Журнал Ҳаракат
№3 (10) 1997. ЯКИН ТАРИХ САХИФАЛАРИ
Абдураҳим Пўлат -
Турк халқлари ассамблеяси: Қурилишидан 4- қурултойгача
Аввал Шарқ халқлари ассамблеяси номи билан 1990 йилда бир ташкилот тузилганда, ҳали СССР тирик эди. Ассамблеянинг ўша пайтдаги асосий мақсади СССР ичидаги шарқ халқларининг мустақиллик ва демократия ғоясини байроқ қилиб кўтариб чиққан ижтимоий-сиёсий ташкилотларнинг бир бирларига ёрдам беришларини уюштириш ва уларнинг фаолиятини координация қилиш бўлган.
1991 йил апрелда Қозонда ўтказилган 2- Қурултойда унинг номи Турк халқлари ассамблеяси деб ўзгартирилди. Ташкилотнинг қуриш ғоясини туғилиши ва унинг ташкилот сифатида оёққа туриши “Бирлик“чиларнинг актив иштирокида бўлган. СССР парчаланиб, унинг атрофидаги “темир парда” йўқ этилгандан кейин Турк халқлари ассамблеясига МДҲ ташқарисидаги давлатларидаги турк халқларининг сиёсий ташкилотлари ва туркчилик масалалари билан шуғилланувчи фонд (вақф) ва жамиятлар ҳам аъзо бўла бошладилар.
Тўртинчи Қурултойи шу йилнинг 26-29 августи кунлари Туркиянинг Измир шаҳрида ўтказилган Турк халқлари ассамблеясининг қисқача тарихи қуйидагича.
Ассамблея ғоясининг туғилиши
Табиийки, ғоя тугиларкан Ассамблея деган суз йўқ эди. Мақсад бор эди. У ҳам бўлса, СССР ичидаги турк халқларининг мустақиллика эришиш ва демократияни ривожлантириш йўлидаги фаолиятларни энг камида координация қилиш, имкон бўлса ҳамкорлик қилиш.
Бу ғоянинг туғилишига туртки бўлган сабаблар, минг афсуски, 1989 йилда Фарғонада ва 1990 йилда Ўш-Ўзгенда бўлиб ўтган қонли воқеалар бўлди. Бу иккала воқеанинг кенг тарқалиб кетишини олдини олиш ва тўхтатишда “Бирлик“ халқ ҳаракатининг аъзолари муҳим рол ўйнашди. 1989 йил 9 июнда “Бирлик“, Қирим-татарлар миллий ҳаракати ва Месхет турклари “Ватан“ миллий ҳаракатининг Фарғона воқеалари хусусида биргаликда эълон қилган Баёнотларида бу уч ташкилот воқеаларни асл сабабаларини яхши тушунишаётганини ҳам кўрсатишганди. Унда, хусусан, шундай сўзлар борди: “Турк бошқа туркка нима учун ҳужум қилди?... Тарихимиз, динимиз, қалбимиз бир эди! Очлигимиз, ишсизлигимиз, бахтсизлигимиз бир эди! Энди фожиамиз ҳам бир бўлди“.
Аммо бу кеч қолган Баёнот эди. 100дан ортиқ киши нобуд булгандан кейин кабул қилинган Баёнот эди. Ақли расо кишилар, нима учун кеч қолдик, нима учун уни аввалроқ қабул қилмадик, нима учун бошка жумҳуриятлардаги, хусусан қўшни жумҳуриятлардаги миллий-демократик ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмадик, деб уйлашга бошлаганимиз табиий ҳол.
Аммо бу фикр ўртага отилар отилмас, муаллифи КГБ эканлигига бугун ҳеч ким шубҳа қилмайдиган воқеа - “Бирлик“га қарши фитна, уни ичидан бўлиш бошланди. Натижада 7-8 ой ташкилот ўзини қуткариш ва қайтадан тикланиш билан машғул бўлди. Унинг 1990 йил 25-26 майда ўтказилган муҳташам 2- Қурултойи тикланиш жараёнининг сўнг нуқтаси эди. Аммо воқеалар ҳам унинг шундоққина орқасидан қувлаб келарди.
Ўш-Ўзган воқеалари
Ўша Қурултойнинг иккинчи куни Ўшдан келганлигини айтган бир йигит сўзга чикиб, у ерда катта провокация ҳозирланаётганини, мақсад икки қардош халқни бир бири билан уруштириш, қон тўкиш эканлигини айтсада, “Митинглар ташкил қилаётганларнинг мақсади - қон тўкиш“, деб “Бирлик“ни бўлган “Эрк“чиларни ҳали унутмаган “Бирлик“чилар қатиқни ҳам пуфлаб ичдилар ва у йигитнинг гапларини инобатга олмадилар.
