06 July 2011
19:19 - Руслар Европани Хитой билан боғлайдиган автойўл, қозоқлар темирйўл қуришмоқда, Ўзбекистон яна четда, ўзбекнинг аҳволи чатоқ. Нима қилиш керак саволига Абдураҳим Пўлатнинг умумий шаклдаги жавоблари.
Ғарбий Хитойни Оренбург, Қозон ва Москва орқали Санкт-Петербург билан боғлайдиган автойўлни 2018 йилгача тамомлаш учун Россия 80 млрд рубль ажратиш ниятида, дейди Новости агентлиги Россия Транспорт вазирининг ўринбосари Андрей Недосековга асосланиб. Бундан ташқари хусусий шахс ва компаниялар ҳам бу лойиҳага инвестиция қилишлари кутилмоқда.

Европа – Ғарбий Хитой йўлининг Россиядан ўтадиган қисми 2 минг км бўлади. Оренбургни Хитойга боғлайдиган йўл Қозоғистондан ўтади. Қозоғистон йўлнинг ўз ҳудудидан ўтадиган қисмини асосан 2012 йилгача битирмоқчи, дейилади русларнинг хабарида.

Маълумки, дейди мухбиримиз, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой Хитойни Қозоғистон орқали Европага боғлайдиган темир йўли лойиҳаси ҳақида ҳам кўп гапирмоқда. Табиий, географик шартлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон бу лойиҳада ҳам иштирок этолмайди.

Ўзбекистоннинг денгизларга чиқиш йўли йўқлиги етмагандек, у энди жаҳон миқёсидаги магистраль авто ва темирйўллардан ҳам четда қолмоқда. Бунинг устига, мамлакатимизни газ ва нефть каби табиий бойликлар нуқтаи назаридан ҳам Россия, Қозоғистон ва Туркманистонга нисбатан қашшоқ деса бўлади. Аҳолининг сони эса кескин ортиб бормоқда.

Шулар сабабли, Ўзбекистоннинг келажаги - саноат ва инновацион технологияларни ривожлантириш билан боғлиқ. Бунинг учун катта инвестициялар лозим. Ўзбекистонда демократия ривожланмаётганлиги, тадбиркорларга йўл йўқлиги, банк системаси ибтидоий даражада эканлиги, чет эллик инвестицияларга ҳеч қандай кафолат йўқлиги ва шу каби сабаблилар туфайли, мамлакатимиз Ислом Карим раҳнамолигида “янги уйни қурмасдан, эскисидан ўтиришни” давом эттирмоқда. 21 аср информацияон технологиялар асри. Ислом Карим эса Фанлар Академиясидаги энг катта илмий муассасаси бўлган Кибернетика Институтини бекиттириб ташлади.

Муаммоларимизнинг моҳиятини ҳам тушунмайдиган шахс раҳбарлигидаги ҳозирги ҳокимият билан Ўзбекистоннинг ҳеч қандай келажаги йўқ. Мухолифатнинг вазифаси фақатгина уни йиқитиш устида ўйлаш эмас, объектив қийинчиликлар гирдобида қолган мамлакатимиз келажагини белгилайдиган лойиҳалар тайёрлаш ҳам бўлиши керак.

Бу осон иш эмас, дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. Аммо, бу масалалар устида ҳам бизнинг партиядан ташқарида ҳеч ким ўйлаётгани йўқ. Биз, энг камида, мавжуд бўлган глобал муаммоларимиз ҳақида гапирмоқдамиз, дунёдаги жараёнларни Ўзбекистоннинг роли билан боғлаб ёритишга ҳаракат қилмоқдамиз – бу жуда муҳим. Йиғи-сиғи эмас, муаммоларни тўғри ифодалаш, уларни тушунишга қаратилган муҳит яратишга интилмоқдамиз. Илм одамлари шундай дейишади: Муаммони тўғри ифодалаш, ечимнинг ярмидир.

Турли мухолифатчиликка даъво қилаётган шахс ва гуруҳлар йиғи-сиғи қилишдан бошқа нарсани билишмайди. Минг афсуски, ББС, Озодлик, Америка Овози каби радиоларнинг ўзбек хизматларида бундай глобал масалаларни тушунадиган журналистлар йўқ, қолаверса, бу хизматларнинг обрўси шунчалик пастки, ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай соҳадаги мутахассис улардан қочади. Бу радиолар – бугунги муаммолар билан бир қаторда, келажак режалари ҳақида ўйлайдиганларнинг ҳам саҳнаси бўлиш вазифасини бажаролмади.

Ҳа, аҳволимиз оғир, вазифамиз мураккаб. Аммо, аввалари ҳам кўп марта таъкидлаганим каби, биз айнан оғир ишлар қилиш учун бел боғлаганмиз. Муҳим бир ишни бажардик ҳам. Ислом Каримга (турли сотиқин 53-54-чилар, номи тилга олинган радиолар, чаласавод Ислом муллалари ёрдамида) демократик мухолифатни бутунлай йўқ қилиш имкони бермадик.

Май ойида Тошкентда партиямиз Марказий Кенгаши мажлисини ўтказолганимиз, айнан ўша ерда Ўзбекистоннинг Қирғизистонга нисбатан келажак стратегиясини белгилаб олганимиз, қирғизларнинг Тошкентдаги элчихонаси олдида анчагина рамзий бўлса ҳам, миллат тарихида қоладиган норозилик пикети уюштиролганимиз - кейинги қадамлар учун пойдевордир.