30 September 2011
00:26 - Биринчи расмий ўзбек миллионери Қирғизистондан чиқди - Қодиржон Батиров, аммо унинг боши дардда
Жалолободда ўтказилган Давра кенгашида номи келтирилмаган туманнинг ҳокими Бекболат Ибрагимовнинг айтишича, Қирғизистон жанубидаги тартибсизликлар ташкилотчиси, собиқ парламент аъзоси Қодиржон Ботировнинг бойлиги $3,5 млн деб топилган ва бойлик айнан шу нархга сотилган. Табиий, бойлик давлат фойдасига мусодара қилиб бўлингани сабабли, пул давлатнинг қўлига ўтган, дейилади 24.kg агентлигининг хабарида.

Қодиржон Батиров ва бошқа 5 киши - Ином Абдурасулов, Абдраҳмон Абдуллаев, Махаматрасул Абакжонов, Ҳалилжон Худойбердиев ва Жавлон Мирзахўжаевлар устидан Жиноят Кодексининг “Оммавий тартибсизликлар уюштириш ва уларда иштирок этиш”, “Сепаратистик фаолият”, “Миллий, ирқий, диний ва минтақалараро душманлик уйғотиш” моддалари бўйича жиноий иш очилган.

Ином Абдурасулов, Ҳалилжон Худойбердиев ва Жавлон Мирзахўжаевлар эса, бундан ташқари, “Тижорий ёки бошқа ташкилотнинг хизматчиси тарафидан ўз ваколатларини ўзига фойда чиқариш ниятида бу ташкилотнинг манфаатларига қарши ишлатиш” моддаси бўйича ҳам айбланадилар.

Қодиржон Батировдан ташқари юқорида номи тилга олинган 5 киши “Ноқонуний ҳарбий ташкилотлар тузиш”да ҳам айбланмоқдалар.

Биринчи расмий ўзбек миллионери ва унинг сафдошлари устидан маҳкама Жалолобод шаҳар судида бўлмоқда. Айбланувчиларнинг ҳаммаси чет элларга чиқиб кетгани сабабли, суд уларнинг иштирокисиз ўтмоқда.

Мустақил Халқаро Комиссия ўзбекларга қарши жиноят қилинганини тан олишига қарамасдан, Қирғизистондаги мавжуд режим жиноят қурбони бўлган ўзбекларнинг вакилларини суд қилаётгани - қирғизлар ўзбеклар билан мутлақо ҳисоблашмай қўйганини кўрсатади, дейди мухбиримиз. Ўзбекистон ташқи ишлар вазри Элёр Ғаниевнинг куни кеча БМТ Бош Ассамблеясида гапирган ўта юмшоқ сўзлари қирғизларнинг яна ҳам кўпроқ ваҳшийликларга ундаши табиий.

Ўзбекистонда ҳокимиятга “Бирлик” Партияси келиб, ўз баёнотларида айтилган фикрларни амалга оширишни бошламагунча, Қирғизистондаги ўзбекларнинг бошига катта балолар келиши муқаррар. Жаҳон ҳамжамияти ўзини ўзи ҳимоя қилолмайдиган ўзбек миллатига ёрдам қўлини чўзмоқчи эмас.