18 October 2011
02:51 - Олмаотада Туркийтилли Давлатлар Ҳамкорлиги Кенгашининг биринчи саммити бўлади, Ўзбекистон у ерда йўқ
Қозоқларнинг расмий давлат хабар агентлиги Казинфорнинг хабарига кўра, бугун Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили матбуот конференцияси ўтказиб, 20-21 октябрь кунлари Олмотада Туркийтилли Давлатлар Ҳамкорлиги Кенгашининг биринчи саммити бўлишини эълон қилди. Бу анжуманда Озорбайжон, Қозоғистон, Қирғизистоннинг президентлари ва Туркиянинг Бош вазири иштирок этиши кутилмоқда. Йиғилишга Халқаро Турк Маданияти Ташкилотининг (TURKSOY) Бош котиби Дуйсен Касеинов ва Туркийтилли Давлатлар Парлмент Ассамблеясининг Бош котиби Рамиль Гасанов ҳам таклиф қилинган.

Саммитда долзарб халқаро ва минтақавий масалалар, туркийтилли давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инсони й ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади ва Олмаота Декларацияси қабул қилинади.

Маълумки, дейди мухбиримиз, Ўзбекистон президенти Ислом Карим умумтуркий масалаларга душманлик кўзи билан қарайди ва бундай ташкилотларнинг биронтасида Ўзбекистоннинг иштирок этишига йўл бермайди. Аммо, вақти келиб ҳамма нарса ўзгаради. Ўзбекистон умумтуркий масаларни ҳал этишда асосий ўйинчига айланади.

Туркманистон раҳбари бу саммитга нима учун келмаслиги маълум эмас.