оқил, жасур, Ватанга, миллатга, халққа садоқатли ўғил-қизларини бирлаштирган. Ўзлари сезмаган ёки хоҳламаган ҳолда ана шуни тан олган дарслик муаллифлари энди уларга ҳар қанча тош-ғишт отсалар отаверишсинларда.
Инсон шаъни, қадри ҳақида гап кўпу...
Ҳурматли дарслик муаллифлари жуда кўп ўринларда инсон қадри, унинг шаъни ҳақида баландпарвоз гапларни ёзадилару, амалда..., амалда ўзлари инсон шаъни, қадр-қимматига қандай беписанд қарашларини уларнинг сўзларидан билиб олаверинг: уларнинг нутқида инсон қадр-қимматини ҳурматлаш, одоб-андишага риоя этиш каби «қусур»ларни кўрмайсиз: улар мухолифат ҳақида эмас, гўёки бир буюм ҳақида гапиргандек гапирадилар, шунинг учун бўлса керак, уларнинг нутқидан ҳақорат ёмғирдек ёғилаверади: уларни такрорлаб ўтиришнинг кераги бормикин?
Ҳурматли муаллифларнинг инсонга бунчалар беписанд қарашининг илдизи қаерда?
Катта арава қаердан юрса, кичиги ҳам шу ердан юради.
Диктатурага асосланган жамиятда инсоннинг қадру қиммати ҳақида баландпарвоз гаплар қанча кўп бўлса, амалда инсон қадри шунча кам бўлади. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат-аксиома.
Демократик жамият учун курашдан мақсад айримлар ўйлаганидек қорин учун кураш эмас, энг аввало ҚАДР учун курашдир. Демократик жамият мустабид ҳокимиятдан асосан шуниси билан фарқ қиладики, унда ҳар бир инсон ўз қадр-қимматига эга бўлади.
Демократик ҳаракатнинг энг биринчи белгиларидан бири баҳсу мунозарада одоб, ахлоқ доирасидан чиқмаслик. Чунки демократик жамият барча синфлар, табақалар, аҳоли қатламларининг манфаатларини уйғунлаштириш, мувозанатга келтириш йўли билангина тантана қилиши мумкин. Ўз манфаатини ҳимоя қилиб баҳсу мунозарага киришган бирон-бир синф, табақа, ҳатто якка шахсни камситиш демократик жамиятга ярашмайди.
«Бирлик» ва «Эрк» ҳақида ҳақиқат
Биз «Бирлик» ва «Эрк»ни дарслик муаллифларининг ҳужумидан ҳимоя қилиш учун анча-мунча саҳифаларни қораладик, улар айблаган бўлса, оқлашга уриндик, бўҳтонларини фош қилдик, ҳақоратларини ўзларининг виждонларига ҳавола қилдик, хуллас, муаллифлар мухолифат ҳақида нима деган бўлсалар, биз тескарисини исботлашга ҳаракат қилдик. Аммо бундан «Бирлик» ва «Эрк» ҳеч бир камчиликсиз, қусурсиз экан деган хулоса чиқадими? Беайб парвардигор, бандалари эса хато ва қусурлардан холи эмас.
Мухолифатнинг энг асосий камчилиги менимча ҳокимият билан муросага кела олмагани бўлади. Албатта бунда ҳокимиятнинг ҳам айби бор. Аммо барибир айб мухолифатнинг ўзида ҳам бор деб биламан.
Негаки, Ўзбекистонда миллий озодлик ва демократия учун курашнинг асосий кучи асло ҳокимият эмас, мухолифат, «Бирлик» ва «Эрк» эди. Бу вазифани уддалаш учун ўзаро кураш эмас, балки бутун жамиятнинг жипслигига эришиш талаб қилинади. Модомики бу вазифа уддаланмаган экан, мухолифат бўлинган экан, жамиятни жипслаштиришга эришилмаган экан, бунда асосий айбдор мухолифатни парчалаганлар, яъни, «Бирлик» ва «Эрк»нинг ўзидир.
Агарда эътибор бераётган бўлсаларингиз мен ҳам «Бирлик» ва «Эрк»ни баъзи масалаларда (бу масалани баъзи масала эмас, асосий масала дейиш ўринли бўларди) айбдор деб ҳисобламоқдаман.
Аммо мен баъзи масалаларда «Бирлик» ва «Эрк»ни айблаётган бўлсамда, китоб муаллифлари билан менинг мухолифат ҳақидаги фикримиз қарама-қарши ҳолида қолаверади. Яъни, бу муаллифлар фикрича, мухолифат, яъни «Бирлик» ва «Эрк» 80 йилларнинг охирида собиқ СССР ҳудудида рўй берган сиёсий васвасалар ва демократия ўйинлари натижаси ўлароқ...» майдонга келган. Менинг нуқтаи назарим бўйича эса, «Бирлик» Халқ Ҳаракати ва «Эрк» демократик партияси, ўзининг барча камчиликларига қарамасдан, халқимизнинг асрий орзуси – миллий озодлик ва демократия учун курашган куч сифатида майдонга келган ва бугун ҳам шундай куч бўлиб қолаётир.
Ёлғондан воз кечмоқ
Биз дарсликнинг бир неча саҳифасини таҳлилдан ўтказдик холос. Лекин шунинг ўзиёқ бу китоб бошдан оёқ уйдирма, ёлғон эканлигини кўрсатади.
Биз ёлғонни қоралаймиз, ростгўйликка даъват этамиз, насиҳатлар қиламиз. Аммо ёлғон барибир тўқилаверади. Нега?
Ўтмиш алломаларидан бири - «Ёлғондан воз кечиш – бу ўз моҳиятига кўра ёлғонга муҳтож қиладиган вазиятдан воз кечишдир» деган экан (К.Маркс). Бунақа сохта, ёлғон-яшиқ «асар»лар бекорга ёзилаётгани йўқ. Тарихни сохталаштиришдан манфаатдор бўлган тузум бор экан, ёлғон тўқилаверади.
Тарих мустабид шоҳлар ўз фуқароларини ёлғон тўқиш билан бўйсиндириб келганиги гувоҳ. Мустабидликка асосланган давлат бор экан ёлғон тўқилаверади.
Биз мухоифатчилар биз ҳақимизда шунча туҳмат, бўҳтон тўқиган муаллифлардан ғазабланмаймиз, нафратланмаймиз. Чунки беҳуда ҳақоратларига ҳақорат билан жавоб беришни эп кўрмаймиз. Чунки бу бизга муносиб иш эмас. Биз бутун куч-ғайратимизни ана шу ёлғонларнинг асосий ҳомийси бўлган мустабид ҳокимиятдан қутилишга, унинг ўрнида жамиятнинг ҳар бир аъзосининг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилибгина яшай оладиган жамият қуришга қаратамиз.
Самарқанд вилояти
Каттақўрғон тумани
2005 йил, июль
1 ) Қиссаси Рабғузий. 87-бет
Эв-уй, бошпана
2 ) Шарқ ва Ғарб менталитети ўртасидаги тафовут сабаблари, Шарқ ижтимоий характерининг ривожланиш қонуниятлари ҳақида қаранг: Яна Шарқ ҳақида. «Ҳаракат» журнали. 2004 й., 4-сон. Яна «Подшолар ҳам ҳавас қилурлар» мақоласи.