15 November 2011
02:06 - Ўзбек-тожик чегарасида отишма: бир аскаримиз қурбон бўлди
Бу ҳақда бугун русларнинг Регнум агентлиги Ўзбекистон Милий Хавфсизлик Хизматининг Давлат чегараларни қўриқлаш бошқармаси Матбуот хизматига асосланиб хабар берган. Кўринишидан, хабар фақат Регнумга берилган, Ўзбекистондаги ҳукуматнинг қўғирчоқ аганликлари ҳам хабарни айнан Регнумдан олишган, аммо ўша Матбуот хизматини манбаа қилиб кўрсатишган.

Хуллас, маълум бўлишича, Тожикистон Республикаси билан чегарадош Бекобод тумани ҳудудида 13 ноябрь куни соат 21.20 да содир бўлган отишмада чегарачимиз, сержант М.Тожиев ҳалок бўлган. Ўзбекистон ҳудудига ўтказилаётган навбатдаги наркотик моддаларни зарарсизлантириш ва қўлга тушириш чоғида содир бўлган ҳодисада тожикларнинг қўли борлигига шаъма қилинмоқда.

Чегарачиларимиз умумий оғирлиги 3,8 килограмм бўлган героин моддасини ҳам тутиб қолишибди. Бу тожик наркобаронлари билан тўқнашувнинг аввали ҳам, охири ҳам эмас, дейилади хабарларда. Бироз олдин Самарқанд вилояти орқали юртимизга киришга уринган наркоташмачилар билан қуролли тўқнашув бўлган ва 22,98 килограмм опий моддаси мусодара қилинган.