Лекин бир неча кун ўтар ўтмас, Ўшдан таҳликали хабарлар кела бошлади. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб келаётган Ўшли ўзбеклар бир тарафдан ҳукумат ҳамда Ёзувчилар Уюшмаси каби обрўли ташкилотларнинг вакиллари, иккинчи тарафдан “Бирлик“ раҳбарлари билан учрашиб вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилишарди. Қўлларида имконлари бор бўлган расмий доиралар жинояткорона жим туришаркан, “Бирлик“ раҳбарлари имконсизликларидан ёнишарди.
У пайтларда “Бирлик“чиларнинг дунё жамоатчилигига мурожаат қилиш ёки қўшни жумҳуриятлардаги миллий-демократ ҳаракатлар билан дарҳол алоқа ўрнатиш каби масалаларда тажрибалари ҳам имконлари ҳам йўқ эди. Шундай бўлса-да, нимадир қилиш керак-ку, деган йўналишда ҳаракат килиб, 3 июнь куни кечга яқин, мен ва ўша пайтда СССР халқ депутати Пўлат Охун Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан кўришиш керак, деган қарорга келдик ва унинг қароргоҳига кетдик.
Қабулхонада бизни танишди ва масалани ҳам билишгандан кейин кутиб туришимизни сўрашди. Бу ерда икки соатдан кўпроқ бўлдик ва бир неча марта “Каримов ўша куни бошланганми ёки эртага бошланадиганми Ўзбекистон Коммунистик партиясининг Қурултойи билан банд” жавобига қониқмасдан кетмай ўтирдик. Лекин Каримов бизнинг келганимизни ва айтмоқчи бўлган масаламизни била туриб бизни қабул қилмаётганига амин бўлганимиздан кейин, Пўлат Охуннинг депутатлик бланкида мавзуни англатувчи хат ёздик ва уни регистрация қилдириб ташлаб келдик.
Номини бир йилдан кейин Ўзбекистон халқ демократик парияси деб алмаштириб оладиган бу партиянинг аввалги 75 йиллик қонли ҳаётини ҳисобга олмаганимизда хам унинг ўша кунги қонли воқеаларни олдини олиш ўрнига курултой ўтказиб ўтиргани, унга бир кун бериладиган ҳукум учун асосий далиллардан бири бўлиши керак.
Эртаси кун Ўш ва Ўзганда қонли воқеалар бошланди. 3 мингдан ортиқ бегуноҳ ўзбек ёки қирғиз туркининг қони тўкилди. У ердан дақиқа-ю дақиқа бир биридан даҳшатли хабарлар кела бошлади. Воқеалар маҳаллий доираларнинг контролидан чиққанлиги аниқ. Демак, ўша пайтдаги Совет Иттифоқи давлатининг савиясидаги қарорлар зарур. Аммо Москванинг эшигини тақиллата олиш салоҳиятига эга бўлган Ўзбекистон идорачиларининг ҳаммаси ўзларининг партияларининг қурултойида ўтиришибди.
Биз “Бирлик“ халқ ҳаракати сифатида ўша куни қўлимиздан келган ҳамма ишни қилдик. Дунё жамоатчилигининг диққатини бу воқеаларга жалб қилишга интилдик, бу воқеалар миллатларораси низо эмас, чунки ўзбеклар ҳам қирғизлар ҳам туркдир, воқеалар провокация натижасидир, деб англатишга ҳаракат қилдик. Водийдаги “Бирлик“чилар воқеаларнинг янада кенгроқ ёйилишини олдини олиш учун кеча-ю кундуз оёкда бўлдилар.
Ниҳоят кечаси 12 лар атрофида коммунистларнинг қурултойи битганлиги тўғрисида хабар олдик. Дарҳол Каримовнинг секретари билан боғландик. Секретарнинг айтишича, у киши жуда чарчаган эмишлар, ухлагани кетиптилар. Аммо бизнинг кун бўйи қилаётган телефонларимиздан хабардор эмишлар, бизни Министрлар Советининг раиси Шукрулло Мирсаидов қабул қилармиш.
