Сомалиядаги қурғоқчилик натижасида очликда қолган одамларга ёрдам бериш кампанияси Туркияда оммавий ҳаракатга айланди. Бу – бизнинг сайтимизда “Сомалияда мусулмонлар очдан ўлар экан, Истанбулда 100 минг кишилик ифтор ўтказилди” дея назокат билан танқид қилинишининг натижасидир, деган иддаомиз йўқ. Аммо Сомалияга ёрдам кампанияси айнан бизнинг танқиддан кейин бошлангани аниқ факт.
Дарвоқе, Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон эртага Сомалияга кетмоқда, у ердаги мусулмонларга ҳамдардлик билдириш ва навбатдаги ёрдамни шахсан топшириш учун.
Турклар моддийдан ташқари, маънавий ёрдам ҳам бериш ҳаракатидалар. Масалан, Қаҳрамонмараш вилоятида Сомалияга ёмғир тилаб оммавий дуо қилинган. Ирфон вақфи тарафидан уюштирилган бу тадбирда ўн минглаб одам қатнашган.
Аммо, масаланинг бошқа тарафи ҳам бор.
Олоҳ тарафидан яратилган дунё ва Оллоҳ яратган қонуниятларни яхши ўрганган олимлар турли минтақалардаги оби-ҳавони ойлаб аввал прогноз қилишга ўрганишган. Шундай экан, мусулмонлар мантиқсиз дуо ўрнига ўша прогнозлар асосида керакли тадбирларни аввалдан амалга оширишни ўрганишса, Оллоҳ улардан ростакам рози бўларди.
Қолаверса, Олоҳ ўзи яратган қонунлар бўйича двом этаётган жараёнларни ҳар куни ўзгартириш нияти йўқлиги ҳам аллақачон маълум бўлган. Ҳозир эса, Оллоҳ бизни кузатиб туриб: “Эй, эсиз, буларга муқаддас дин бердим, ақл бердим, шуни ҳам ишлатишолмайди-я” деб ҳайрон бўлса керак.