Журнал Ҳаракат №5 (38) 2002. Биз яшаятган жамият
Озодбек - Хокимият эволюцияси
Ўзбекистондаги вужудга келган бугунги бошкарув тизими, президент шахсининг бу тизимдаги роли хакида дунёкарашига мос холда турли одамлар турлича, ва асосан, бир-бирига зид фикр билдирадилар. Мен бу маколамда нима сабабли хозирги хокимият тизимининг номакбўл тизим эканини, ва нима сабабдан бу тизимнинг иложи борича тез ўзгартирилиши ватанимиз, фарзандларимиз келажаги учун ўта долзарб вазифа экани хакида фикр юритмокчиман. Чунки баъзан хатто олий маълумотли шахслар хам демократия бизга нима килиб берарди, деб колишади.

Аввало, хукмдорлик сўзининг асл маъносини олиб кўрайлик. Хукмдорлик – бу эгалик килиш, буйрук бериш хукукига эришганлик, бўйсиндиришдир. Хукмдор бўлган шахс ўз хукмидагиларнинг такдирини хал этиш хукукига эга бўлади. Айни шу бировларнинг такдирини хал этиш хукукига эгалик учун даъвогарлар доимо етарли бўлган ва улар орасида бу хукук учун кўраш кетган. Кадимги ёввойи кабилаларда, хаёт учун кўрашда жисмоний куч хал этувчи бўлган замонларда ўз-ўзидан маълумки, хукмдорлик кила олиш учун жисмоний КУЧга таянилган.

Хукмдорлик хукуки бошкаларни синдириш эвазигагина олиниши мумкин. Бу хайвонот оламидаги серкалик учун кўрашни эслатади. Табиий, бундай ўхшатиш инсониятнинг энг ўзок ўтмишигагина хос бўла олади, чунки инсон онгли мавжудот ва «Нима учун мен сенга бўйсинишим керак, нима учун сен менга буюряпсан – менинг устимдан хукмдорлик килишга сенга ким хукук берди?», деган савол исёни эртами-кечми келиб чикади ва бу хукмдор хокимиятининг баркарор бўлмаслигини таъминлайди. Шу сабабли хукмдорлар ўзок ўтмишдан бошлаб уларда хокимият хукуки, яъни бошкаларнинг такдирини хал этиш хукуки борлигини, ва бу хукук конуний хукуклигини турли йўллар билан асослашга интилиб келишган.

Албатта, энг кўп кўлланилган изох бу – унга бу хукукни худо бергани, чунки бу изохни исботлаб ўтиришнинг хожати йўк ва бу изохни рад этишнинг имкони йўк. Доро ёзмаларида шундай дейилади: «Ахурамазда бу ерни кўрди… ва бу ерни менга топширди, …мен унинг инояти билан шохдирман». Рус императори Алексей Михайлович айтади: «Худо бу заминни азиз килди ва шарки-ю гарби, жануби-ю шимолигача бошкаришни менга топширди». Ўтган кўпчилик фотихлар, хукмдорлар хакида хам шу каби сўзларни келтириш мумкин.

Шу билан бирга кишилар, халклар такдирини хал килиш хукукини худолик даъвоси билан изохлагувчи хукмдорлар хам жуда кўпчиликни ташкил этган. Бу хакда илк ёзма маълумот кадим Шумердан берилган. Ўз кўли остида якин атрофидаги бир канча шахар-кишлокларни бирлаштира олганидан магрурланган шох Аккада худолик даъво килган. Африкадаги жуда кўп сонли хукмдорлар, хатто кабила бошликлари шу тарзда иш тутишган. Инклар хукмдори ўз отасининг эмас, куёшнинг фарзанди хисобланган. Фараонлар эса ўзларини худо Амон хамда куёш худоси Ранинг ўгиллари хисоблашган. Цезардан Диалектиангача ўтган элликдан ортик Рим императори ўзини худо деб эълон килган. 120дан зиёд ўтган япон императорлари куёш маъбудасининг авлодлари саналишади – биринчи императорнинг бобокалони самодан тушган ва уч нарса: килич, кимматбахо тош, кўзгу олиб келган, хозирда бу нарсалар миллий ёдгорлик сифатида ибодатхонада сакланади.

