19 November 2011
03:07 - Пойтахтдаги Нафис санъат мактабида қутуриш касаллиги аниқланди
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган махсус мактаб интернатининг 8-синф ўқувчиси, самарқандлик А.А. (исми шартли равишда берилмоқда - Ҳаракат) қутуриш касаллиги туфайли оламдан ўтди. 5 кун давомида шаҳардаги юқумли касалликлар шифохонасининг алоҳида палатасида сақланган беморнинг ўлими СЭС ходимлари, мактаб интернати жамоасини ваҳимага солиб қўйди.

Мактаб интернат ўқувчилари, айрим педагоглар қутуришга қарши эмланди. Марҳумнинг хонаси, унинг қўли теккан жиҳозлар куйдириб йўқ қилинди. Ўзига хос карантин жорий қилинди.

Аммо, жиноят иши қўзғатилмади, тергов ҳаракатлари олиб борилмади, лоқайд раҳбарлар жазоланмади. Мазкур ҳодиса мактаб директори Зулфиқор Холмирзаев ҳамда туман СЭСнинг “саъй-ҳаракат”лари билан ёпти-ёпти қилинди. Марҳумнинг ўлим сабабига минингет тиббий ташхиси ёздиришга эришилди.

Аслида, дейишмоқда мактаб жамоаси, кўпчилик фожиа сабаби мактаб маъмуриятида эканини яхши билишади. Марҳумга қутуриш касаллиги интернат ошхонасидан чиқадиган қолдиқларни еб юрадиган “Панда” лақабли кучукдан юққанини яхши билишади. Албатта, жонивор йўқ қилинди, лекин совуққонлиги-ю очкўзлиги билан ундан-да хавфли бўлган директор фаолият олиб бормоқда, дейди мухбиримиз.