08 June 2011
17:44 - Миср диктаторининг чет эллардаги ҳайкалларини бузиш бошланди, Ислом Карим нега ўзига ҳайкал қурдирмайди?
Боку яқиндаги Хирдалан шаҳрида Ҳусни Муборакнинг ҳайкали бугун кечаси ҳукуматнинг ўзи тарафидан яширинча бузиб ташланди. Ҳусни Муборакни тахтидан ағдарган Миср инқилобидан кейин бу ҳайкал полиция тарафидан қўриқланиб келаётган эди, дейилади хабарларда.

Маълум бўлишича, Хирдалан ва Мисрдаги Калюбей бир вақтлар қардош шаҳарлар деб эълон қилинган экан. Тахмин қилиш қийин эмаски, Калюбейда Озорбайжон диктатори Ҳайдар Алиевнинг ҳайкали бор. Вақти келиб у ҳам бузиб ташланиши ўз-ўзидан маълум. Чунки, бу иккала диктатор ҳам ҳайкал ўрнатишга лойиқ иш қилишмаган, иккаласидан ҳам миллат нафрат қилади.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон президенти Ислом Карим нега ўзига ҳайкал қурдирмаслигини тушунтирувчи қуйидаги латифани яна бир бор эслатишдан фойда бор.

Икки ўзбек гаплашмоқда.

Биринчиси: Бошқа президентлардан фарқли ўлароқ, нега Ислом ака ўзларига ҳайкал қурдирмайдилар?

Иккинчиси: “Бир маҳаллар “Бирлик” уюштирган митингларидан бери у киши кўп одам бир жойга йиғилишидан жуда қўрқади.

Б: Ҳайкал очилишида кўп одам йиғилади, деб қўрқадиларми?

И: Йўқ, ҳайкал йиқитилаётганда.