14 September 2011
17:26 - Олий Мажлиснинг Қонунчилик Палатаси Давлат бюджети ижросини тасдиқлади
Кеча буўлиб ўтган Қонунчилик Палатасининг мажлиси ҳақида расмий хабар бугун саҳарда тарқатилди. Мажлис кун тартибининг асосий масаласи: Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2011 йил биринчи ярим йилидаги ижросига доир ҳисоботини тинглаш.

Бу масала бўйича молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев ва Қонунчилик Палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг раиси Б.Иминов маъруза қилишди.

Узундан-узоқ хабарга кўра, бу ҳужжат ўта қизғини муҳокама қилинган, аммо муҳокамада қатнашган биронта одамнинг исми ва конкрет айтган гаплари келтирилмаган. Табиий, ҳисобот қабул қилинган.

Қонунчилик Палатасининг йиғилишида иккита янги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилибди. Булар:

1. “Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун маъсулият оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритиш ҳақида.”

Депутаталар бу қонунни қабул қилиб, тасдиқлаш учун Сенатга юборишди.

2. “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида.”

Бу қонун лойиҳасида йўловчиларга кўрсатилган хизматлар сифатини ошириш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида линия таксилардан фойдаланишга доир муайян талаблар белгиланган. Қонун биринчи ўқишда қабул қилинибди.