17 October 2011
01:09 - Абдураҳим Пўлат: 1990 йилдаги 300 сўмдан 2011 даги 300 долларгача
Аввалги хотирамларда бир неча марта тилга олинган бир воқеани яна эслатаман.

1989 йилнинг охири ва 1990 йилнинг бошларида Совет армиясида хизмат қилаётган ўзбек аскарларини ўлдириб кетиш ҳоллари кўпайди. “Бирлик” халқ ҳаракати “Ўзбек йигитлари Ўзбекистон ҳудудида аскарлик хизматини ўтсин” деган талаб билан чиқди.1990 йил 26 апрелда бўладиган Ҳайит арафасида бир ўзбек аскар йигитнинг жасади Тошкентдаги Пахтакор стадиони орқасидаги маҳалладаги уйига олиб келингани маълум бўлди. “Бирлик” фаоллари у йигитнинг қариндошлари билан иш олиб бордилар ва Ҳайит намози ҳамда жанозадан кейин тобутни аввал Марказком биноси олдига олиб бориш ва ўша ерга Ислом Каримовни чақиртириб, талабларни ўртага қўйишга кўндирдилар.

Ўша куннинг воқеларини сўз билан англатишга кучим етмайди. Абдулазиз Маҳмудовнинг “Бирлик”ни бўлинишини акс эттирувчи “Можаро” фильми каби, 1990 йил 26 апрель куни воқеаларини кўрсатувчи “Ой бориб омон кел” деб номланган ҳужжатли киноси ҳам ахир бир кун ўзбек халқига етказилади. Ана ўшанда бизнинг мардларча курашимиз ва хоин шоир-ёзувчиларнинг асл башарасини ҳамма кўради. Ҳозир “Бирлик”га душманлиги билан танилган сайтлару “Озодлик” ва ББС радиосининг ўзбекча программаларида тарихни бузиб, ўзларини оқлаш билан шуғулланаётган сотқинларнинг ва уларга ёрдамчилик қилаётган кимсаларнинг башарасига ўзбек халқи тупуради.

Хуллас, ўша 26 апрель куни ўлган аскарнинг тобутини Камолон қабристонига олиб боришдан аввал Марказком биносига қараб йўл олдик. Ўзбекистон 40 йиллиги проспектига (ҳозир Шароф Рашидов проспекти, шекилли) чиққанимизда кўрдикки, проспект Анхор кўпригига етмасдан икки қатор юк машиналари билан тўсилган, ҳаммаёқ миршаблар билан тўла. Сувдек оқиб келаётган одамлар тобут билан биргаликда тўхтамасдан биринчи қатор машиналарнинг устидан ўтиб кетишганини кўрсангиз ваҳимага тушасиз. Ҳа, ҳақиқатдан, халқ - дарё, халқ - тўлқин, халқ - куч эканлигини кўрасиз.

Аммо, ўша кунги кучимиз иккинчи қатордаги машиналар ва унинг олдида қўлини қўлига ўраб олган бир неча қатор миршаблар халқасини ёриб ўтишга етмади. Мен ўшанда: “Бугунги кучимиз шу ергача экан, энди мозорга кетайлик. Бу йигитнинг қотиллари қаторига ана у бинода ўтирган Каримов ҳам киради” деб қисқа гапирдим ва Камалон қабристонига қараб йўл олдик. Бутун йўлда транспорт ҳаракати тўхтатилган, бу проспектга чиқадиган ҳамма кўчалар миршаблар томонидан тўсилган эди. Кўча четида одамлар нима бўлаётганига тушунмасдан ҳайрон бўлиб қараб туришарди.

Аскарнинг тобути билан ўтказилган намойишдан кейин мени ва “Бирлик”нинг адвокати Миролим Одиловни намойиш ташкилотчилари сифатида суд қилишди ва ҳар биримизга 500 сўмдан жарима солишди.

Бир неча кундан кейин, янглишмасам, 3 ёки 4 май куни, Миролим Одилов раҳбари бўлган Тошкент шаҳар адвокатлар консультацияси офисида, унинг кабинетида гаплашиб ўтиргандик. Кун иссиқ, у пайтда кондиционерлар йўқ. Шу сабабли, кабинетнинг деразаси ва эшиги ҳам очиб қўйилганди. Офиснинг котибаси олдида навбатда турган 3-4 одам ҳам коридорда кўриниб турарди. Бир маҳаал ўша навбатда турган одамлардан бири, у тахминан 35 ёшлар атрофида эди, эшикдан мўралаб, киришга рухсат сўради ва олдимизга кириб, шундай деди: “Ҳайит куни Тошкентда мисли кўрилмаган намойиш бўлганини эшитгандим. Кечирасиз, ҳозир гапларингизни эшитиб қолдим. Сизлар унинг ташкилотчиларимисиз?” Биздан “ҳа” жавобини олгач, йигит давом этди: “Мени сизларда жуда муҳим ишим бор, яна ярим соат шу ерда бўласизларми, мен уйга бориб келишим керак”. Биз яна “ҳа” дедик, йигит шошилиб чиқиб кетди.

Биз ўйладикки, унинг ҳам армияда хизмат қилаётган яқинлари билан боғлиқ муаммо бор, улар ёрдамга муҳтож, шу ишга оид қандайдир ҳужжатлар бўлса, шуларни олиб келгани уйига кетган бўлса керак.