Хуллас, кечаси 2 ларда бир гуруҳ “Бирлик“чилар Мирсаидовнинг кабинетида эдик. Ўртада қизиқ диалог бўлмоқда:
- Москва воқеаларни олдини олиш учун керакли нарсаларни қилмаётипти. Горбачевга телефон қилиш керак. Ҳозирок.
- Буни фақат биринчи (яъни, Ўзбекистон Коммунист партияси Марказкоми раиси Ислом Каримов, - А.П.) қилолади. Буни эртага гаплашамиз.
- Бўлмаса Масалиевга (Қирғизистон коммунистларининг биринчи секретари) телефон қилинг. Биздаги аниқ маълумотларга кўра, у ердаги давлат милицияси ўз вазифасини бажармаётибди. У бир тараф бўлиб вокеаларда иштирок этмокда. Тезлик билан буни олдини олиш керак.
- Буни хам фақат биринчининг ўзлари қилоладилар.
- Агар Сиз бу ишни ҳозир қилмасангиз, тарих ва миллат Сизни ҳеч қачон кечирмайди...
- ... Яхши. Ҳозир қиламиз.
Орқаворотдан эшитиб юрганимиз машҳур “кремлевка”нинг қудратини дарҳол кўрдик. Мирсаидов бир неча сония ичида Масалиевнинг секретари билан боғланди. Лекин эшитган жавобимиз қон қайнатувчи эмас, қон музлатувчи эди: У тўнғиз ҳам ухлагани кетганмиш.
Кейин Шукрулло ака Қирғизистон Министрлар Совети раиси Жумагуловга телефон қилди ва бизнинг қиргиз милицияси тўғрисидаги талабимизни бироз юмшатиб бўлса ҳам унга етказди.
Чингиз оға даврада
Эртаси куни “Бирлик“нинг Тошкент шаҳри Пишпек кўчасидаги машҳур қароргоҳига ўша пайтда СССР президенти Горбачевнинг маслаҳатчиси Чингиз Айтматов телефон килиб, мен билан гаплашди:
- Мен Ўшда бўлаётган воқеаларда “Бирлик“нинг ҳам қўли бор, деб бизга келаётган хабарларга ишонмайман. Лекин бу тўғрида шахсан ўзингизни тингламоқ истардим.
- Чингиз оға, бизни бир йилдан бери пантюркист деб айблашга ҳаракат қилиб келишаяпти. Биз ростдан ҳам турк бирлиги тарафдори бўлган ташкилотмиз. Биз икки турк кавми орасида бундай қонли жанжал бўлишини исташимиз ҳам мумкин эмас-ку.
- Мен Сизга ишонмасам телефон ҳам қилмаган бўлардим. Воқеаларни биргаликда тўхтатишимиз керак. Мен эртага маҳаллий вақт билан 15-16 орасида Тошкентга келаман. Мени Тошкент аэропортининг ҳукумат залида кутинг. Биргаликда Ўшга учамиз.
Эртасига учрашдик. Кутиб олувчилар 15-20 киши эди. Уларнинг орасида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг ҳамма раҳбарлари бор. Мирсаидов ҳам шу ерда. Чингиз Айтматов мен билан 2-3 марта бош-бошга гаплашди ва охирида шундай деди:
- Кечадан бери Каримов билан доимий мулоқатдаман. Бу ерга келиб унинг Сизга нисбатан фикрларини ўзгартираман, деб ҳаракат қилдим. Бўлмаётипти. Менинг ҳар қандай қарор олишга салоҳиятим бор. Аммо Ўзбекистон каби бир катта республиканинг раҳбарияти билан келишмасдан бир иш қилмасам, дегандим. Ўзбекистон рахбарларининг фикрича, Сизнинг Ўшга боришингиз аҳволни яна ҳам ёмонлаштирармиш. Уларнинг асл мақсадлари бу эмас. Аммо расмий фикрларини шундай деб изоҳлашаётипти. Сиз нима дейсиз?
- Ҳозир орадаги муносабатларни гаплашадиган ва ҳал қиладиган вақт эмас. Сиз ҳозирги миссиянгизни бажаришингиз учун Ўзбекистон раҳбарияти билан биргаликда иш қилишингиз керак. Шунинг учун мен бу ерда қоламан.
Чингиз Айтматов Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодировлар билан тўғри Ўшга учиб кетишди. Уларнинг ҳам саъй ҳаракатлари билан Ўшдаги қонли воқеалар тўхтатилди.
Нима қилиш керак?
