18 October 2011
01:25 - “Эзгулик” пахта теримининг аянчли манзаралари ҳақида гапирмоқда
Жамиятнинг бугун тарқатилган 39-сонли релизида мамлакатда кечаётган пахта теримининг аянчли манзаралари ҳақида гапирилади. Масалан, Бухоронинг Ғиждувон тумани Зарафшон фермерлар уюшмасига қарашли Урганжи қишоғида яшовчи 31 ёшли Жўрабек Шарипов пахта кампанияси муносабати билан шаҳар кўчаларини тўсиш учун қўйилган бетон плитага мотоциклда урилган ва ҳалок бўлган. Унинг икки нафар норасида фарзанди етим, аёли тул қолди.

Шу йилнинг 24 сентябрида эса Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги 24-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Баҳодир Пардаевнинг терим даврида автоҳалокатга учрагани ва чалажон ётгани маълум. Бу ҳолни текшириши лозим бўлган прокурор, миршабларнинг ўзи ҳам белларига этак бойлаб, пахта термоқда.

Сирдарёда эса 17-18 октябрь кунлари оммавий ҳашар эълон қилинган ва шу муносабат билан вилоятдаги барча мактаб ўқувчилари пайкалларга жалб қилинибди.

Пойтахт Тошкентда эса айрим олий ўқув юртлари, жамоат ташкилотлари, шифохоналар ишчилари теримга сафарбар қилинган. Ҳатто ўрта мактабларнинг ўқитувчилари Жиззах вилояти пайкалларига олиб кетилмоқда, боришни хоҳламаганлар эса пахта сотиб олиш пул беришлари лозим.

Алоҳида таъкидлаш керакки, дейилади пресс-релизда, ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда болалар меҳнати эксплуатация қилинаётганини бутун дунёга билдирдилар, бунинг натижасида, бир қатор Ғарб ширкатлари ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечди, Гулнора Каримова Нью-Йоркда шарманда қилинди. Аммо, Ўзбекистоннинг ўзида бу соҳада ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти. Демак, сиёсий ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилишга эътиборни кучайтириб, мухолифатни сиёсий майдонга расман чиқишига эришиш йўли билангина бу масалада ҳам ижобий натижаларни кўриш мумкин бўлади.

Релизнинг тўла матнини жамиятнинг расмий веб сайтида ўқийсиз — www.ezgulik.org