21 July 2011
20:08 - Нурсултон Назарбой ҳеч нарса бўлмагандек ишга чиқди, Ислом Каримга сим қоқди
Бир неча кун аввал Германияда простат безидан амалиёт бўлгани чет элларда хабар қилинган, аммо юрт ичида умуман тилга олинмаган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой бугун тушдан кейин иш ерида пайдо бўлди.

Тўғрисини айтса, унинг Остонага қайтгани ва ишга чиққани ҳақида ҳам расмий хабар бўлмади. Унинг исми тилга олинган хабар давлатнинг расмий Казинформ агентлиги тарафидан Остона вақти билан соат 15:49 да (Тошкент вақти билан 14:49) пайдо бўлди. Хабарда айтилишича, Нурсултон Назарбой ўзбек ҳамкасби Ислом Каримга телефон қилиб, кеча зилзила оқибатида ўлганлар муносабати билан таъзия изҳор қилган, ўлганларнинг яқинларига мадад берувчи сўзларини етказишни сўраган.

Шундан кейин, ҳар бир неча минутда тарқатилан хабарларда Нурсултон Назарбой бир қатор қонунларни имзолагани билдирилди.

Аслида у Тошкентга Германиядан телефон қилиши, қонунларни ҳам ўша ерда имзолаши мумкин. Шу сабабли, Нурсултон Назарбойнинг Остонага қайтганини эмас, балки, қозоқлар хабарчилик соҳасидаги масхарабозликда ўзбекларга яқинлашиб қолишганини таъкидлаш керакдир.