09 June 2011
23:38 - Эртага “Бирлик” ва “Эзгулик”нинг қирғиз фашизмини тўхтатиш талаби бўйича баёнотлари Қирғизистон элчихонасига пикет қилиб топширилади
Аввалги хабарларимиздан маълумки, “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг 7 май куни ўтказилган мажлисида партиянинг “Эй, қирғиз қардошлар, эс-ҳушингизни йиғиб олинг, ўзбекларни таъқиб қилишни тўхтатинг!” номли баёноти қабул қилинган ва бу баёнотни Қирғизистон элчихонасига “Бирлик”нинг 22 йилиги нишонладиган 28 май куни Амир Темир ҳайкали пойига гул қўйилгандан кейин топшириш хусусида келишилганди.

Аммо, ўз вақтида Тошкент ҳокимлигига бу тадбирларни ўтказиш хусусида ариза берилган бўлса ҳам, ҳокимлик ҳалигача жавоб бермади. 28 май куни хавфсизлик хизматининг ходимлари Амир Темир ҳайкали пойдеворига гул қўймоқчи ва Қирғизистон элчихонасига юриш қилмоқчи бўлган бирликчилар гуруҳига бирон нарса қилишга йўл беришмади. Ҳамма нарсани қонунлар доирасида қилиш, ҳукумат органлари билан қарама-қаршиликка бормаслик хусусида аввалдан келишилгани сабабли, “Бирлик” фаоллари бу тадбирларни ўтказишни орқага қолдиришга мажбур бўлдилар.

20 май куни “Эзгулик” жамияти Тошкент шаҳар ҳокимлигига ариза бериб, Қирғизистон жанубида ўзбекларнинг қирғин қилинишининг 1 йиллиги муносабати билан 10 июнь куни Қирғизистон элчихонаси олдида пикет қилиш ва элчихонага “Бирлик” ва “Эзгулик”нинг баёнотларини топшириш маросими ўтказишга рухсат сўради. Аммо, ҳалигача, ҳокимият “Эзгулик”нинг аризасига ҳам ҳеч қандай жавоб бермади.

“Эзгулик” жамияти шу кунларда оммавий ахборот воситалари, Тошкентдаги элчихоналар, халқаро ташкилотларнинг офисларига қуйидаги мактубни тарқатди.

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 2010 йилнинг июнида Қирғизистонда содир этилган ўзбекларга қарши геноциднинг бир йиллиги арафасида ўзбекларга нисбатан қирғинни тўхтатиш талаби билан шу йилнинг 10 июнь куни соат 10.00 да Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказишни режалаштирган. Сизни жамиятимиз томонидан ўтказилган норозилик акциясига таклиф этамиз.”

Бундан кейинги воқеалар қуйидагича давом этишга бошлади. Кеча соат кечқурун 7:30 ларда “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятнинг уйига келган миршаблар уни Тошкент шаҳар ИИБсининг Жамоатчилик тартибини сақлаш бошқармасининг бошлиғи олдига олиб кетишди. Исмини айтишни истамаган бу бошлиқ Қирғизистон Юқори Кенгаши раиси Ўзбекистонда эканлиги, шу ойнинг охирида Тошкентга Алмаз Атамбаевнинг келиш эҳтимоли борлиги, ўзбек демократларининг бу тадбири Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан яна катта қирғинга йўл очиши мумкинлиги, яъни қирғизлар бу тадбирдан провокация сифатида фойдаланиши мумкинлиги ва ниҳоят ўз маълумотига кўра, Қирғизистон элчихонаси олдига кўпалаб мухолифатчилар келишга тайёрланаётганинии айтди ва ҳукумат органлари бундай тадбирнинг ўтказилишига йўл бермаслигини билдирди. Яқинда эълон қилинган халқ ҳаракатининг баъзи бир аъзолари бу тадбирда провокациялар ва ҳатто портлашлар уюштиришлари мумкинлиги билан қўрқитишга ҳаракат қилди. У вилоятлардан келадиганларга жойларда милиция тарафидан йўл берилмаслигини алоҳида урғулади.

Васила Иноятнинг жавоби шундай бўлди: “Мана мен ўтирибман, мени ўзингиз ўйлаб топган айбингиз билан қамаб қўйишингиз мумкин, лекин “Бирлик” ва “Эзгулик” фаолларига тегманг, тарихда ўзбек миллатининг олдида шарманда бўласиз. Биз бу тадбирни тўхтатмаймиз. Қолаверса, Тошкент ҳокимлиги ҳалигача бизга бу тадбирни тақиқламади. Демак, уни ўтказишга ҳаққимиз бор.”

Унга кечаси соат 11 дан кейин ИИБдан кетишга рухсат беришди.

Васила Иноят бугун ҳам, кеча ва аввалги кунлари бўлгани каби, Тошкент ҳокимлиги қабулхонасида бўлиб, ўз аризаларига жавоб берилишини талаб қилди. 5 соатча шу ерда ўтиришига қарамасадан, унга жавоб берилмади. Аввалига “ҳозир ҳокимнинг ўзи қарор беради” деб вақт ўтказишди, сўнгра ҳоким иш вақти тугагани сабабли уйига кетганини билдиришди. Хуллас, ҳокимлик ҳокимлик эмас, масхарабозлик органи эканлигини кўрсатишди.

“Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат бир қатор Тошкентлик ва вилоятлардаги партия фаоллари билан телефонда гаплашди. Ҳамманинг фикри – бу қонунлар доирасида ўтказиладиган тадбирни охиригача етказиш лозимлиги йўналишида бўлди. “Бирлик”, “Эзгулик” фаоллари, таклиф қилинган оммавий ахборот воситалари, элчиликлар, халқаро ташкилотларнинг вакиллари ва бу тадбирни томоша қилишни истаганлар эртага, яъни 10 июнь куни эрталаб соат 10 да Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси (Саматова кўчаси 30-уй) олдида тўпланадилар. Тўпланганлар тарафидан ҳеч қандай зўравонлик ҳаракатлари қилинмаслиги, ҳокимият вакилларининг қонунлар доирасидаги ҳамма талаблари бажарилиши хусусида ҳам келишилди.