02 November 2011
00:44 - Ҳоким томонидан дўппосланган фермер ўзини миллий камситилган ҳисобламоқда
Мирзаобод тумани ҳокими А. Ҳусанбоев томонидан шу йилнинг 24 октябрь кунги мажлисда дўппосланган ва тан жароҳати олган “Маъруф Юсупович” фермер хўжалиги раҳбари Маъруф Бобоев ўзини таҳқирланган, миллий камситилган, деб ҳисобламоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлимига мурожаат қилган фермер ўзининг бир қанча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят қилганига қарамай ҳодисанинг эътиборсиз қолаётганини таъкидлаган. Маълум бўлишича, 40 яшар ҳоким пахта режасини 103 фоизга уддалаган фермерни қўшимча мажбурият олишга даъват қилган ва уни кўпчиликнинг олдида дўппослаган. “Бу ер сенинг Озарбойжонинг эмас...” дея ўшқирган.

Қатор орден ва медаллар соҳиби, маҳнат фахрийси Юсуф Бобоев асли озарбойжонлик, Ўзбекистонга кўчиб келиб, давлат фуқаролигини олган. Ҳокимнинг калтаклагани, уларга нисбатан миллатчилик кайфиятида ўшқиргани обрўли хонадон соҳибларида норозилик уйғотган. Агар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳокимга нисбатан чора кўришга ожизлик қилса, улар кўмак сўраб, Тошкентдаги Озарбойжон элчихонасига мурожаат қилмоқчи.

Аслида, дейди ҳуқуқ ҳимоячилари, ҳокимнинг хатти-ҳаракатларидан миллатчиликдан кўра саводсизлик ва маҳаллий бошқарувга хос ибтидоийлик бор. Агар ҳоким миллатчи бўлса, ўзбекларга тегмаслиги лозим эди, ҳокимнинг мушти зарбини ҳар куни тотадиганларнинг деярли барчаси ўзбеклардир.