08 October 2011
20:04 - Туркия Бош вазирининг онаси Танзила Эрдўғон тупроққа берилди
Бугун Истанбулдаги Фотиҳ жомесида Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғоннинг онаси Танзила Эрдўғоннинг жанозаси ўқилди.

Давлат ва ҳукуматнинг ҳамма раҳбарлари ҳам ҳозир бўлган жомий бугун қанчалик тўлиб-тошгани, хавфсизликни таъминлаш учун нималар қилинганини ҳам тасаввур қилиш қийин эмас.

Эрдўғон тобутни ўз елкасида кўтарганини кўрсатувчи расмлар ҳамма ахборот воситалари томонидан тарқатилди. У онасининг Узқудардаги (Истанбулнинг Осиё қисмида) уйидан жомийгача ўзининг расмий автомобилида эмас, тобут ташиган автомобилда келгани ҳам кўрсатилди.

Танзила ая кеча эрталаб оламдан ўтгач, Бош вазирликдан тарқатилган баёнотда, одамлардан гулчамбарлар жўнатмаслик, оммавий ахборот воcиталари орқали таъзия билдирмаслик, бунга кетадиган ҳаражатларни Истанбул Таълим ва Ёшларга Хизмат Вақфига ҳайрия қилиш сўралган бўлишига қарамасда, жоме атрофи гулчамбарлар билан тўлган, бугун-эрта оммавий ахборот воситалари таъзияномалар билан тўлишини ҳам тахмин қилса бўлади.

Шу дақиқаларда марҳуманинг жасади Қорачааҳмат қабристонида тупроққа берилди.