Биз аввал Фарғонада, бир йил сўнгра Ўш-Ўзганда бўлиб ўтган қонли воқеалар туфайли алам ва изтироб ичида эдик. Иккала воқеанинг ҳам бостирилишида қўлимиздан келгунча бир нарсалар қилдик, аммо нима учун уларни аввалдан тахмин қилолмадик ва олдини ололмадик?
Бизнинг қўшни жумҳуриятлардаги халқ ҳаракатлари билан ҳеч қандай алоқамиз йўқ эди. Уларнинг лидерларини танимасдик. Уларнинг телефонлари ҳам бизда йўқ эди. Агар бўлса-ку, телефон қилсак, нормал мулоқат бўладими, улар биз билан қандай гаплашишади? Буни ҳам билмаймиз. Жумҳуриятлар орасидаги алоқалар у кунларга қадар фақат Москва воситачилигида қилинарди. Бу ҳамманинг онгига сингиб кетган реаллик. Биз ҳам ҳалигача шу реалликни тан олган менталитетни бузолмаётибмизми?
Бугун бу масалалар жуда оддий кўринса, демак 7-8 йил ичида биз жуда катта тарихий масофни босиб утибмиз. 7-8 йил аввал эса биз бу йуналишда атак-чечаклар қилаётгандик. Бу саволларга ўша кунлари тезлик билан жавоб беролмасдик.
Қонли воқеалар тўхтатилгандан кейин ҳам бу каби саволлар очик қолаверди. Бунинг устига воқеаларнинг янгидан оловланиш таҳликаси ҳали йўқ этилмаганди. Ўш вилоятининг биринчи даражали баъзи раҳбарларини ишдан олган Қирғизистон ҳукумати, иш шу билан битти, деб уйлаётгани кўриниб турарди. Бизнинг фикримизча бу етарли эмас. Чунки Бишкекда юқори лавозимларда ўтирган айбдорлар ҳам бор. Воқеаларнинг асл айбдори бўлган КГБ ҳам бор.
Воқеаларнинг сабаби ўрганилиб, айбдорлар топилмаса, яна тинчлик бузилиши мумкин. Асосий айбдорларни сув юзига чикариш осон иш эмасди. Бунинг учун аввал воқеаларга сиёсий баҳо берилиши керак. Қонли воқеаларнинг масштабини ҳисобга олиб эса, бундай баҳо СССР Олий Советида берилиши керак.
Москвадаги уринишларимиз
Биз шу йўналишда ҳаракат бошлаб, аввал Қизил майдонда, Ленин мавзолейининг ёнида ўтказилган пикетдан бошлаб митингларгача етиб борган сиёсий тадбирлар ўтказдик, Россия меҳмонхонаси олдида бир неча ой очлик эълон қилиб ётган “Бирлик“чи ва Ўшлик ёшларнинг чодирини қурдик. Олдин бизнинг талабимизни рад этган Олий Совет охирида Ўш масаласини кун тартибига олишга мажбур бўлди, унинг қарорини бажаришга мажбур бўлиб қолган Қирғизистон Олий Совети эса Масалиевни президентликдан олди ва Қирғизистонлик демократларнинг талаби билан Аскар Ақаев президент этиб сайланди. Мен шу вақтгача камтарлик қилиб ортиқча урғламадигимиз бу вокеани ҳар томонлама тўғри баҳоланишини истайман. Ҳақиқат шундан иборатки, тамомийла “Бирлик“ раҳбариятининг ташаббуси билан бошланган сиёсий жараён натижасида, қўшни Қиргизистон парламенти Ўш-Ўзган воқеаларига сиёсий баҳо беришга мажбур бўлиб қолди ва бундан фойдаланган Қирғизистон демократлари Масалиевни истеъфо этишга зўрладилар ва ундан бўшалган ерга Аскар Ақаевнинг сайланишини таъминладилар.
Бизнинг Ўш-Ўзган воқеалари билан боғлик ўлароқ Москвада олиб борган фаолиятларимиз алоҳида ўрганилиши керак. Уни бошқа бир мақолада кейинчалик қилармиз. Мен ҳозир бу мақоланинг асосий мавзуси - Турк халқлари ассамблеясига қайтмоқчиман.
Санкт Петербургдаги конференция
“Бирлик“ халқ ҳаракати ўзининг Ўш-Ўзган воқеаларига муносабатини сиёсий Баёнотномаларида билдирган эди. Бизга кўра у воқеалар миллатларораси низо эмас, миллатларни уз мустакилликлари учун бошлаган курашларини тўхтатиш, бу курашни миллатларораси жанжаллар йўлига солиб юбориш учун бу иккала жумқурият раҳбарларининг тасдиғи билан КГБ тарафидан уюштирилган провокация эди. Биз бу нуқтаи назаримиз билан дунё жамоатчилигини таништириш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланишга интилардик.
