Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбойнинг ҳужжатларида унинг туғилган куни 6 июль деб ёзиб қўйилганига шубҳа йўқ. Аммо, Остонанинг туғилган куни қандай қилиб белгиланган?
Остонанинг аввалги номи Целиноград эди. Ундан ҳам аввал, тўғрироғи, 1830 йилда бу шаҳарга рус казаклари асос солишганда, унинг номини Окмолинск деб қўйишган. Ҳарҳолда, бу ерда Оқмол номли яшаш жойи бўлганга ўхшайди.
1991 йили шаҳарга, бироз ўзгартирилиб, эски номи қайтарилди, у Оқмола бўлди. 1997 йил 10 декабрь куни Оқмола Қозоғистоннинг пойтахти деб эълон қилинди. Нурсултон Назарбойнинг 1998 йил 6 майдаги қарори билан Остона номини олди. Пойтахт бу шаҳарга расман 1998 йил 10 июнь куни кўчди.
Хўш, булардан қайси бири Остона шаҳрининг куни булиши керак? 6 июль дея қарор берди мамлакат раҳабарияти. Нимага дейсизми? Чунки, юқорида айтилганидек, Нурсултон Назарбой 6 июлда туғилган.
Энди фақат бир нарса қолди: Нурсултоннинг ўлимини кутиш ва шаҳарни Нурсултон деб аташ. Дарвоқе, нега кутиш керак? Буни ҳозироқ қилавериш мумкин эмасми? Мумкин. Яқинда шундай бўлса ҳам керак.
Бечора Ислом Каримга қийин. У Тошкентдаги Ленин ҳайкали пойдеворини буздирмасдан, ўз ҳайкалининг пойдевори учун ишлатишни ёки ишлатилишини орзу қилади. Аммо, бу бўлмайдиган ишлигини ҳозир ўзи ҳам тушунади.