12 September 2011
00:41 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Бартер, бартер, бартержон!..” деб куйлайди Омондавлат Сафаров
Сурхондарёда етиштирилган пахтанинг саноатбоп чигитлари Денов шаҳридаги “Сурхонозиқовқатсаноати” ҳиссадорлик жамиятида қайта ишланиб, ундан пахта ёғи, кунжара, шелуха ва хўжалик совуни тайёрланади. Номи ҳиссадорлик жамияти бўлса ҳам, феълан давлатники бўлган шу корхона кейинги йилларда раҳбарга ёлчимай қолди. Шунинг учун бу ерга Марказдан, яъни Тошкент шаҳридан тадбиркорлиги ошкора эътироф этилган Шавкат Жамолов деган ажойиб инсон раҳбарликка сафарбар этилди. У Деновга худди юқори даражадаги давлат арбоби сингари хусусий тансоқчилари билан келди ва ўз салтанатини қурди. Ана шу Шавкат Жамолов ҳар ҳафтада шахсий соқчилар ҳамкорлигида ҳукуматнинг самолёти билан уйига учиб бориб, учиб келар эди.

Бир марта Термез аэропортида ваколатли одамлар унинг сумкасини кўздан кечиришган эди — кўп ҳам кўзга ташланмайдиган ўша сумканинг ичидан битта кирсовун билан 477 000 АҚШ доллари чиқди. Табиийки, Ш.Жамолов сумкани ичидаги пули билан текширувчиларга ташлаб кетишга ҳам рози эди, аммо бўлмади.

Хуллас, суд уни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Катта тафтиш катта жиноятларни очди – фақат пахта ёғидан 3,5 миллиард сўм камомад чиқди.

Ўзингиз ҳам биласизки, тафтишчилар жуда секин ишлашади – туяни игнани кўзидан ўтказмоқ учун бир неча йил керак бўлди. Маълум бўлишича, уюшган гуруҳ ҳамжиҳатлик билан ишлаган, шунинг учун ҳам келтирилган зарар осмонга чиқиб кетди.

2010 йил 23 март куни жиноят ишлари бўйича Денов туман суди 19 нафар айбланувчининг жиноий фаолиятига ҳуқуқий баҳо берди. Уларга, шу пайтгача нима иш қилган бўлсаларинг бемалол давом эттираверинглар, фақат ойликларингдан 20 фоиз атрофида бир неча йил давлатга тўлаб турсаларинг бўлди, тағин билмасдан ноқонуний даромадларингни ҳам ойликка қўшиб юборманглар, тушунарлими, дейилди. Ҳамма судланганлар бир овоздан “Тушундик, отангизга раҳмат, ҳақиқат бор эканку!” деди. Бу ҳукмга судланганларнинг ўзи уёқда турсин ҳатто уларнинг амма-холалари ҳам эътироз билдиришмади.

Суднинг бу ажойиб ҳукмини минг марта ўқисангиз ҳам уюшган катта жиноий гуруҳнинг қандай чатоқ иш қилганлигини билолмайсиз. Ҳукмдаги бир оғиз “етказилган зарар тергов жараёнида тўлиқ қайтарилганлиги инобатга олинсин” деган тошёнғоқни чақиш учун фақат хомхаёл қилиш керак. Баъзилар бу тўланган зарар ўн миллиард сўмдан ошиб кетади, деган гапларни ҳам айтишади. Баъзилар эса у зарарнинг асосий қисмини ўша пайт бош технолог, сўнг бош муҳандислик масъулиятини елкасига олган Омондавлат Сафаров чўнтагидан тўлаб юборганлигини ҳам башорат қилишади.

Ўзбекистон ЖКнинг 28-моддаси орқали 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 209-моддаси билан судланган Омондавлат Сафаров орадан 5-6 кунни ўтказиб, вилоятда ягона ҳисобланган корхонага раис бўлганлигини ҳам кўп миллиард сўмлик зарарни ўз ёнидан тўлаб юборганлиги учун “юқори”нинг “ташаккурнома”си сифатида тушунса бўлади. Чунки суд ҳукмида ҳам “Сафаров О.Э.га... уч йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлансин. Жазо Сафаров О.Э.нинг иш жойи, яъни “Сурхонозиқовқатсаноати” жамиятида ўташ белгилансин ва жазони ўташ муддати ҳукм ижрога қаратилган кундан ҳисоблансин” деб кўрсатилган. Омондавлат Сафаров катта заводнинг катта ишларини ўз қўлига олганидан сўнг, ҳамма бараварига “ош бўлсин, қонунлар ҳам ўзимизга ўхшаб қолибди!” деди.

Тафтиш ва тергов кунлари кунжара ва шелуханинг намлик даражаси белгиланган меъёрда ва бундан харидорлар хурсанд эди. Суддан сўнг Омондавлат Сафаров кунжара билан шелуханинг намлигини 45 фоизга етказиш тўғрисидаги буйруқни имзолади. Бу – истеъмолчиларнинг кўзини ўйиб олиш дегани эди.