Бу орада 1-4 сентябрь кунлари Санкт Петербургда ўтказиладиган 1-Инсон ҳуқуқлари конференциясига қатнашиш учун таклиф олдик ва бир неча кишилик хайъат ташкил қилиб у ерга кетдик. СССРда илк марта ўтказилаётган бу конференцияга қизиқиш жуда катта эди. Бутун дунёдан меҳмонлар келган бўлиб, улар хам Ўш-Ўзган воқеалари хусусида Ўзбекистонлик ва Қиргизистонлик вакиллар нима дейишар экан, деб кутишарди.
Аввал Ўзбекистон вакилига, яъни менга сўз берилди. Мен воқеаларнинг бошланиши ва давоми тўғрисида кўпчилик билмаган батафсил маълумотлар бердим ва “Бирлик“нинг юқорида айтилган сиёсий баҳосини асослаб тушинтириб бердим. Қирғизистон вакилининг баҳоси хам бизникига ўхшаш эди. Аслида бу бизнинг катта ғалабамиз булди. Чунки аввалдан келишиб олмаган бўлсак ҳам, бир биримизни айблаб ўтирмасдан сиёсий воқеаларнинг асл сабабларини жуда яхши тушинадиган даражада етук ташкилот эканлигимизни кўрсатдик.
Конференцияда бутун турк халқларининг вакиллари бор эди. Мутлақо кўпчилигимиз бир биримиз билан биринчи марта кўришаёган бўлсак ҳам бир биримизга яқинлашабошладик. Ва ўз-ўзидан бир ерда йиғлиб умумий муаммоларимиз тўғрисида гаплашиб олиш қарорига келдик.
3 ёки 4 сентябрь куни бўлса керак Октябрь меҳмонхонасининг мен, Анвар Усмон ва укам Абдуманноб турган хонасида шундай бир мажлис ўтказдик.
Баландпарвоз сўзларни гапиришни ҳеч истамайман, аммо ўша куни тарихда биринчи марта кўпчилик турк халқларининг вакиллари бир орага келиб ҳасратлашганлари, ҳамма учун умумий булган муаммоларни белгилашга ҳаракат қилганлари ва энг муҳими миллий-демократик руҳдаги ташкилотларнинг фаолиятини координация қилишга қарорлаштирганларини айтишим керак.
У мажлисда Татаристон ҳайъати аъзолари фаоллик кўрсатишди ва ҳаммамизнинг истагимиз билан ўзларига бир вазифа олишди: Ҳамма учун маъқул бўлган бир замонда, аммо келаётган 1991 йилнинг баҳоридан кеч қолмасдан Қозонда турк халқлари вакилларининг қурултойини утказиш.
Ниҳоят 1-курултой
Шу билан Санкт Петербургдан айрилдик. Мен Москвага келдим ва бу ерда сафдошимиз, у пайтлар СССР халқ депутати Пўлат Охун ва бошқа “Бирлик“чи Миролим Одил билан биргаликда юкорида айтилган пикет, митинг, очлик акциялари уюштириб 10 сентябрда очиладиган Олий Совет сессиясиниг кун тартибига Ўш-Ўзган масаласини киритиш учун харакатларимизни давом эттирдим. Бу масалаларда бизга қозоқ диссиденти, уша пайтда СССР халқ депутати машҳур шоир Ўлжас Сулаймоновниг расмий секретари Олмос Эстеков анча ёрдам бериб юрганди. Бутун ичи битмас туганмас энергия билан тўлиб тошган, аммо ҳар доим ҳам ўз энергиясини тўғри йқлда сарфлай олмайдиган Олмос янги бир ташаббус билан машғулди.
Унинг мақсади - биринчиси 1920 йилда Москвада ўтказилган Шарқ халқлари ассамблеясининг иккинчи қурултойини яна Москвада ўтказиш эди. Биринчи қурултой коммунистлар тарафидан чақирилган бўлиб, уларнинг мақсади шарқ халқларини, тўғрироғи мусулмонларни ўз тарафларига оғдириб олиш бўлган. Бугун шарқ халқларининг олдида мустақилликга эришиш ва демократик жамият қуришдек буюк вазифа турипти. Ва бу вазифа ҳамма шарқ халқлари учун умумий вазифадир. Бу фикрдан келиб чиқиб мен Шарқ халқлари ассамблеяси ғоясини қуллаб қувватладим. Чунки энди бутун шарқ халқлари антикоммунистик позицияда туриб мустақиллик ва демократия ғояларини ҳимоя қилишади. Демак иккинчи қурултой антикоммунистик қурултой бўлади.
