16 June 2011
23:17 - 19 йил аввал “Эрк” лидерлари мухолифатнинг бирлашиш йўлини қандай тўсганлари ҳақида Абдураҳим Пўлатнинг 4 йил олдин ёзган хотиралари
Бугун сайтимиз архивидан нимадир қидираётиб, бундан 4 йил аввал, аниқроғи, 2007 йил 18 март куни ёзган хотираларимни топиб қолдим. Мен хотирлаган воқеа жуда ҳам ибратли. Айниқса, бугун. Шу сабабли ҳаммани ўша хотираларимни ўқиб чиқишга чақираман. Истаганлар уни архивимизда қуйидаги адресда ҳам кўришлари мумкин – harakat.net/el_news.php?id=949

* * *

Абдураҳим Пўлат (2007 йил 18 март): Бундан 15 йил аввал Ўзбекистон Демократик Форуми ғояси Каримовнинг буйруғи билан “Эрк” тарафидан йўқ қилинганди

Мен бундан 15 йил аввал тахминан шу кунларда бўлган воқеаларни аввалги бир хотираларимда эслагандим. Ҳозир уни сайтимиздаги “Қидирув” системасидан фойдаланиб ҳам тополмадим. Балки, “калит” сўзларни хато бергандирман. Хотираларимни, бу йил “юбилий” йили бўлгани учун, қисқа бўлса ҳам қайтадан ёзмоқчиман. Вақти келиб, аввалги эсдаликларим билан бунисини солиштириш ва хотирамнинг кучини ўлчаб кўриш имкони бўлар. Архивларимдаги қоғозлардан ўша воқеаларнинг кунларини аниқласа бўлади, аммо, ҳозир баъзи воқеаалрнинг аниқ кунларини бермасдан уларни қоғозга тушираман.

Хуллас, 1992 йилнинг шу кунларида Тошкентнинг марказида жойлашган Федорович номли каслхонада ошқозонимдаги арзимаган бир хасталик туфайли даволанардим. Бу престижли касалхонага ётиш ҳам унчалик осон эмасди. Аммо, мен фан доктори ва профессор сифатида ҳукуматнинг 2-чи поликлиникаси рўйхатида турганим сабабли, бир оғиз айтишим билан менга йўлланма беришган.

Кундуз куни бу ердаги процедураларни олиб, кечга яқин “Бирлик”нинг Ёзувчилар Уюшмасида жойлашган қароргоҳига чиқардим, сафдошлар билан нималардир қилардик. Шу касалхонанинг бошқа бир бўлимида “Эрк” партиясининг раҳбарият аъзоларидан Ўзбекистон Олий Судининг собиқ аъзоси Содиқжон Йигиталиев даволанарди. Аввалдан таниш эмасдик, шу ерда танишдик, тез-тез гаплашиб турадиган бўлдик.

Бир кун мени кўргани “Бирлик” асосчиларидан, ўша пайтларда “Озод деҳқонлар” партиясининг феълан раҳбари Олим ака Каримов келдилар. У ёқ бу ёқдан гаплашдик, кейин Олим ака ўзларига хос шаклда қуйидагиларни гапирдилар: “Мухолифатни бирлаштириш керак. Билишимча, эркчиларнинг ҳам кўзи очилиб бормоқда, Каримов уларга берган ваъдаларини бажармади. Ўзбекистон Демократик Форуми номи остида бир уюшма тузиш лозим. Агар, сен отахон (улар ҳар доим менга ярим ҳазил билан айнан шундай мурожаат қилардилар) менга ваколат берсанг, эркчилар билан, Шукурулло Мирсаидов билан ва бошқалар билан бу хусусда гаплашаман”. Мен бу таклифни тўла қўллаб қувватладим. “Бирлик” қароргоҳига борганларимда эшитдимки, бу йўналишдаги ишлар кетмоқда.

Бир кун тушдан кейин касалхона ҳовлисида ташқарига чиқиб келиш учун кийиниб олган Йигиталиевни кўриб қолдим. “Қаерга кетаяпсиз?” деган саволимга у киши “Улфатлар билан чойхонада ош қиламиз” дея жавоб берди.

Эртасига эшитдимки, Йигиталиев Демократик Форумнинг Таъсис мажлисига кетган экан, буни мендан атайлаб бекитибди. Форумда ҳаммага “Абдураҳим Пўлат касалхонада бўлгани учун келолмади” деб эълон қилинибди. Буни кўпчилик билади, кейин маълум бўлдики, Олим ака билан Форум тўғрисида гаплашган “Эрк” раиси Салой Мадаминов партиясининг расмий жойи борлиги учун Форумнинг мажлисини ўтказиш ташаббусини ўз қўлига олибди ва “Бирлик”дан ўзи истаган бир неча кишини таклиф қилиб, мажлисни кеча менсиз ва асосий бирликчиларсиз ўтказиб олибди ҳам.