Қаранг, шундай бўлса-да, А.Бабанов мудир бўлган кунжара шелуха омбори тафтиш қилинган эди 1000 тоннадан зиёд камомад чиқди. Кўчадаги нарх билан ҳисобланганда бу камомад 1 миллиард сўмдан ошиб кетади. Аммо, негадир бу камомад 89 миллион сўм деб баҳоланди. Омбор мудири шу арзимаган ... 89 миллион сўмни ҳам тўламади. Илик еганлар чимилдиққа кирсин деди. Ҳамма гап шундаки, Омондавлат Сафаров ҳалиги омбор мудирига нега бундай деяпсан, менга ошириб қўйган жойинг борми, демади.

Кузатувчиларнинг айтишича, судлангандан сўнг Омондавлат Сафаровнинг кўзи очилган, яъни у қонунларни, ҳукумат қарорларини, президент фармонларини, писанд қилмайдиган бўлиб қолган. Масалан, пахта ёғи, кунжара, шелуха ва хўжалик совуни сингари махсулотлар фақат товар хом-ашё биржаси орқали сотилиши қатъий белгилаб қўйилган. Аммо, Омондавлат Сафаров раисликни қўлга олгандан сўнг Жарқўрғон туманидаги бир корхонага 1,7 миллиард сўмлик маҳсулотни тўғридан-тўғри сотиб юборди. Ҳеч ким унга “ҳа?” демади. Тўғри, биржа савдосининг корхонага, демакки акционерларга катта фойдаси бор. Лекин биласизми, биржа савдосини Омондавлат Сафаров ёқтирмайди. Тижорат амалиётидан хабардор бўлганлар негалигини яхши билишади. Гап “шапка” ҳақида бормоқда.

“Сурхонозиқовқатсаноати” сингари ташкилотлар техник чигитни пахта тозалаш заводларида олдиндан 100 фоиз пул тўлаб, сотиб олиши ҳукумат қарори билан белгилаб қўйилган. Аммо Омондавлат Сафаров “Сурхонпахтасаноат” акционерлик жамиятидан 2011 йилнинг 5 ойида етказиб берилган, демак насияга сотилган чигит учун 1,7 миллиард сўм қарздор бўлиб қолди. Ваҳоланки, худди шу даврда насия савдонинг бир қисми 1,7 миллиард сўмлик хўжалик совуни билан қопланган эди. Қарз маҳсулот билан қопланса, бу молиявий фаолиятдан банк бехабар қолади. Шунинг учун ҳам бундай амалиётни қонун таъқиқлайди, аммо Омондавлат Сафаров таъқиқламайди.

Энди энг сўнгги яхши хабарни эшитинг: яқинда Денов шаҳрига Тожикистон Республикаси Президентининг ишончли вакиллари келишиб, Омондавлат Сафаровнинг ҳузурига киришган ва унга “Тожикистон Республикаси ҳукумати олдидаги буюк хизматлари учун” деган мукофотни топширишган. Омондавлат Сафаровнинг даврасидаги манбаларнинг маълумотларига қараганда, у Роғун ГЭСи қурувчиларини Сурхондарёнинг олий навли пахта ёғи билан таъминлашни ўз зиммасига олиб, “Вахш дарёсини тўғирлаётган азаматлар учун нафақат ёғимни, балки жонимни ҳам беришга тайёрман!” деб қасам ичган. Бу лойиҳанинг муваффаққиятини таъминлаш учун иқтисодий жиноятчилик оламида катта мавқега эга бўлган Очилди Қодиров Омондавлат Сафаровнинг хуфя вакили этиб тайинланди. Ўзаро ҳисоб-китоб учун бартер йўли танланганлиги ҳар икки томонга маъқул бўлди. Омондавлат Сафаровнинг заводи Тожикистонга Боботоғдаги сон-саноқсиз айланма йўллар орқали пахта ёғи, хўжалик совуни етказиб беради, тўғрироғи, бу маҳсулотлар героинга айрибош қилинади.

Наркотик савдосига тушган фойданинг бир қисмини дўппи тор келган пайтлари корхона эҳтиёжи учун ҳам ишлатиб юбориш мумкин. Чунки кредиторлик қарзлар 6 миллиард сўмдан ошди. Дебиторлик қарзлар эса 3 миллиард сўм. Агар наркотик савдоси катта йўлга солинмаса, иқтисодий ҳалокат муқаррар.

Омондавлат Сафаров димоғи чоғ бўлган пайтлари қўшиқ айтиб юборадиган одат чиқарди: “Бартер, бартер, бартержон...” қўшиқнинг бошқа сўзлари ҳали ўйлаб топилмаган аммо изланишлар давом этмоқда. Чунки Омондавлат Сафаров бу қўшиқни ҳали кўп йиллар айтишни мўлжаллаб юрибди.

Абди РАҲМОН