24 June 2011
07:25 - Медведев партиялар учун парламентга кириш тўсиғини камайтирмоқчи, бу яхшими, ёмонми?
Россия президенти Дмитрий Медведев 18 июнда машҳур Financial Times газетасига берган интервьюсида партияларнинг парламентга кириши учун қўйилган тўсиқни ҳозирги 7 фоиздан 5 ва ҳатто 3 фоизгача тушириш ҳақида ўйлаётганини айтган.

Ҳозирги қонунларга кўра, сайловларда 7 фоиз ёки ундан кўпроқ овоз олган партияларгина парламентга киролади. 2007 йилдаги сайловда бу тўсиқни 4 партия – “Бирлашган Россия”, “Адолатли Россия”, Либерал-демократик ва Коммунистик партия ошган ва парламентда жой олган. Демократик руҳдаги партияларнинг биронтаси, жумладан, “Яблоко” партияси 7 фоизли тўсиқдан ўтолмаган.

Хўш, тўсиқнинг камайтирилиши демократлар учун фойдалими? Йўқ, дейди Абдураҳим Пўлат. Ҳали фуқаролар жамияти етарлича ривожланмаган мамлакатларда тўсиқ камайтирилса, ҳар бир демократ ўзича мини-партия тузиб ўзини кўрсатиша ҳаракат қилади. Айтайлик, кўплаб бундай партиялар парламентга кирдилар. Нима бўлади? Сайловдек муҳим масалада бирлашишни истамаган партиячалар парламентга киргандан кейин коалиция қилишадими? Йўқ. Улар бир-бирларини савалаш билан овора бўлиб, ҳокимиятдаги партия билан курашишни ҳам унутишади.

Ҳозир Россияда тўрт лидер - Михаил Касьянов, Владимир Рижков, Борис Немцов ва Владимир Милов – якка-якка парламентга киролмаслигини билгани учун бирлашди. Акс ҳолда, ҳеч қачон бирлашмасди. Ҳозирги бирлашиш, яъни сиёсий ўлим остонасидаги бирлашиш ҳам, жуда мўрт.

Ўйлайманки, буни яхши тушунган Медведев-Путин тандеми тўсиқни камайтиришни ўйлаётгани – улар демократияни ривожлантириш тарафдори бўлиб қолганларидан эмас. Аксинча, тўсиқни камайтириб, шундай демократик йўл билан демократларнинг кучини парчалашни режалаштирмоқдалар. Фуқаролик жамияти етарлича ривожлангандан кейингина, тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш ҳам мумкин. Ўшанда, янги ғояси бўлмаган майда партиячаларга жамиятнинг ўзи йўл бермайди. Жамият ҳали ривожланмаган экан, амбицияли лидерчаларни бирлашишга зўрлашнинг йўли – юксак тўсиқ.

Бу фикрлар Ўзбекистон учун ҳам тўғридир.