02 September 2011
19:45 - Ғарб Ливиянинг янги ҳукуматига ҳамма йўлларни очмоқда
Бугун Парижда ўтказилган “Ливия дўстлари” номли давлатлар вакилларининг конференцияси Муаммар Каддафий режимини ағдариб, ҳокимиятни ўз қўлига олган Ўтиш даври Миллий Кенгашининг (ЎМҲ) позицияларини мустаҳкамлаш билан шуғулланди. Хусусан, Каддафий режимига оид бўлиб, Ғарб банкларида сақланаётган $15 млрд янги ҳукуматга берилди.

Конференцияда 63 мамлакат, хусусан, Россия ва Хитой вакиллари ҳам иштирок этишган бўлса ҳам, Ливия масаласида ташаббус НАТО қўлида эканлиги, НАТО ичида Франция биринчи қаторда эканлиги ҳаммага маълум. Россия ва Хитой Ўтиш даври Миллий Кенгашини Ғарб билан бир қаторда тезлик билан тан олмасдан, бу минтақадаги мавқеларини заифлашишига йўл очдилар. Янги ҳукумат нефть ишлаб чиқариш соҳасида асосан Ғарб билан ҳамкорлик қилишини айтиб бўлди.

Конференция қатнашчилари, жумладан, АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон, ҳозирги босқичда Ўтиш даври Миллий Кенгаши қўлига ўтадиган маблағлар халқаро назорат остида бўлиши кераклигини айтишди. ЎМХ Ижроия қўмитасининг раҳбари Маҳмуд Жибрил (феълан Ливиянинг ўтиш даври бош вазири) бундай талабга рози эканлигини билдирди. ЎМХга кўра, ўтиш даври 20 ой давом этади, 2013 йилнинг биринчи ярмида сайловлар ўтказилади.

Собиқ диктатор Муммар Каддафий ҳали қўлга тушмади. У қаерлардадир бекиниб ётар экан, халқни янги ҳокимиятга қарши чиқишга чақириб ётибди. Аммо, ҳозир унга қулоқ соладиган ҳеч ким қолмади ҳисоб. Кўринишида, унинг ҳаёти Руминия диктатори Николае Чаушеску ёки Ироқ диктатори Саддам Ҳусейиннки каби битади.