24 September 2011
04:23 - Филистин Исроил ва Ғарбнинг босимига қарамасдан БМТга тўла аъзолик учу ариза берди
Филистин давлатининг ҳудудлари Исроил ишғоли остида эканлиги ва АҚШнинг қаршилигига қарамасдан, бугун Филистин президенти Маҳмуд Аббос ўз давлатини БМТ тарафидан тан олинишини сўраб, ариза топширди, дейилади Reutеrs агентлигининг хабарида.

У аризани БМТ Бош вотиби Бан Ки Мунга Бош Ассамблеянинг ҳозир ўтаётган сессиясидаги нутқидан бир оз олдин топширди. У ўз нутқида “Мен кимдир бизнинг мустақиллигимизга ва БМТнинг тўла аъзоси бўлишимизга қарши чиқишига ишонмайман”, деди ва гулдурос қарсаклар остида қолди.

Маҳмуд Аббоснинг кетидан минбарга чиққан Исроил Бош вазири Беньямин Натаняху БМТнинг қарори эмас, тўғридан-тўғри музокаралар ва Исроилни Филистин тарафидан тан олинишигина тинчликка олиб келишини гапирди.

Хуллас, БМТнинг 53 йил аввалги қарори асосида тузилиши керак бўлган Филистин давлатининг тақдири учун ҳал қилувчи давр келмоқда.

Агар, АҚШ сайлов олди коньюнктурадан келиб чиқиб, Филистиннинг ҳозир тан олинишига қарши чиқса, ислом терроризми яна бир авлодга умрини узайтириб олади, деб ҳисоблайвериш керак. Демак, яқин йилларда ҳамма нарсани қурол билан ҳал қилиш амалиёти давом этаверади.