Мулжалланган қурултой икки кун давом этти. Афсуски, аниқ кунлари эсимда йўқ, аммо у 1990 йил 20-25 сентябрь кунларининг орасида Москванинг том марказидаги Политехника музеининг кичик мажлислар залида бўлиб ўтгани аниқ. Унда Кавказ, Урал-Волга, Туркистон, Олтой ва Сибирь ўлкаларида яшаётган халқларнинг тахминан 150 вакили қатнашди.
Асосий вакт рус-совет зулми остида азоб чекаётган халқларнинг вакилларини тинглаш билан ўтди. Ҳамманинг мақсади бу зулмдан тезрок қутилиш, бу мақсадда ҳамкорлик қилиш эди. Яқин ва узоқ ваъдали мақсадлар, ҳамкорлик қилишнинг усуллари тўғрисида гаплашилмади, ҳисоб. Ассамблеянинг номи кўп бахсларга сабаб бўлди. Баъзилар уни эскиси каби Шарқ халқлари ассамблеяси бўлсин, аммо коммунистлар ўтказган биринчи курултойнинг давоми бўлишни истамаймиз, бу қурултой биринчи қурултой ҳисоблансин, десалар, бошқалар уни Мусулмон халқлари ассамблеяси, деб аталсин, яна бошка бирилари уни Турк халқлари ассамблеяси, деб аталсин, деб таклиф қилишди.
Хуллас, бу масалаларда бир қарор олинмади. Кўпроқ Информацион билдиришга ўхшаб кетадиган Баёнотнома қабул қилинди. Ассамблеянинг номи, унинг программаси, низоми ва бошка ҳужжатларини қабул қилиш 1991 йилнинг баҳор ойларида Қозонда ўтказиладиган кейинги қурултойга қолдирилди. Ҳозирча ишларни юритиш шу ерда сайланган 8 раисдошга топширилди. Раисдошлар ичида мен, Ўлжас Сулаймонов, Олмас Эстеков, Марат Мулюков (Татаристон ижтимоий маркази раиси, ҳозир мархум) ва бошқалар бор эди.
Табиийки, бу қурултойда қатнашганларнинг мутлоқ кўпчилиги турк халқларининг вакиллари эди. Шунинг учун бу йиғилишни турк халқларининг бирлашиши йулидаги муҳим қадам, деб ҳисобласак ҳеч ҳам хато қилмаган бўламиз. Зеро, воқеаларнинг ривожланиши ҳам бу фикрнинг тўғри эканлигини тезда исботлади.
Ассаблеянинг 2- ва 3-курултойлари
Ассамблеянинг навбатдаги қурултойи 1991 йил 19-21 апрель кунлари Қозонда ўтказилди. Бошқа халқларнинг вакиллари келишмагани учун ташкилотнинг номи Турк халқлари ассамблеяси деб тасдиқланди. Бу йиғилиш 2-қурултой номини олди. Қурултойда Ассамблеянинг Программаси ва Низоми қабул қилинди. Бу Программа кўпроқ илмий ҳужжатга ўхшаб кетса ҳам, унда конкретликдан кўпроқ шиор ва чақириқларга ер берилган бўлса ҳам, бу Программа шу йуналишдаги биринчи сиёсий ҳужжат ўлароқ катта аҳамиятга эга бўлди. Баъзи ўзгаришларни ҳисобга олмаса, у ҳали ҳам Ассамблеянинг расмий дастуридир.
Программанинг асосий нуқталари, унинг лойиҳасининг муаллифи, ўша Қурултойда Ассамблея раислигига сайланган Татар турколог олими Рафаэл Муҳамметдиновнинг фикрича қуйидагилардан иборат:
- Турк халқлари ассамблеяси турк халқларининг миллий тикланиши ва тараққиётини таъминлаш мақсадида қурилди.
- Турк халқлари ассамблеяси бошка халқларга қарши тузилган ташкилот эмас ва у ҳамма халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва эркин ривожланиш ҳуқуқини тан олади.
- Турк халқлари ассамблеяси миллатлараро муаммоларни зўравонликка асосланмаган сиёсий йўллар билан ҳал этиш тарафдоридир.
