26 July 2011
22:34 - АҚШ дефолтга яқинлашар экан, Dow Jones индексининг ўпирилиши давом этмоқда
Кеча АҚШ президенти Барак Обама Конгресснинг қуйи палатаси бўлмиш Вакиллар Уйида кўпчиликни ташкил қилувчи республикачилар билан мамлакатнинг келаси йил бюджетидаги дефицитнинг максимал даражаси ҳақида келишолмаганини телеэкранлар орқали эълон қилди ва айб республикачилар деб асослашга ҳаракат қилди. Ундан бир неча дақиқадан кейин телеэкранларда пайдо бўлган Вакиллар Уйининг спикери Боенер ҳам келишмовчиликни тасдиқлаб, ҳамма айбни президентга юклади. Унга кўра, Барак Обама давлат ҳаражатларини камайтиришга рози бўлмаяпти.

АҚШда молиявий йил августда бошлангани учун, ягар унгача янги бюджет қабул қилинмаса, ҳукумат дефолт, яъни ўз қарзларини тўлай олмас ҳолатини эълон қилиши керак. Бу ҳолда, мутахассисларнинг фикрича, ўтган асрнинг 30-йилларида “буюк депессия” деб аталган иқтисодий кризисга ўхшаган жараёнлар бошланиши мумкин.

Икки кундан бери демократлар ва республикачилар ўртасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани ҳақида гаплар кўпайиши билан АҚШда фондлар бозори фаоллигининг кўрсатгичи, қолаверса, АҚШ иқтисодининг асосий кўрсатгичларидан бири бўлган Dow Jones индекси мунтазам тушиб бормоқда. У икки кунда сал кам икки юз даражага тушган эди.

Обама ва Боэнернинг кеча кечқурунги чиқишларидан кейин, бугун эрталаб бир неча соат ичида у яна тахминан 100 га тушди.

Аввал ҳам тахмин қилганимиздек, демократлар ва республикачилар сўнгги дақиқада бўлса ҳам келишиб, дефолтнинг олдини олсалар керак. Ҳозир эса турли манфаат доираларининг катта ўйинлари кетмоқда.