29 September 2011
01:24 - Пахта терими манзаралари: тўйлар азага, қўйлар гўштга айланмоқда
Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячи Бахтиёр Ҳамро воситасида олинган хабарга кўра, Бахмал тумани хокими Акмал Абдуллаев туманнинг собиқ Мичурин жамоа хўжалигида элга ош бераётган киракашнинг тўйини бузди. “Нега пахта мавсумида тўй қиляпсан” дея ноз-неъматлар тўла дастурхонни улоқтирган, столларни тепиб ағдарган ҳокимни кишилар ақлдан озган дейшмоқда.

Бош вазир Шавкат Мирзиёевга қариндошлиги бўлган бу йигит ҳатто меҳмонлардан бирининг автомашинаси ойнасини ҳам синдиришга жазм қилибди. Жазавага тушган ҳоким 25 сентябрь куни бутун қишлоқни электр токидан маҳрум қилишга кўрсатма берган.

Пахтакор тумани ҳокими Солиев эса ҳашарчиларни озиғ-овқат билан таъминлашнинг антиқа йўлини топди. У миршаблар ва 2-3 қассоб воситасида пахта пайкалларига яқин ерларда ўтлатилаётган отарларга ҳужум қилиб, қўй-эчикларни бўғизлатмоқда. Пахта майдонини пайҳон қилди баҳонасидаги бу “ўлпон”лар ҳашарчиларга берилмоқда, дейди мухбиримиз.

Таҳририятимизга Қашқадарё, Сирдарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидан келаётган хабарларда ҳам шу хилдаги антиқа воқеалар тилга олинади. Ўрта асрларга хос ибтидоий экспулатация тарзи ҳақидаги бу маълумотларни эшитиб на кулишингни биласан, на йиғлашингни...

Аммо, бир нарса аниқ. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг инсон ҳуқуқларини топтаётган Ўзбекистон режимини жаҳон жамоатчилиги олдида фош қилаётганлари мақтовга сазовор. Аммо, бу етарсиз нарса. Ҳозир “Эзгулик” фаоллари айтаётгани каби, мухолифатнинг сиёсий саҳнага расман чиқиши учун кураш самаралироқдир. Расмий мухолифат пайдо бўлгандан кейингина, инсон ҳуқуқлари масаласи ҳокимиятнинг олдига кўндаланг қилиб қўйилади ва ечим талаб қилинади.