Буларнинг бари хокимиятни кўлдан бермай, сулолалар кўлида колишини таъминлашга хизмат килган. Лекин, табиийки, бу изохларнинг ёлгиз ўзи хокимиятни кўлда тутиб туриш учун етарли эмас, чунки, хокимият учун кўрашувчилар хамма вакт етарли эди. Ва жуда кўп холларда бу даъволар хукмдорнинг якин кариндош уруглари, ака-укалари томонидан илгари сурилган, бу эса ёки давлатнинг парчаланиб кетишига (ака-укалар орасида бўлиб олинишига), ёки давомли урушлар келиб чикишига сабаб бўлган, охир окибатда бу хам давлатнинг инкирозга юз тўтишига олиб келган. Ора- сирада бўлиб турадиган халк кўзголонлари даъво урушлари билан солиштирилганда хокимият учун ортикча хавфли эмас. Буни яхши тушунган узок ва якин ўтмиш хукмдорлари ўзига хос эхтиёт чораларини кўришган. Бу чораларнинг энг эффектлиси – шундай кариндош, биродарларни жисмоний махв этишдир. Бунга мисоллар кўхна тарихда кўп. Макиавеллининг «…фукароларинг сени севиши эмас, сенинг олдингда кўркувдан дахшатда туриши сен учун хавфсизрокдир» деган маслахатини эшитмаган бўлсада холатни тушунган кўп хукмдорлар ўз хокимиятларини мустахкамлашни ўз тугишган биродарларини жисмонан махв этишдан бошлаганлар. Жумладан форс шохи Кир II, Рим императори Калигула, Искандар Зулкарнайн, Чингизхон, Сосонийлар сулоласидан Фраат IV, Святополк I, …. Бу рўйхатни ўзок давом эттириш мумкин. Бу хукмдорлар ўзлари золим, жохил бўлганлари учун эмас, келажакда бўлиши эхтимол даъво урушларининг олдини олиш, давлат, хокимиятни баркарор саклаб туриш максадида шундай ишга кўл урганлар. Буни давр талаби деб хам талкин этиш мумкиндир балки.

Лекин хокимиятга эришиш, ва айникса уни ушлаб туриш учун кураш бу билан тугамаган. Хокимиятга хавф соладиган нарсалар эса жуда кўп. Уларнинг энг асосийлари – мукобил куч ва лидернинг пайдо бўлиши, суикасд, тўнтариш, фукоро рухиятининг назоратдан чикиши, исёнлар…. Инсоният давлатчилик тарихида хукмдорлар, хокимият эгалари томонидан бу хавфларни бартараф этиш ёки камайтирилишнинг турли йўллари кўриб чикилди, бой тажрибага эга бўлинди. Давлат бошкаруви системаси шу тажрибалар давомида ривожланиб, мукаммаллашиб борди. Ва нихоят, Уинстон Черчилл айтганидек «демократия – бу бошкарувнинг ёмон формаси, лекин инсоният фойдаланиб кўрган формалар орасида яхшисидир».

Хакикатан хам демократия хам давлат бошкарувининг идеал формаси эмас, бу хусусда Черчилл тўла хак. Лекин авторитар, ва айникса тоталитар бошкарув системаси билан киёслаганда унинг кай даражада ижобийлиги яккол кўринади. Буни провард натижа – авторитар ва демократия системаларидаги давлатларнинг хозирги даврдаги яшаш шароитлари хам жуда яхши исботлаб турибди. Бу фаркнинг вужудга келишининг бош мезони – демократик системада инсон омили, унинг хак-хукуклари биринчи ўринга куйилишидир. Янада конкретлаштирсак, гап алохида олинган шахс манфаатига бориб такалади. Кўл мехнати у ўзини худо деб эълон килган фараонга хизмат киладими, каттиккўл назоратчилар кўзатуви остида золим хўжайинга хизмат киладими, коммунизм ёки буюк келажак учунми - хеч качон эффектив бўлган эмас.

Хокимиятни кўп жихатдан пулга, бойликка киёслаш мумкин. Биринчидан хар иккиси хам кувват пасайиши – инфляцияга учраши мумкин, иккинчидан, униси хам, буниси хам инсонни бузади, учинчидан хар иккиси канча кўп бўлса, шунча кўпайтиришга харакат килинади – инсон тўймайди, ва хоказо. Айни шу учинчи ўхшашликни Наполеоннинг мана бу гапи жуда яхши ифодалайди: «…ачинарлиси шундаки, мен кеч тугилдим, мен хам Искандар (Александр Македонский) каби ўзимни Юпитернинг ўгли деб эълон килишим мумкин эди, мана унга бутун шарк ишонди, лекин хозир бундай иддаога ким хам ишонарди!». Холбуки, ана шу Наполеон хокимиятининг ўша даврдаги кучини унинг жанг олдидан ўз аскарларига карата айтган мана бу хитобидан тушунишимиз мумкин: «Аскарлар! Бугун менга сизларнинг жонларингиз керак! Ва сиз уни менга берасиз!». Ва аскарлар бу хитобга хайкирик билан жавоб берганлар, иккиланмай жонларидан кечганлар.