- Турк халқлари ассамблеяси бутун прогрессив ижтимоий-сиёсий ва миллий-демократ ташкилотларнинг ҳамкорлигига таянади.
Бу Қурултой ишида Ўзбекистондан “Бирлик“ халқ ҳаракати (Абдураҳим Пулат) ва Туркистон халқ ҳаракати вакиллари қатнашдилар.
Ассамблеянинг 3- Қурултойи 1993 йил 3-4 сентябрь кунлари Чувашистоннинг пойтахти Чебоксарида ўтказилди. Бу Қурултойда ташкилотнинг программасига СССРнинг парчаланиб бир қатор Турк жумҳуриятларининг мустақилликга эришишидан келиб чиқадиган сиёсий реалликни акс эттирадиган ўзгартиришлар киритилди. Агар бир оғиз сўз билан бу ўзгаришларни тушинтириш лозим булса, мен бундай деган бўлардим: Программа демократиянинг асосий принципларидан бир оз чекинган ва консерваторлик руҳи анча ошган. Бу ўзгаришлар СССР йиқилган бўлса хам Россия Федерацияси ичида қолиб мустақилликга эришолмаган турк халқларининг ҳаётий масалаларидан келиб чиққанлиги сабабли, у бошқалар тарафидан ҳам қўллаб қувватланган.
Чувашистон вакили Вячеслав Тимофеев Ассамблея раислигига сайланган бу Қурултойда Ўзбекистонда мухолифатга карши давом этаётган террор туфайли факат “Бирлик“нинг вакили, ўша пайтда Москвада яшаётган Ёдгор Обид қатнашолди.
4- Қурултой Измирда
3- Қурултойдан кейин асосан молиявий сабаблар билан Ассамблеянинг навбатдаги 4- курултойини чақиришнинг имкони бўлмади. Аммо 1995 йилнинг апрель ойида Стамбулда Ассамблеяга кирган ташкилотларнинг лидерларининг мажлиси бўлиб ўтди. 50дан ортиқ кишининг иштироки билан ўтган бу мажлисни аслида Ассамблеянинг кичик Қурултойи десак ҳам бўлади.
Мана энди шу йил август ойининг 26-28 август кунлари Туркиянинг Измир шаҳрида Турк халқлари ассамблеясининг 4- қурултойи ўтказилди. Қурултой 1- Турк дунёси иқтисод конференцияси билан биргаликда ўтказилса ҳам, байрамона тус берилган очилиш ва ёпилиш маросимларидан ташқари бу икки тадбирнинг мажлислари айри-айри залларда бир биридан мутлақо мустақил равишда режалаштирилганди. Очилиш мажлисида Туркиянинг собиқ премьер-министри, Тўғри йўл партиясининг раиси Тансу Чиллер ва Туркиянинг ҳозирги ҳукуматида Турк жумҳуриятлари билан шуғулланувчи министр лавозимини эгаллаб турган, асли ўзбек - Аҳад Андижон ва бир қатор давлат одамлари иштирок этдилар.
Ассамблеянинг бу Қурултойига ҳамма мустақил турк давлатларида ва Россия ичидаги ҳар хил статусдаги турк жумҳуриятларида фаолият олиб бораётган миллий демократик ташкилотларнинг ҳамда Америкадан тортиб Австралиягача булган давлатларда яшаётган турк жамоаларининг 150дан ортиқ вакили етиб келишди. Унда Ўзбекистондан, мендан ташқари, қуйидагилар қатнашдилар: Жаҳонгир Муҳаммад (Ўзбекистон Олий Советининг собиқ депутати, “Эрк“ партияси секретари), Анвар Усмон (бу кунда мажбуран Германияда яшаётган “Бирлик“чи), Толиб Ёкуб (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти бош секретари, “Бирлик“чи), Сайёра Худойберганова (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти секретари, “Бирлик“чи).
Ўзбекистоннинг собиқ премьер-министри, бу кунларда Ўзбекистон бирлашган мухолифатининг лидери Шукрулло Мирсаидов ва ёзувчи Мамадали Маҳмудов Қурултойга таклиф қилинган бўлишса ҳам, Ўзбекистон ҳукумати рухсат бермагани учун Измирга келишолмади. Ҳалигача билинмаган сабаб билан Туркия ҳукуматидан виза ололмаган “Бирлик“чи Пўлат Охун ҳам Швециядан келолмади. Шукрулло Мирсаидов ва Мамадали Маҳмудовга виза бермаган Ўзбекистон ҳукуматига Қурултой номидан норозилик телеграммаси юборилди.
