06 September 2011
03:07 - Навоийдаги эркин иқтисодий зонада 5 корхона очилди, ўзбек бойларининг қуллик психологиясига эътибор лозим
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг (ТИАИС) фақат рус тилида юритиладиган сайтида билдирилишича, сўнгги кунларда “Навоий” эркин саноий-иқтисодий зонасида чет элликлар билан ўртоқликда ишлайдиган 4 дона ва Ўзбекистоннинг ўзи тарафидан яратилган бир корхона очилган.

Булар:

UZKOR Lighting – “Ўзэлтехсаноат” ва Кореянинг “Shinghwa Lighting” ширкатлари ўртоқликда қурган бу корхона замонавий энерготежамли лампалар ишлаб чиқаради, 45 киши ишлайди.

CFM ProEnergies - ТИАИС ва “CFM Holding” (Сингапур) биргаликда қурган бу ширкат светодиод лампалар ва бошқа турли ёритиш жиҳозлари ишлаб чиқаради. Ҳозирча 50, келажакда 150 киши ишлайди.

Телеком Инновейшнс - Ўзбекистон Алоқа ва информатизация агентлиги Сингапур ва Хитойлик икки ширкат билан биргаликда қурган бу корхонада телекоммуникацион ва ёритгич асбоб-ускуналар ишлаб чиқарилади, ишчилар сони кўрсатилмаган.

Navoiy Hunan Pulp - “Навоиазот” ва Хитойнинг “Hunan Aloft Imp&Exp.Co.ltd” ширкатлари ўртоқликда қурган бу корхона болалар учун йилигиа 200 млн дона подгузник ишлаб чиқаради, 57 киши ишлайди.

“Hаnsаng fаrm” – “Ўзфармсаноат” тарафидан яратилган бу корхонада дори ва турли тиббий асоб-ускунлар ишлаб чиқарилади, 45 киши ишлайди.

Кўриниб турибдики, унчалик катта бўлмаган 4 дона қўшма корхонанинг ҳаммасида Ўзбекистон тарафидан давлатнинг ўзи иштирок этмоқда. Президент Ислом Каримнинг ўзбек бойлари пайдо бўлишига йўл қўймаслик сиёсати, очиқча айтиш керакки, жинояткорона сиёсати натижасида, чет элликлар билан ўртоқликда соноий маҳсулотлар чиқаришга мўлжалланган хусусий қўшма корхоналар яратилмаяпти. Давлатнинг монополиясига асосланган саноат охир-оқибат инқирозга маҳкум эканлигини эса, собиқ СССР мисолида кўрганмиз. Ўзбекистоннинг келажаги ҳам шундай бўлади. Табиий, мухолифат ҳеч нарса қилолмаса, Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармаса.

Шу билан биргаликда, бундай сиёсатга қарши исён қилмаётган потенциал ўзбек бойларининг қуллик психологиясига ҳайрон қолиш керак.