Биз бирликчилар буни ўз орамизда маслаҳатлашиб, муаммо чиқармасликка келишдик, амалий ишларда барибир ташаббус биз томонга ўтиб кетишини билардик. Аммо, воқеалар бошқачароқ йўналишда кетабошлади. Ўша кунги жараёнларни тўғри тушуниш учун бир нарсани жуда аниқ билаш керак. Бу шундан иборат. “Бирлик”нинг бўлиниши вақтида бўлғуси эркчилар Каримов томонидан қўллаб қувватланганини ҳамма билса ҳам, ҳали Каримов режими қўлини қонга буламагни учун бўлса керак, “Бирлик” ва “Эрк” аъзолари ўртасида бугундаги каби антоганизм йўқ эди. Яъни, қўполроқ қилиб айтса, борди-келди мавжуд эди орамизда. Иккала тараф ҳам бошқасининг ичида бўлаётган воқеалардан хабардор эди. Ҳеч қандай ички сирлар йўқ эди. Расмий матбуотда бўлмаса ҳам, мухолифатчиларнинг ичида ҳақиқий ошкоралик бор эди.

Шу сабабли, тезда маълум бўлдики, президент Каримов Салой Мадаминовни чақириб, Форумни йўқ қилишни талаб қилган, ҳеч бўлмаганда, унга Мирсаидов, ака-ука Пўлатовлар, Толиб Ёқубов, Миролим Одилов ва Муҳаммадамин Нарзиқулов каби “Бирлик”нинг лидерлари киритилмаслиги ҳақида шарт қўйган. Бу суҳбатнинг гувоҳи (бу икки кишидан ташқари, табиий) фақат Олоҳдир. Аммо, ишлар қандай кетишга бошлаганидан, Каримов-Мадаминов нимага келишганларини тахмин қилиш учун фолчи бўлишга ҳожат йўқ. Мана фактлар.

Бир неча кундан кейин “Эрк” газетасида “Ўғри қаригач, мулла бўлади” номли мақола эълон қилиниб, у ерда Мирсаидовнинг “дабдаласи” чиқарилган эди. Яъни, бутун умр Совет иллатлари билан яшаган “ўғри” Мирсаидов бугун “муллаликка”, яъни демократликка даъво қилаётгани “фош қилинганди”. Демак, Мирсаидов хусусидаги Каримовнинг талаби қандай бўлгани ва Мадаминов уни қандай бажарганини фақат аҳмоқ одамгина тушунмаслиги мумкин. Ҳар турли ҳозир кўпайиб кетган лўттибозлар учун такрорламоқчиман, бу воқеа фактдир. “Эрк” газетаси ўша сонининг ҳамма нусхаси йўқ бўлиб кетмаган бўлса керак.

Хуллас, Каримов Мадаминовнинг қўли билан Мирсаидовни ўша босқичда мухолифатдан узоқлаштиришга эришди.

Воқеалар давом этарди. 10 майда Демократик Форумнинг 2-чи мажлиси яна “Эрк” биносида бўладиган бўлди. Мен каслхонадан ҳам чиққанман. Демак, биз, яъни “Бирлик” раҳбарияти, ўзимиз истаган одамларни олиб Форумга келишимиз аниқ эди. Ойнинг бошларида “Эрк”дан сигнал келди: Юқорида номи санаб ўтилган “Бирлик” фаоллари мажлисга келмасинлар, келсалар ҳам киритилмайдилар, чунки, агар улар келса, ҳукумат Форумни ёпади.

Баҳонанинг чиройлилигига қаранг. Гуёки уларни Форумнинг тақдири қизиқтирмоқда. Икки ташкилотдан иборат бўлган Форумга (яна бир неча майда ташкилотларни гапириб ўтириш ҳам ножиддий бўларди) энг кучли ва энг катта ташкилот раҳбарлари келмаса, у нима бўлади ўзи деган саволни ўртага қўйишга ҳам ақли етмасди эркчиларнинг.

Мен ўзимни хафа бўлган келиндек тутмадим (ичимизда ўзини шундай тутадиганлар етарлича бўлгани учун, Салойнинг ўзи ҳам шулардан бири, бу сўзни ишлатмоқдаман). Масалани сиёсий йўллар билан ечишга уриндик. Менинг талабим билан, янглишмасам, 8 ёки 9 май куни, “Эрк”нинг қароргоҳида Форумга кирадиган ташкилотлар раҳбарларининг учрашувини ўтказадиган бўлдик. У ерга мен, Гулчеҳра Нуриллаева, Шуҳрат Исматуллаев, Жаҳонгир Муҳаммад, Файзулла Исоқовлар келдик. “Эрк”дан янглишмасам фақат Аҳмад Аъзам ва Дилором Исоқова келишибди. Икки тарафдан ҳам яна бир неча киши ҳам бўлгандир, аммо ҳозир бунинг аҳамияти йўқ. Салой Мадаминов эса, Тошкент вилоятидаги партия бошланғич ташкилоталридан бирига жуда муҳим иш билан кетишга мажбур бўлиб қолган эмиш. Мухолифатни бирлаштиришдан муҳим бир иш борлигига ёш бола ҳам ишонмайди албатта, аммо, бу ҳам ҳақиқат эди.

Бутун гапларимизга қарамасадан, Аҳмад Аъзам тўтиқушдек шуларни такрорлаган: “Бирликчилардан бир гуруҳни Форумга киритмаслик партиямизнинг қарори, мен ҳеч нарса қилолмайман”.

Хуллас, Форум ўша куни мозорга кўмилди. Салой Мадаминов яна бир марта хоинлик қилиб, Олим Каримов тамонидан ўртага отилган ва ҳамма тарафидан қўллаб қувватланган Демократик Форумни Каримовнинг топшириғи билан ботирди, “Эрк” ҳеч ким билан бирлашмаслигини яна бир марта кўрсатди.