Узбекистон ҳайъати билан боғлик яна бир нохуш вокеа юз берди. Бир вақтлар Ўзбекистонда фаолят олиб борган, лекин тазйиклар натижасида охирги пайтда эшитилмай қолган Туркистон халқ ҳаракати номидан Измирга икки киши келишди. Уларни яхши танийман - Сейит Байдуллаев ва Бахтиёр Каримов. Бахтиёр Каримов бир вактлар “Бирлик“нинг қурилиш мажлисида ҳам катнашган, митингларнинг кўпчилигида бўлган, ҳозир эса ҳар қандай норасмий ташкилот аъзосини ўз душманидай кўриб, ҳатто жисмоний йўқ қилишга ҳаракат қилиб келаётган Ўзбекистон ички ишлар вазирлигининг Академиясида юқори лавозимда ишлаётган экан. Шу туфайли бир нечта савол туғилди: Демак биз билмай колибмиз, Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги шундай бир демократик ташкилотга айланиб қолиптими? У ўз хизматчисини ўзи аёвсиз таъқиб қилиб келаётган норасмий ташкилот номидан чет элга кетишига ҳам рухсат берадиган даражага етиб келиптими? Ундай булса, мухолифатчилар нима қилиб чет элларда кочиб юришипти? Бу саволлар ўртага чиққандан кейин Бахтиёр Каримовнинг номи Қурултойга таклиф килинганлар руйхатида йўқлиги ҳам маълум бўлди ва у дарҳол Измирдан айрилди.
Қурултойда Турк дунёсининг ҳамма нуқталаридан келган вакиллар гапиришди ва натижада Турк дунёсининг бугунги ҳақиқий манзараси чизилди, десак бўлади. Туркиянинг ўзида хам, бошқа мустақил турк жумҳуриятларда ҳам етарлича муаммолар бор. Лекин шуни яна бир марта кўрдик-ки, ҳали ҳам мустамлака ҳолида яшаётган турк давлатларида (уларнинг биринчиси коммунистик Хитой зулми остидаги Уйғур мухтор жумхуриятидир) ўта жиддий муаммолар бор. Ва Ассамблея эътиборини биринчи навбатда бу каби муаммоларга қаратиши керак.
Турк дунёсида шунча муаммо турган пайтда, мен ўз докладимда Ўзбекистондаги аҳволнинг моҳиятини очиб бериш билан овора бўлиб ўтирмадим. Зотан улар кўпчиликка маълум. Мен Ассамблеяни сиёсий ташкилот сифатида кучлантириш йўли билан Турк дунёсининг муаммоларини ечишдаги ролини ошириш кераклигини сўзладим ва қатор таклифларни ўртага қўйдим. Уларнинг кўпчилиги Қурултойнинг қарорлари ичида ер олди. Масалан, Турк Давлатлари ва Жамоалари Бирлигининг концепциясини яратиш, Ассамблеянинг яқин ва узоқ ваъдали мақсадларининг иерархиясини ишлаб чиқиш, Ассамблеянинг расмий нашри статусига эга бўлган “Турон хабарлари“ журналини чиқариш, Ассамблеянинг маошли ходимларини ва Ассамблея доирасида бажариладиган турли лойиҳаларни моддий таъминлаш вазифасини елкасига оладиган халқаро Турон фондини қуриш ва бошқалар.
Ассамблеянинг янги раисини сайлаш жараёни бошланганда мениниг ҳам номзодим кўрсатилди. Лекин мен “Бирлик“ халқ ҳаракатининг раиси сифатида ишим кўплигини айтиб номзодликдан чекиндим. Раисликка яширин овоз бериш йўли билан Кирим - Татар миллий ҳаракатининг вакили Хилми Умер сайланди. Озарбайжон ва Ўзбекистон хайъатларининг таклифи билан Абулфайз Элчибей Турк халқлари ассамблеясининг фахрий раиси этиб эълон қилинди.
Ўзбекистон хайъати аъзолари Қурултойдан 2 кун олдин Туркиянинг Кастамону вилояти марказида “Турк дунёси кунлари“ номи билан ҳар йили ўтказиладиган байрамларда ҳам қатнашдилар. Турли тадбирларда иштирок эттилар, вилоят раҳбарлари билан учрашдилар. Улар қурултойдан сўнгра бир ҳафта - ўн кун Стамбулда қолдилар ва менинг шахсий меҳмоним бўлдилар.
Сентябрь, 1997 йил