Бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятга Шайхонтоҳур тумани суд ижро Департаментидан яна бир ижро варақаси келди. Мазкур ҳужжатдан маълум бўлишича, жамият Метмурадов деган фуқарога 250 000 сўм миқдорида маънавий зарар тўлаши ва ундан кечирим сўраши лозим эмиш. Суриштирилгач маълум бўлдики, Метмурадов миршаббошилар томонидан ваҳшиёна ўлдирилган хонанда Дилнура Қодиржонованинг болаларини боқиб олган, уларни Матлубовларнинг кўмагида бувисига бермай келаётган аёлнинг укасидир. Гўё, бу одам ўтган йилнинг 28 декабрида “Дилнура Қодиржоновани ким ўлдирди?” номли раддиядан(!) маънавий зарар кўрган эмиш.
Раддияда на номи тилга олинган, на миршаббошилар ва “Эзгулик” ўртасидаги мусоҳабага алоқаси бўлмаган бу одам қаердан чиқди, худо билади. “Эртага Департаментга бориб, бу нима гаплигини аниқлаштираман. Наҳотки, умримиз Метмурадова-ю Матлубовларннг уруғ-аймоғига жарима тўлаб ўтса” деди жамият раҳбари Васила Иноят.
Ҳар ҳолда, таниқли хонанданинг ўлими борасидаги бир метариал учун тўртинчи марта жазога тортилаётган “Эзгулик”нинг мулклари яна мусодара бўлиш арафасида, чунки суд ижрочиларига тўланадиган маблағнинг ўзи йўқ. Ижара шартномаси бўйича офисидан айрилиш арафасида турган ҳуқуқ ҳимоячиларига берилган зарба сўнггисига ўхшамаяпти. Матбуловларнинг яна бир вакили, “ҳуқуқ ҳимочиси” Ольга Краснова жамиятдан 2,5 миллион сўм талаб қилиб, Олий судга мурожаат қилган.
Эслатиб ўтамиз, “Эзгулик” 2009 йилда “Дилнура Қодиржоновани ким ўлдирди?” номли релиз чоп қилган ва шундан сўнг релиз қаҳрамони, Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг укаси Жамшид Матлубов кўмагида бир неча фуқаролар судга қайта-қайта мурожаат қилди. Суд уларнинг фойдасига 4 марта турли суммалардаги жарималар чиқарди, жамиятнинг мулклари бир марта мусодара қилинди. Ва, ниҳоят ўтган йилнинг декабр ойида релиз юзасдан раддия берди, лекин Матлубовлар тинчимаяпти.
Мавзу юзасидан материаллар:
http://harakat.net/el_news.php?id=7368
http://harakat.net/el_news.php?id=7362
http://harakat.net/el_news.php?id=7779