Инфляция хусусида мослик давлат бошкарув тизимига хос равишда (яъни авторитар ёки демократик давлатлигига караб) ечилади. Агар демократик давлатда хукумат инфляцияси рўй берганда бундай хукумат истеъфога чикиб ўзидан обрўлирок, кадрлирогига йўл берса, авторитар, тоталитар тузумларда хукуматнинг (ўкинг: хукмдорнинг) обрўсини кўтаришга харакат бошланади. Ўзбекистонда яшаётганлар бу харакатлар нималардан иборат бўлишининг бир кисмини ўз кўзлари билан кўрмокдалар.

Якин ўтган тарихимизда кўрганимиздек, авторитар тузумда хукмдор шахсига жуда кўп нарса боглик. 70 йилдан ортикрок давом этган совет тоталитар тузуми даврида совет халки бир неча хукмдорни кўрди. Бу хукмдорлар учун асосий бир ўхшашлик – хокимият тепасига келгандан сўнг маълум вакт ўтгач, оммавий ахборот воситаларида уларнинг шахслари бетиним улуглана бошлангани. Бу давр мобайнида Сталин-2, Сталин-3 кабиларнинг пайдо бўлмагани бахтли тасодифдир. Бу давр мобайнида совет давлати ўзи мисолида бутун дунёга кандай тузумни барпо этмаслик кераклигини кўрсатди. Нима хам дердик, салбий натижа хам дунё ривожланиши учун керак бўлади. Ачинарлиси шундаки, салбий натижага олиб келган бу тажриба бизнинг устимизда ўтказилди. Дахшатлиси эса шундаки, Ўзбекистонда бу тажриба давом эттириляпти.

Мен биз ўзимизга хос, ўзимизга мос йўлдан борамиз каби иддаоларга кўшилмайман. Нега биз дунё тараккиёти натижаларидан фойдаланиш ўрнига турли бахоналар келтириб, оркага, ХV аср давлат бошкарувига кайтишимиз керак? Нега тараккиётнинг бошка меваларидан фойдаланишимиз мумкину, давлат бошкарувига келганда мумкин эмас? Агар бундай мантикдан келиб чикадиган бўлсак, Ўзбекистонда тезкор автомобилларни хам йўкотиш керак – ўзбеклар катта тезликларга тайёр эмас, канчадан канча авариялар содир бўляпти, бизга ўзимизга хос, ўзимизга мос Москвич, Запорожецлар маъкулрок. Лекин шу мантикни давом эттирсак, эшакаравада юришимиз керак. Гап шундаки, сувсиз сўзишни ўрганиб бўлмаганидек, давлат бошкарувини сиртдан тўла ўрганиб, сўнг бир кунда амалда кўллашни бошлаб бўлмайди. Афсус, бу сохада практика назариётдан олдинда юради.

Шу сабабли 90-чи йиллардаги хукуматимиз кўллаган мухолифатдан хар кандай йўл билан кутулиш, ўзимизга хос – ўзимизга мос йўл излаш сиёсати коммунизм тажрибасини янгигина бошидан ўтказган жафокаш халкимизни яна бир тажриба объектига айлантирди. Саноксиз ер ости, ер усти бойликларига эга бўлган, сабр-бардошли мехнаткаш халк яшаётган мамлакатимизнинг бу кундаги аянчли ахволи собик (нима бўлса хам номи ўзгартирилди-ку) коммунистлар бошлаган тажриба каби мавжуд тузумнинг тажрибаси хам халк бошига факат офатлар келтирганини исботлаб турибди.

Бу кунда Ўзбекистоннинг иктисодий ахволи шу даражада огирки, давлат бошкаруви структуралари мафия билан шу даражада уйгунлашиб кетдики, энди бу холдан чикиб кетиш учун жуда катта кийинчиликларни енгиб ўтишга тўгри келади. Лекин биз халк, миллат сифатида ўз мустакил давлатимиз, ўз бошкарувимиз - хукуматимиз бўлишини хохлар эканмизми, давлатимизни демократиялаштириш ва кийинчиликларни енгиб ўтиш олдимизда турган долзарб вазифа эканлигини тезрок англаб етишимиз лозим.

Озодбек