Ярим соатлардан кейин қайтиб келган йигит шундай деди: “Сизлар намойиш қилганингиз ва жаримага тортилганингиз ҳақида узунқулоқ гаплар эшитгандим. Эшитиб йиғладим. Умримда биринчи марта ўзбеклигимдан фахрландим. Ўша жаримани тўлаш учун шу пулни ҳам ишлатарсизлар, уйимда бори шу экан, бўлса ҳаммасини берардим” дея бир даста пулни столга қўйиб, “ҳеч бўлмаса ўзингизни таништиринг” дейишимизга қарамасдан, ўқдек отилиб чиқиб кетди. Ўқдек отилишининг сабабини ҳам кўриб турардик, у пулни қайтариб беришимиздан қўрқарди.

Ҳозир аниқ эсимда йўқ, турли хотираларимда турли рақамларни айтибман. Аммо, унинг берган пули бир неча сўм эмас, 300-400 сўм атрофида эди. Ўша пайт учун жуда катта пул.

Мана орадан 21 йил ўтди. “Бирлик” ва у каби бошқа Совет республикларидаги халқ ҳаракатлари ва фронтларнинг кучи билан СССР парчаланди, Ўзбекистон мустақил бўлди.

Бармоқ билан санаса бўладиган сондаги ўзбекларнинг Россияда ўлдиришига қарши митинг қилган эдик, энди минглаб ўзбеклар Жаслик ва бошқа зиндонларда мухолифатдан чиққан Салой Мадамин раҳбарлигидаги хоинлар ёрдамида оёққа туриб олган режим тарафидан тириклайин чиритилмоқда, мустақиллик орзуси билан яшаган ва курашган Мурод Жўраев ва Мамадали Маҳмудов каби миллат фарзандлари сал кам 20 йилдан бери қамоқда ётишибди. Миллат жим.

Чегарларимиздан бор-йўғи бир неча километр нарида бир ҳовуч қирғиз фашистлари ўзбекларни тирклайин ёқдилар, қизларимизни зўрладилар, юзлаб ўзбекларни ўлдирдилар. Дунё бўйича сони 30 миллионга яқинлашиб қолган, аммо қорамоллар подасига айланган ўзбек миллати жим.

Фақат “Бирлик” Партияси Қирғизистонга ўзбек армиясини олиб киришни таклиф қилди, ўзини мухолифатчиман, миллатчиман деб чет элга қочиб олган ўзбеклар ҳам жим. Фақат “Бирлик” Партияси қаердадир чет элда эмас, Тошкентда мажлис ўтказиб, Қирғизистондаги ўзбекларни ҳимоя қилишга чақирди, аммо миллат жим.

10 нафар бирликчи-эзгуликчи шу йил 10 июнь куни, яъни ўзбеклар қирғинининг бир йиллиги куни, Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси олдида норозилик пикети ўтказиш жасоратини кўрсатолди. Миллат яна жим.

Бир ўзбек аскари ўлдирилгани учун юзлаб ўзбеклар Совет замонида норозилик билдиришга журъат қилолгандилар. Бугун қўшни мамлакатда юзлаб ўзбеклар қирғин қилинса ҳам, мустақил Ўзбекистоннинг ўзбеклари жим.

10 июндаги пикет орқали ЎЗБЕКнинг борлигини кўрсатолган эзгуликчилар Тошкентда офислари учун кира пули тўлаш имконлари йўқ. Жимлигини қўйиб туринг, уларга ёрдам қўлини чўзадиган ўзбек миллати борми ўзи?

Кеча номини айтилишини истамаган, ҳозир АҚШнинг Флорида штатида яшайдиган бир ўзбекдан мактуб олдим. “Сайтларингизни кўриб бораман. Қаҳрамонларча олиб бораётган ишларингиздан озгина бўлса ҳам хабардорман. Аммо, “Эзгулик” офиси учун кира тўлашга ҳам имкон йўқлигини билмаган эканман. Менинг ҳам имкониятларим чекланган. Шу сабабли бор-йўғи 300 долларлик чек юбормоқдаман, ёрдами тегар”.

Ҳа, ёрдами тегади. Сизга катта раҳмат, флоридалик дўстим. Худди Сиз каби 300 доллар юборган қўқонлик бирликчи, ҳозир Миссури штадида яшайдиган сафдошимизга ҳам миннатдорчилик билдираман.

Айни замонда, шу нарсаларни ҳам айтишга мажбурман. Коммунстлар тарихни омма яратишини айтишарди. Ундай эмас экан. Тарихни шахслар яратади. Миллатни ҳам қорамолликдан шахслар олиб чиқади.

Мен шу йил 9 октябрь куни “Ҳомий/спонсорлар ўз ватандошларимиздан чиқиши керак, яна бир марта уларга мурожаат қиламан” номли чақириқни ёзганда, АҚШда ҳеч бўлмаса 20 нафар мард, яъни тарихимизни яратишда иштирок этадиган шахслар топилишига умид қилгандим.

21 йил аввал, юқоридаги айтганимдек, бир марднинг борлигига шоҳид бўлганман. Аммо, Фанлар Академиясида мени танийдиган ва бизга хайрихоҳ бўлган дўстларим яширинча келиб (очиқча келишга қўрқишарди), ўша воқеа бўйича қўлимни сиқиб кетишгани ҳам эсимда. Лекин биронтаси ўша жаримани тўлашда иштирок этишга ҳаракат қилганини билмайман. У пайтда бунга эҳтиёжим ҳам йўқ эди. Лекин, айнан ўша воқеалар ўзбеклар курашга тайёр эмаслигини кўрсатувчи факт эканлигини кейин тушундим.

Нима бўлса ҳам, ўзбек мардларинг сони энди икки баравар ортганидан хурсандман. Икки киши “Эзгулик”га эмас, аслида, миллатга ёрдам қўлини чўзди. 21 йил аввал ягона мард бор эди. Қани энди унинг исмини билолсак. Миллат тарихини яратишда иштирок этган шахсга таъзим қилардим.