18 October 2011
04:35 - Ўзбек хабарчилигида масхарабозлик каби ислоҳотлар
Президент Ислом Каримнинг ўтган йили Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қилган “Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислoҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш кoнцeпцияси” номли нутқида хабарчиликни ҳам ислоҳот қилиш гапирилганди.

Аслида, Ўзбекистонда мавжуд бўлган бугунги хабарчилик системасини хабарчилик деб ҳам бўлмайди. Расмий хабарларда мажуд тузумни мақташдан бошқа нарса йўқ. Ўзбеклар мамлаката ичида бўлаётган воқеалардан мутлақо хабарсиз, десак ҳам муболаға бўлмайди. Ҳамма нарса ҳукумат органларининг назорати остида. Ўзини мустақил деб атаса ҳам, аслида ҳукуматнинг қўғирчоғи бўлган gazeta.uz, 12.uz, olam.uz, UzMetronom.com каби Интернет порталлар ҳам шулар жумласидандир. Уларга майда-чуйда масалаларда эркинлик берилган, аммо ҳар қандай муҳим хабар ҳукуматнинг тақсимоти бўйича бу сайтлардан биронтасига берилади, бошига бахт қуши қўнган портал хабар тарқатади.

Тан олиш керакки, Ислом Каримнинг ўша нутқидан кейин сайтларда ҳақиқий танқидий хабарлар пайдо бўлишга бошлади. Яқинда қайсибир сайтда Афросиёб тез юрар поезди ҳақида танқидий хабар чиққанини ёзган эдик.

Мана шундай мислоллардан яна биттаси. Бу хабар gazeta.uz сайтида берилган.

Тошкент Медицина Институтининг эски биноси олдидан ўтган трамвай йўллари олиб ташлангандан кейин, энди кенгайган йўлнинг ўртасида бир дарахт қолиб кетган экан. Уни қирқиб ташлашибди, аммо тўнкаси, расмда кўриб турганингиздек, ҳали ҳам турибди.

Бир-икки йил аввал бундай хабар тарқатилишини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Чунки, Ислом Карим раҳбарлик қилаётган давлат пойтахтининг марказида, кўча ўртасида тўнка чиқиб туришига чидаб бўладими? Мана, қаранг, энди Ўзбекистонда бу каби нарсалар устида кулиб, хабар ҳам тарқатиш мумкин бўлибди.

Балки, бу дарахтнинг сақланиб турилиши ва бу ҳақда хабар тарқатилиши - АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтоннинг Тошкентга келиши билан боғлиқдир. Унга дарахат ва дарахт ҳақидаги хабарни кўрсатиб, мана, бизда ҳамма нарсани танқид қилиш мумкин, ҳатто тўнкани ҳам дейишмоқчидир. “Тўнка” сўзини кенгроқ маънода тушунган Ҳиллари Клинтон учун бу мисол ҳақиқатда Ўзбекистонда ошкоралик бошланганинг кўрсатгичи бўлиши муқаррар.